Линклар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 11-12 октябр кунлари расмий сафар билан Озарбайжонга борди.

Музокаралар чоғида икки томонлама муносабатларни қамраб олувчи масалалар, жумладан, сиёсий мулоқотни ошириш, минтақавий хавфсизликни таъминлашда биргаликда ҳаракат қилиш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ва транспорт коммуникацияларини ривожлантиришга оид масалаларнинг муҳокама қилиниши айтилмоқда.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралар 12 октябр куни ўтказилади.

Пайшанба куни ташриф доирасида Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес форумида чиқиш қилган Озарбайжон Иқтисодий ривожланиш вазири Шоҳин Мустафоев икки давлат ўртасида савдо айланмасини ошириш эҳтиёжи борлигини баён қилди.

Икки томонлама савдо 2011 йилда ошган бўлса-да, уни янада ошириш учун имкониятлар кўп, деди вазир.

Президент Каримовнинг Бокуга ташрифи муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” агентлиги эълон қилган хабарда Бокунинг Ўзбекистон учун Европа бозорларига чиқиш учун муҳим нуқта бўлиши мумкинлиги айтилади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдан Каспий денгизи орқали Каваказ ва у ердан Қора ва Ўрта ер денгизи портлари орқали транспорт йўлакларини ривожлантириш тарафдоридир, дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик алоқалар 1995 йилда ўрнатилган.

Ўзбекистон Озарбайжон учун оғриқли масала бўлган Тоғли Қорабоғ можаросини, Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги таъминланган ҳолда, сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини айтиб келади.

Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган.

Каримов ташрифи якуни бўйича икки давлат раҳбари қўшма баёнотининг қабул қилиниши ҳамда ўзбек-озарий муносабатларини турли йўналишлар бўйича ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG