Линклар

logo-print

Россия Давлат Думаси мамлакат қонунчилигига ноқонуний муҳожирлар оқимини жиловлашга қаратилган янги ўзгартишлар киритиш масаласини муҳокама қилади.


Россия Давлат Думаси депутатлари яқин келажакда Россияга кириб келаётган хориж фуқаролари оқимини чеклаш ниятида.

Пайшанба куни қонун лойиҳасини парламентнинг қуйи палатаси муҳокамасига тақдим этган Дума қошидаги Хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ирина Яровая ва қўмита раиси муовини Александр Хинштейн ўзгартишлар “миграция қонунчилигини такомиллаштириш ва унга нисбатан масъулиятни ошириш” учун хизмат қилади¸ демоқда.

10 банддан иборат бу таклифларнинг судлов қарзларини узмаган, қотиллик ва бошқа оғир жиноят содир этган, қалбаки ҳужжатлар билан қўлга тушган ва миграция қонунчилигини бир неча маротаба атайлаб бузган мигрантларга қарши қаратилгани айтилмоқда.

Шунингдек, депутат Александр Хинштейн Озодлик билан суҳбатда Россияда ноқонуний равишда яшаб келаётган меҳнат муҳожирларининг қайдга туриш масаласига оид янги ўзгартишлар жорий қилиниши мумкинлигини билдирди:

- Бизнинг қонун лойиҳамиз “резинали” квартиралар, деб ном олган энг муҳим масалалардан бири ечимини топишга қаратилган. Биз таклиф қилаётган ўзгаришларга кўра, миграция қонунчилигини бузганлиги учун бир неча маротаба жаримага тортилган қурилиш ташкилоти ўз-ўзини бошқарувчи ташкилотлар (СРО) қаторидан чиқариб ташланади ва бу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади, дейди Александр Хинштейн.

Россиядан йилига 10 мингга яқин ноқонуний мигрант депортация қилинаётганига қарамасдан, Дума депутати таъкидича¸ уларнинг аксари кисқа муддат ичида ортга қайтиб келмоқда. “Бунинг учун эса Россия қонунчилигида ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмаган”, дейди Хинштейн.

Хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ирина Яровая ушбу қонун лойиҳаси Россия президенти Владимир Путиннинг жорий йил январ ойида миграция масаласига оид чоп этган мақоласи асосида ишлаб чиқилганини қўшимча қилди.

Жумладан, Путининнг бу мақоласида миграция қонунчилигини бузганлар учун жиноий жавобгарлик жорий қилиш таклифи ўртага қўйилган эди. Хусусан¸ Владимир Путин турли сабабларга кўра чиқариб юборилган шахсларга Россия эшикларини 10 йиллик муддатга бекитиб қўйишни таклиф қилган эди.

Кузатувчилар қонунга ўзгартиш киритиш билан бу ўзгартишларни амалда ижро этиш масаласи айри-айри жараëн эканини таъкидлашмоқда. Россия Федерал миграция хизматининг Жамоатчилик кенгаши аъзоси Баҳром Исмоилов МДҲ давлатларидан Россияга кириб келаётган мигрантларга нисбатан ишчи виза чекловларини жорий қилиш зарур, деган фикрни билдирди.

- Жойларда бу қонунларни ижро этиш тартибга келтирилмагунча, ўйлайманки вазият яхши томонга ўзгармайди. Мен бу ўзгартишлар чала натижа беради, деб ўйлайман, деди Баҳром Исмоилов.

Россия матбуотида кўп янграган бундай таклифларга қарамай¸ Александр Хинштейн¸ Дума муҳокамасига қўйилган ўзгартишларда виза режими жорий қилиш масаласи кўтарилмаганини айтди.

Давлат Думаси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ миграция қонунчилигига киритилаётган ўзгартишлар юзасидан муҳокамалар кейинги ҳафтага белгиланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG