Линклар

Ўзбекистон вилоятларидан олинаётган хабарларга қараганда, далаларда пахта тугаган, шаҳарлик ҳашарчиларни ушлаб туришга арзийдиган ҳосил йўқ. Лекин пахта қолмаганига қарамасдан, минглаб ҳашарчилар оғир шароитларда, ўз ҳисобидан пахта далалрида қолишга мажбур қилинмоқда.


Озодлик мухбири шу кунларда вилоятлардаги пахта далаларида қолаётган ўзбекистонликлар билан боғланиб, уларни суҳбатга тортди.

40 кунда 700 000 сўм ишлаган теримчи

Ўзини Нодир, деб таништирган йигит билан у тушликка чиққан вақтда гаплашдик. Айтишича, унинг теримга чиққанига қарийб 40 кун бўлган.

- 5 сентябрдан бери пахта тераяпманда, дейди Нодир.

Нодир ўтган йили маҳаллий коллежни битирган, лекин бирон жойда ишламайди.

- Мутахассислигим компютер оператори. Ўзимизнинг коллежга ишга таклиф қилди. Компютерда ишлайсан, ойлиги 200 минг, пластикда оласан, деди. Бир ҳафтами қатнадим. Қарасам, ҳали чопиққа олиб кетаяпти, ҳали шанбаликка олиб кетаяпти, ҳали у ëққа, ҳали бу ëққа, ундан кўра мол боқиб юрганим афзал, дедимда ишга кирмадим, дейди Нодир.

Асосий иши қолиб дала ишларига жалб этаверишгани учун пластик карточкага ўтказиладиган 200 минг сўм ойликдан воз кечган йигитдан нима учун 40 кундан бери ўз хоҳиши билан пахта тераётгани сабабини сўрадик.

Сабаби пул, деди Нодир.

- Бугун 11 минг ишладим. 700 минг бўлди.

Озодлик: 5 сентябрдан бери ишлаб топганингиз 700 минг бўлдими?

- Ҳа. Бемалол чиқдимда. Орада бир-икки кун дам олдим. Бир хил пайтлари обедгача териб қўйиб обеддан кейин келиб қўйдим, дейди Нодир.

700 минг сўм қора бозор курсида 250 доллар атрофидаги ақча бўлади.

Далага таксида борадиган теримчи

Қарийб 40 кунлик меҳнат учун дўппини осмонга отадиган пул эмасу, лекин пластикка ўтадиган 200 минг сўмлик ойликка қиёсланса, ёмон эмас.

Яхши тўлашаяпти экан-а фермерлар пахта учун, деган саволимиз кутилмаган тафсилотларга йўл очди.

Нодирнинг айтишича, терим учун пулни ҳашарчилар тўлаяпти.

- Ҳашарчи кўпайгани билан уларнинг бирортаси теришни билмайди. Масалан тошкентликлар келган. Мен умримда биринчи марта пахтани ушлаб кўришим деб айтади. Фарғонадан, Қорақалпоғистон, водийдан келган, ҳаммаси катта-катта ишда ишлайдиганлар келган. Улар термайди. Фақат бизга тердиради. Улар сояда ëтади. Биз териб бўлиб уларга телефон қиламиз. Ўзлари олиб бориб топшириб келади. Кечқурун 300-350дан пулини беради.

Озодлик: Улар нима қилади кун бўйи?

- Ëтади. Нефт-газ келган. Биттасидан “Ойлигингиз қанча?” деб сўрасам, “1 миллион 200 минг оламан” деди. 1 миллион 200 минг олгандан кейин бизга 400 мингини берса, биз бир ой териб берамизда, дейди Нодир.

Ҳашарчилар далага етиб олишлари учун маҳаллий теримчиларга такси пулини ҳам бермоқда.

- Совхоздан 2 киломтер нариëқда милициялар теради. Улар 300 сўмдан пахтага беради, бориш-келиш такси пулини ҳам беради. Биз пахтага таксида борамиз. Бу энди тарихда бўлмаганда. Ҳозир кулгинг келади. Пахта теримчилар кучайиб кетган, таксида боради. Авваллари биринчиси 500 сўм эди. Таксичилар ҳам одам кўпайгандан кейин 1500 қилиб олди, дейди Нодир.

Қорақалпоқлик ўт ўчирувчи ҳам Пахтакорда пахтакор

Нодирнинг сўзларига қараганда, шу кунда Жиззахда мамлакатнинг деярли ҳар бир вилоятидан келган деярли ҳар бир касб-ҳунар вакилларини учратиш мумкин.

- Шўртангаз келган, Текстилний келган, Қорақалпоғистон пожарнийлари келган, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Термиз, Қарши ҳаммасидан териб келиб битта отряда тузган пожарнийлар. Ҳамма вилоятдан 10та, 10та қилиб. академия келган. Қамоқда ишлайдиганлар бўладику милициялар, шунақалар келган. Кўп, жуда кўп. Санаб берсам кечгача етмайди, дейди Нодир.

Озодлик: Шунча одам қаерда яшайди?

- Политехника институти коллежда туради, Текстилний мактабда туради, қорақалпоқлар шийпонда туради, пожарнийлар шийпонда палатка тиккан, милициялар ҳам шунақа жойда ëтади. Ëқмаганлари одамларнинг уйида квартирант бўлиб туради. Ишонсангиз, биттаси телевизорини ижарага берди. Бир кунга 1500 сўм. Битта хонада 10 киши тураркан. 10 киши кунига 1500 дан 15000 тўлайди, дейди Нодир.

Мазза-мазза – пахтакорликка мазза!

Нодирнинг айтишича, ҳашарчиларнинг келишидан маҳаллий аҳоли катта фойда кўраяпти.

- Мақтаниш эмаску, бизга икки йилдан бери теримчилар келаëтган бўлса, ўтган йил новвойхона бор эди. Буханка пиширадиган цех йўқ эди. Ҳозир теримчиларга буханка пишириб берадиган цех очилди, учта шашликхона очилди, тўртта ҳаммом қурилди. Одамлар квартирант қўяман деб уйининг олдига уй солаяпти. Пахтага чиқа олмайдиган хотинлар бўладику, шулар перажки, овқат, сомсалар пишириб сотаяпти. Обедда ҳам ҳозир келиб кетди. Гамбургер, ичида ҳар хил нарсалар қилиб машинада сотиб кетди, дейди Нодир.

Далада пахта қолмади!

Бир томондан ҳашарчи кўп, иккинчи томондан пахта ҳам терилаверса, охир-оқибат тугаб қолиши бор гап.

- Пахта йўқ, қолмади. Далада пахта йўқ. ҳозир 3-4-5 кило териб топшириб ëтибмизда, дейди Нодир.

Мустақил кузатувчи шарҳи

Жиззахнинг Пахтакор туманида истиқомат қилувчи теримчи йигит Нодирдан эшитганимиз ажабтовур гапларни шарҳлаб беришни унинг юртдоши, собиқ фермер, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мамиржон Азимовдан илтимос қилдик.

Озодлик: Пахтакорлик йигитнинг гапларига ишонса бўладими? Чиндан ҳам ҳашарчи кўпми Жиззахда?

- ....

Суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.



Расмийлар нима дейди?

Мустақил кузатувчи Мамиржон Азимовга берган саволларимизни расмийларга ҳам бермоқчи бўлдик ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик.

Озодлик: Вазирлик матбуот хизматими бу?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Пахта терими бўйича бугунги маълумотга қизиқаëтган эдик.

- Менда сводка йўқ ака.

Озодлик: Кимда бўлади сводка? Сиз матбуот хизматисизку.

- Матбуот хизмати бўлганим билан менга ундай маълумотни ким беради. Вазирлар Маҳкамасида бор у. Бизнинг вазирлик сводка билан шуғулланмайдику. Вазирлар Маҳкмасида пахта штаби шуғулланаяпти.

Озодлик: Сизларнинг алоқанглар йўқми бунга?

- Йўқ, бизнинг алоқамиз йўқ. Сводка билан шуғулланмайди бизнинг вазирлик, дейди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Пахта штаби билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG