Линклар

Ўзбекистон президентининг 12 октябр куни озарий ҳамкасби Илҳом Алиев билан Зугулба саройида ўтадиган музокаралари кун тартибига оид хабарлар анча сийрак.

Озарий хабар агентликларига кўра¸ иккала президент ўзаро муносабатларни қамраб олувчи қатор масалалар, жумладан, сиёсий мулоқотни ошириш, минтақавий хавфсизликни таъминлашда биргаликда ҳаракат қилиш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ва транспорт коммуникацияларини ривожлантиришга оид масалаларни муҳокама қилади.

Каримов ва Алиев сўзлашувининг¸ бу каби қуруқ ва зерикарли расмий хабарларда ëзилмайдиган нозик жиҳатлари¸ сиëсатшунослар наздида¸ анчайин қизиқ.

Расмий матбуот¸ ҳеч қачон эътибор қаратмайдиган жиҳатлардан бири¸ масалан¸ бу сўзлашув ўтаëтган вақтда иккала давлат раҳбари тушиб қолган ташқи муносабатлар вазиятидир.

Хусусан¸ кейинги ойларда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашгандан совуқлашмоқда.

2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг АҚШ ва ЕИ га нисбатан тўнини тескари кийган Каримов¸ Америка ҳарбийларини мамлакат ҳудудидан қандай осонлик билан ҳайдаб солган бўлса¸ 2012 йил ëзига келиб Ўзбекистондаги Россия ширкатларини худди шундай мамлакатдан чиқариб юбормоқда¸ Кремл етагидаги клубларни беписандларча тарк этмоқда.

2005 йил кузида Каримов аксил-Америка руҳидаги ҳаракатлари учун Пекин ва Москвадан таянч топган бўлса¸ 2012 йилга келиб¸ ташқи сиëсат вектори яна Ғарбга томон белгиланди ва бугунга келиб Каримов ўз аксил-Россия ҳаракатлари учун қўллов ва таянч қидирмоқда.

Бундан аввал икки маротаба президентликка сайланганидан сўнг ўз хорижий сафарини стратегик иттифоқчи кўрилган Тошкентдан бошлаган Владимир Путиннинг жорий муддати Тошкентни айланиб ўтиш билан характерланмоқда.

20 сентябр куни Бишкекда ўтказган музокаралари натижасида Россия ва Қирғизистон президенти олтита шартнома имзолади. Улар орасида Тошкент ҳукумати тиш-тирноғи билан қарши чиқаëтган Қамбарота-1 ГЭСи ҳамда Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш ва ҳамкорликда фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар ҳам бор. Бундай келишув билан Кремл¸ Тошкентга қўлингдан нима ҳам келарди¸ дегандек қилди.

Тожик президенти Имомали Раҳмон туғилган кунда Душанбега келган Путин¸ бу ерда ҳам Тошкент ҳовлисига яна тош отди. Гарчи Роғун қурилиши борасида Тошкентга қарши аниқ-тиниқ баëнот бермаган бўлса ҳам¸ Путин исталган пайт Тожикистондаги Ўзбекистон манфаатларини ўз режасига кўра бошқариш қўлидан келишидан писанда қилди.

Минтақадаги асосий дарëлар қуйисида жойлашган Ўзбекистоннинг энг нозик жойи бўлмиш сув муаммосида Тошкент мухолифлари ëнини олиш орқали Путин¸ Каримовни жиддий хавотирга солган кўринади.

Путиннинг Бишкек ва Душанбе сафарлари олди-кетида кўп ҳам сссрдошлариникига меҳмонга юрмайдиган Ислом Каримов Остона¸ Ашхобод ва 11 октябр куни Бакуга сафар қилди.

Кузатувчиларга кўра бу сафарлардан мақсад¸ Россиянинг постсовет ҳудудидаги агрессив сиëсатини жиловлашга қодир кучли коалиция тузишдир.

Каримовнинг Тоғли Қорабоғ можаросида Россия ва Арманистон каби КХШТ аъзоси бўлган давлатлар эмас¸ Озарбайжон позициясини очиқ қўллагани Бакуда алоҳида қадрланади ва Каримовга Кремл босимини қайтариш учун таянч лозим бўлса¸ Баку бундай таянч беришга тайëр.

Каримовнинг Баку сафарини шарҳлаган Озарбайжон парламенти қошидаги Ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси¸ таниқли сиëсатшунос Расим Мусабеков Озодлик билан суҳбатда шундай баëнот берди:

- Бундай таянч бугун фақат Каримовга эмас¸ бизга ҳам керак. Зотан Россиянинг постсовет ҳудудида кучайиб бораëтган босимини ўз танасида ҳис қилаëтган фақат Тошкент эмас¸ бу сафда Баку ҳам бор. Шу боис¸ Россиянинг бу ҳудуддаги агрессив ҳатти-ҳаракатларини жиловлаш учун Ўзбекистон ва Озарбайжон позицияси консолидацияси ўта муҳим¸ дейди озарий парламенти депутати ва сиëсатшунос Мусабеков.

Тошкент ва Баку биргаликда Москва босқичма-босқич кучайтираëтган босимни тўхтатиш учун нималар қилиши мумкин¸ деган саволга мулоҳаза юритган Расим Мусабеков иккала давлат ихтиëрида бу мақсадда қўллаш мумкин бўлган қатор сиëсий ва иқтисодий воситалар борлигини айтади.

- Бу фақатгина Россия манфаатига хизмат қилмайдиган энергетик лойиҳалардаги ҳамкорликкина эмас. Москвага босим ўтказиш учун МДҲ доирасида сиëсий майдон бор. Олайлик¸ Москва постсовет ҳудудига тиқиштираëтган турли интеграцион лойиҳалар.

Озарбайжон ҳам¸ Ўзбекистон ҳам ҳозирча бу лойиҳаларга алоҳида-алоҳида қаршилик кўрсатиб келди. Эндиликда икки давлатнинг ўз позициясини мувофиқлаштириб¸ биргаликда Россия режаларини рад этиши¸ Путин учун жиддий босим воситаси бўлиши мумкин¸ дейди Озарбайжон парламенти қошидаги Ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси Расим Мусабеков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG