Линклар

logo-print

Лондонда Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг Вашингтон ва Бишкек томонидан иқтисодий жиноятларда айбланаётган ўғли Максим Бакиев қўлга олинди. Уни АҚШга экстрадиция қилиш масаласи ўрганилмоқда.

Максим Бакиев 12 август куни қўлга олинган. Бу борада тарқатилган маълумотда айтилишича, у Қирғизистон ва Америка ҳукуматлари сўрови билан ҳибс қилинган.
Максим Бакиев Қирғизистонда бир қатор жиноятларда, жумладан, давлатнинг бир неча миллион доллар маблағини ноқонуний тарзда ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Британия ва Қирғизистон ўртасида экстрадиция тўғрисидаги шартнома йўқлиги боис, Максим Бакиевни АҚШга топшириш масаласи ўрганилмоқда.

Қирғизистон президенти маъмурияти расмийси Сапар Исаков Максим Бакиевга АҚШ томони ҳам жуда жиддий айбловларни билдирганини айтди:

- Ташқи ишлар вазирлигида мавжуд дастлабки маълумотларга қараганда, Максим Бакиев қимматбаҳо қоғозлар билан товламачилик қилиш ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланаяпти. Америкаликлар бу борада ўз терговларини ўтказишган. АҚШ бу масалада қирғиз томони билан ҳамкорлик қилган, - деди Сапар Исаков.

“Максим Бакиев Лондон томонидан Вашингтонга топширилса, у ҳолда Қирғизистон АҚШга Максим Бакиевни Бишкекка экстрадиция қилиш масаласида мурожаат қиладими?” деган саволга Сапар Исаков қуйидагича жавоб берди?

- Албатта, мурожаат қиламиз. Бироқ бундан аввал биз АҚШ билан бу борада шартнома лойиҳасини ишлаб чиқишимиз керак бўлади. Бу шартнома тасдиқланиб, кучга киргунига қадар бир оз вақт ўтади, - деди Сапар Исаков.

Айни пайтда “Максим Бакиев Лондонда қўйиб юборилибди”, қабилидаги норасмий хабарлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бироқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хабарни тасдиқлагани йўқ.

Максим Бакиев 2010 йилнинг апрелида отаси ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Қирғизистондан қочган эди. У ўшандан бери асосан Лондонда яшаб келган. Қирғизистон ҳукумати уни иқтисодий жиноятларда айбламоқда. Расмий Бишкек Интерпол ва Британияга Максим Бакиевни қўлга олиш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG