Линклар

Нобел қўмитаси ЕИни Тинчлик мукофоти билан тақдирлади


Норвегия Нобел қўмитаси раиси Торбёрн Ягланд қўмита қарорини эълон қилмоқда.

Норвегия Нобел қўмитаси раиси Торбёрн Ягланд қўмита қарорини эълон қилмоқда.

2012 йилги Нобел Тинчлик мукофоти узоқ йиллар давомида Европа қитъасини бирлаштириш йўлидаги роли учун Европа Иттифоқига берилди.


Нуфузли халқаро мукофот Европа Иттифоқига берилганини Норвегия Нобел қўмитаси раиси Торбёрн Ягланд Осло шаҳрида эълон қилди.

- Норвегия Нобел қўмитаси 2012 йилги Нобел Тинчлик мукофотини Европа Иттифоқига беришга қарор қилди. ЕИ 60 йил давомида Европада тинчлик ва ярашиш, демократия ва инсон ҳуқуқлари ривожига ҳисса қўшиб келди, деди Торбёрн Ягланд.

Нобел мукофоти ЕИга берилгани Иттифоқ раҳбарлари ва унга аъзо давлат раҳбарлари томонидан қутланди.

Брюссел шаҳрида Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Бароззо мукофот берилганини “фуқаролар манфаати ҳамда дунё учун фойдали бўлган ўзига хос лойиҳанинг адолатли тан олиниши” деб атади.

ЕИ Кенгаши президенти Ҳерман Ван Ромпей Нобел мукофот берилиши ЕИнинг “тарихда энг катта тинчлик ўрнатувчи”лик роли тан олиниши эканини айтди.

Берлинда ўтказилган матбуот анжуманида Германия Канцлери Ангела Меркел Нобел тинчлик мукофоти ЕИга берилганини олқишлади:

- Европада 60 йил давомида тинчлик ҳукм суриши Европа иттифоқидагилар учун узоқ муддат. Бироқ тарих учун бу кўз очиб юмгандек муддат. Шу боис ушбу тинчлик, демократия ва озодликни сақлаш учун биз қаттиқ ишлашимиз лозим, деди Германия Канцлери.

Айни пайтда, Москвадаги инсон ҳуқуқлари фаоли Людмила Алексеева Нобел тинчлик мукофоти Европа Иттифоқига берилганини танқид қилди.

- Европа Иттифоқи¸ албатта¸ жуда ҳурматли, керакли ва фойдали ташкилот. Аммо мукофотнинг бундай катта ташкилотга берилиши тушунарсиз.

Менимча, мукофот давлат томонидан бажарилган иш учун эмас¸ балки фуқаролар ёки жамоат ташкилотлари амалга оширган ишлар учун берилиши лозим, деди россиялик ветеран ҳуқуқ ҳимоячиси Людмила Алексеева.

Нобел қўмитаси эълон қилган баёнотда 27 давлат аъзо бўлган Европа Иттифоқи 1989 йилда Берлин девори қулаганидан кейин собиқ коммунистик давлатларда барқарорлик ўрнатишдаги роли учун олқишланган.

Нобел мукофоти Европа Иттифоқи ўз тарихида энг катта молиявий бўҳронни бошдан кечираётган пайтда берилди.

Ҳозирда Европа Иттифоққа аъзо қатор давлатларда иқтисодий ортга кетиш кузатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG