Линклар

Путиннинг турналари Каримовнинг Ўзбекистонига бормади


Путин турналарни оқ кийимда жўнатиб қўйган эди.

Путин турналарни оқ кийимда жўнатиб қўйган эди.

Владимир Путин ўтган ой бошида, Русский оролига АТЭС саммитига кетаётиб, йўл-йўлакай жанубга кузатиб қўйган турналар ортга қайтди. Қизил китобга киритилган олтита оқ турнани Россия президенти Ўзбекистондаги қушлар қишлайдиган минтақага жўнатворган экан.

Хабарларга кўра, Қозоғистон чегарасига етиб бориб “дальше не политим”, деб қанотини тираб олган турналарнинг бештаси самолётда Рязан вилоятидаги қўриқхонага қайтарилган.

Путиннинг турналари ортга қайтгани муносабати билан Россия мухолифати фаоллари “турналар Путинсиз жанубга кетишни истамади”, “турналар Путин кўрсатган йўлдан учмади” қабилидаги ҳазиллар билан Интенетни тўлдириб юборишди.

Шу рус мухолифатчиларига ҳам хайронсан киши, Путинни мазаҳ қилиш бўлса, ётволишади.

Ҳа, тўғри географик жиҳатдан жаҳоннинг энг катта мамлакати, саноқли ядровий давлатлардан бири Россия президенти бўлса нима бўпти? Ким айтди, президент табиатни самимий сева олмайди, деб? Ахир турналарни кузатиб юбориш учун оқ мотоделтаплан ва (турналар Путинни йўлбошчимиз, деб ўйласин учун) оппоқ кийимни ўз оиласи бюджетидан иқтисод қилган бир миллион рублга сотиб олгани айтилдику. Нима эмиш, “Путиннинг ёлғонига ҳатто турналар ҳам ишонмади”, эмиш.

Рус мухолифати ўзи билан ўзи овора бўлиб, турналарнинг қайтишига бошқа сиёсий-метеорологик шароитлар, қолаверса, турналарнинг якуний манзили Ўзбекистонда қизил китоб персонажларига нисбатан муносабатдан ҳам хабари йўқ шекилли рус интеллигенциясининг.

Путиннинг олти турнаси ёввойи шароитда яшаб кўрмаган бўлса-да, ёввойи инстикти бор ва Москва билан Тошкент ўртасидаги муносабатлар ҳарорати совиб бораётган бир пайтда, ўзи миллионлаб ўзбек Россияда қишин-ёзин ишлаётган бўлса, Ислом Каримовнинг Ўзбекистонида нима қилдик, Владимир Путинимизнинг Россиясида қоламиз, дейиши табиий.

Ахир Ўзбекистонда 8 йил "жить қилган" Россиялик зотдор парранданинг тақдири не кечганига гувоҳ бўлиб турибмизку. Сертухум бу парранданинг тухумларини ноқонуний тарзда ювганликда айбланиб, тухумига қўшилиб, гардани синдирилишига, узунқулоқ гапларга қараганда, ўзбек сиёсий эстеблишментининг бевосита алоқаси бор.

Устига-устак, Путин бир миллионлик делтапланида турналарни 6 сентябр куни кузатиб юборгандан бери ҳали Бишкекда, ҳали Душанбеда Каримовнинг жиғига тегувчи баёнотларни қилиши оқибатида совуб кетган муносабатлар ҳарорати Ўзбекистонни турналар қилшаши учун яроқсиз қилиб қўймадими, ахир?

Эрта-индин Путиннинг матбуот котиби Дмитирий Песков “ўзи турналарга қайтинглар деб талефонограмма юборган эдик”, деб қолса, ажабмас.

Дарвоқе, олти оқ турнадан бештасигина Қозоғистон чегарасидан қайтарилди, биттаси кулранг қариндошларига қўшилиб, Қозоғистонга ўтган (Путиннинг ишончини оқлаш учун кўрсатилган жасоратни қаранг!), лекин айтишларича, итлар ҳужумига учраб оғир жароҳатланган.

Ҳозирда жароҳатланган парранда Россияга жўнатилгани ва у ердан Путин турналарининг барчаси учоқда Ўзбекистонга юборилиши айтилмоқда (қизил китобга киритлган қушларни қутқаришдаги жонбозликни қаранг!).

Лекин Путинга маслаҳат бермаган бўлардим, турналарни мажбурлаб, самолётда Ўзбекистонга олиб боришни. Чунки Ўзбекистоннинг ўзида Қизил китобга киритлган ҳайвонлари кўп, қараб ўтиришмайди.

Уч-тўрт йил аввал Болгария президенти Георгий Парванов Ўзбекистонга сафари доирасида Жиззахнинг Форишида ов қилиб, Қизил китобнинг яна бир персонажи - ноёб тоғ эчкисини ўлдиргани можаросидан хабари йўқ шекилли Путиннинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG