Линклар

Наманганда одам савдогарига ҳукм ўқилди. Самарқанддаги ёқилғи қуйиш шаҳобчасидан 14 минг тонна ҳужжатсиз дизел топилди. Фарғонада 88 ёшли “фронтовик” Жўра бобонинг урушда қатнашгани шубҳа остида қолди. Жорий ҳафта матбуот нашрлари шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Фирибгар даллол ғойиб бўлди

Уй-жой олди-сотдисида одамларни чув туширган Тошкентдаги “Долорис бизнес” фирмаси раҳбари Гулбаҳор Аввалбоева қочиб кетди (“Адолат кўзгуси” 11 октябр). Аввалбоева ўзига тегишли бўлмаган уйларни кўрсатиб, фуқаролар Т.Ғаниевдан – 10 минг доллар, О.Ғиёсовдан – 15 минг доллар олган ва пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Мирзо Улуғбек тумани прокурори Абдуқаҳҳор Тўхтабоевга кўра, Аввалбоевага жиноятда ёрдам берган Лазокат Яшнаровага 3 йил шартли жазо тайинланган, зарарнинг муайян қисмини қоплаш юклатилган.

Ноқонуний дизел қаерда пайдо бўлди?

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги “Граниксгазсервис” масъулияти чекланган жамиятига тегишли автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасидан 14 минг 430 литр ҳужжатсиз дизел топилган. “Куч – адолатда” газетаси маълум қилишича, бош оператор С.Жўрақулов ва бош ҳисобчи Ш.Шерматов, шунингдек, 76 миллион сўмлик – 54420 тонна бензинни ноқонуний сотиб олишда айбланган. Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди раиси Одил Маннатовга кўра, Жиноят кодексининг 189 ва 190-моддаларида айбланган бош оператор ва бош ҳисобчига энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жарима солинган.

Суд қарорини бажармаган четга чиқмайди

Тошкент шаҳар Олмазор туманида суд ижрочилари томонидан 500 дан ортиқ қарздорнинг мамлакатдан четга чиқиши вақтинча чекланди (“Инсон ва қонун”, 9 октябр). Туман суд ижрочилари департаменти вакили Нодир Худойназаровга кўра, суд қарорларини бажаришдан бўйин товлаган 14 фуқаро четга чиқаётган пайтда ушлаб қолинган.

“Ички ишлар органларининг хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ҳамда Давлат чегараларини қўриқлаш органлари суд ёки суд ижрочиси томонидан қарздорнинг чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш олиб ташланмагунга қадар, қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига йўл қўймасликка мажбурдирлар”, деб ёзади суд департаменти расмийси.

Тошкент мактабига бориш учун вақтинча прописка кифоями?

Тошкентдаги мактабларда вақтинчалик пропискага эга ота-оналарнинг фарзандларини қабул қилмаслик ҳолати кузатилмоқда (“Даракчи” 11 октябр). “Фарзандларим Тошкент шаҳрида яшайди. Пойтахтда доимий рўйхатдан ўтмаган, лекин вақтинчалик рухсатномаси бор. Набираларимни шаҳардаги умумий ўрта таълим мактабига ўқишга бермоқчи бўлишганида, мактаб маъмурияти уларни рад этибди” дейди самарқандлик фуқаро. Халқ таълими вазирлиги расмийси эса газета орқали “Мактабгача тарбия муассасалари ва мактабларга қабул қилиш учун вақтинчалик рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги ҳужжат етарли” дея жавоб беради.

“Фарзандимни бир йилдан буён боғчага жойлаштира олмаяпман. Шаҳардаги иккита МТМдан рад жавобини олдим. Фарзандим болаликдан ногирон бўлгани сабаб, боғчага ҳужжат тайёрлашдан аввал тиббий комиссиядан ўтганимизда, махсус логопед боғчага тавсия қилишган. Лекин бу ерда фарзандингизни оддий боғчага берсангиз бўлади, деб ҳужжатларимни қабул қилишмади” дейди тошкентлик З.Боймуротова.

“Фарзандларимизни мактабгача тарбия муассасасига топширмоқчи бўлсак, аввалдан боғча таъмири, хонага гуллар, канцелярия ашёлари ва бошқа бир қатор нарсаларга пул талаб қилишади” дейди Андижон вилояти Харабек қишлоғидан “Даракчи” газетасига мурожаат этган фуқаро.

Жўра бобо сохта “фронтовик”ликда айбланди

Фарғона вилояти Бағдод туманилик 88 ёшли уруш қатнашчиси Жўра Болтабоев ёлғончиликда айбланди (“Ҳуррият” 10 октябр). Шу тумандаги “Соҳибтранс” фирмаси раҳбари ўринбосари Мақсуд Холматов ички ишлар идорасига шикоят ёзиб, Жўра Болтабоевнинг Иккинчи жаҳон урушида қатнашгани ёлғон экани, медаллар ҳам сохта эканини иддао қилган. Текширувларда мўйсафиднинг урушда қатнашгани ҳужжатлар орқали исботланган. Пировардида, Холматов туҳмат учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига асосан 314 минг сўм жаримага тортилди. Уруш фахрийси ҳақида танқидий мақола чиқарган “Карвон қўнғироғи” газетаси ҳам раддия чоп этган.

Одам савдогари 3 йилга қамалди

Наманганлик Закриё Тўрахўжаев одам савдоси жинояти содир этгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Диёнат” 11 октябр). Республика бош прокуратураси бошқарма прокурори Н.Райимовга кўра, Тўрахўжаев тўрт танишини ғишт заводида “маоши зўр” иш бор дея алдаб, Қозоғистоннинг Жамбул вилоятига олиб борган ва Олег исмли шахсга сотиб юборган. Паспорти олиб қўйилган ўзбекистонликлар Жамбулдан қочиб, икки ҳафта деганда Наманганга етиб келишган.

Хазон ёқиш кўпаймоқда

Куз фаслида ҳар йилгидек кўчаларда хазон ёқиш ҳолатлари кўпаймоқда, бу эса аҳоли саломатлигига жиддий хавф солмоқда (“Оила даврасида” 11 октябр). “Бир тонна хазон ёқилганда атмосфера ҳавосига 30 килограммгача углерод оксиди тарқалади. Ушбу заҳарли модда инсон ҳаётига хавф солувчи кўплаб касалликларнинг онасидир” дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати вакили Анастасия Маршалкина.

“Айни пайтда бу ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликларни келтириб чиқаради. Энг ачинарлиси, хазон ёқилиши жараёнида ажраладиган заҳарли моддалар наслга ҳам ўз таъсирини ўтказади, нохуш мутациялар юз бериши мумкин. Бундан айниқса, болалар, юрак қон-томир, нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор кишилар кўп азият чекади” дейди Тошкент Tиббиёт академияси доценти Дилфуза Акбарова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG