Линклар

Қаршида пикетга чиққан 96 яшар момо милицияга олиб кетилди


Бибисулув Алимардонова жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев ҳамда набираси билан Қарши шаҳридаги уйида/

Бибисулув Алимардонова жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев ҳамда набираси билан Қарши шаҳридаги уйида/

Оиласига нисбатан босимларга норозилик билдириб Қашқадарё вилоят ҳокимлиги биноси олдида пикет қилиш учун шанба куни эрталаб йўлга чиққан 96 яшар Бибисулув Алимардоновани ҳуқуқ фаоли бўлган набираси Гулшан Қораева билан бирга милиция ходимлари олиб кетишган.

Бу ҳақда Бибислув момонинг ўртанча набираси Санжар Қораев Озодлик радиосига маълум қилди.

–Бугун эрталаб момом ва синглим Гулшан Қораева ҳокимият биноси олдига пикет қилишга кетишганди. Сал вақт ўтиб Гулшан шаҳар РОВДсига олиб кетишаётганини бизга телефонда айтди, - деди 45 яшар Санжар Қораев.

Қаршилик 35 яшар ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева сентябр ойида “туҳмат” айбловлари билан милицияга чақиртирилган ва сўроқ қилиниб, шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан қўйиб юборилганди.

Ҳуқуқ фаоли Қораева икки аёлга туҳмат қилганликда айбланмоқда, уни ўзи буни рад этади.

Қашқадарёлик фаоли ўзига нисбатан тазйиқлар жорий йилнинг май ойидан бошлангани ва босимлар ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқлигини айтиб келади.

Қораеванинг иддаосича, 5 май куни Миллий Хавфсизлик Хизматига жосуслик қилишга рози бўлмагани ҳақида мақола эълон қилиши ортидан, кўчада унга қатор ҳужумлар ва таҳдидлар қилинган.

Бундан ташқари унинг уйи деворига номақбул сўзлар ёзилиб, уятсиз суратлар чизиб кетилгани ҳақида ҳам хабар қилинганди.

Гулшан Қораеванинг ўзи ва оиласига нисбатан босимлар ўшандан бери тўхтамагани, ҳозирги иш эса, унга қарши кампаниянинг бир қисми эканига ишонишини айтади.

-96 яшар момони уйига ҳам ҳар хил одамлар бостириб келишиб, қизинг фалон, деган ҳақоратли гапларни айтиб кетишавергач, бу ноҳақликларга қарши момом адолат истаб ҳокимлик биносига кетганди, - дейди Санжар Қораев.

Аммо, Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари бунақа исмли шахслар бугун милиция бўлимига олиб келинмаганини айтишди.

Шундай қилиб, қаршилик Бибисулув момонинг ҳокимият биноси олдида пикет қилиш режаси милиция қаршилиги туфайли амалга ошмади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Гулшан Қорева билан боғлиқ ҳолатга бефарқ қарамасликка чақирганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG