Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:32

"Обидхон қори иши" қаергача боради?


Душанба Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган жонли¸ интерактив мулоқотимизда Швецияда отиб кетилган таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаров суиқасдини фош этишда белгиловчи бўлиши мумкин шахснинг қўлга олиниши билан туғилган саволларга жавоб изладик.


Жорий ҳафта сўнггида таниқли ўзбек имоми¸ шу йилнинг 22 февралида куппа кундуз куни Швециянинг чекка Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида совуққонлик билан отиб кетилган Обидхон қори Назаров суиқасди билан боғлиқ икки катта янгилик рўй берди:

1 .Яқинларининг маълум қилишича¸ бошидан отиб кетилганидан бери комада қолаëтган диссидент имом комадан чиқиб¸ унинг тузалишига нисбатан умидлар кучайган;

2. Швециядаги нуфузли миллий газетанинг 12 октябр куни билдиришича¸ Обидхон қорини отгандан бери изсиз ғойиб бўлган эҳтимолий қотил Россияда Федерал хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:51:38 0:00
Бевосита линк


Швед нашрининг ўз ишончли манбасига таяниб ëзишича¸ Ўзбекистон ва Россия фуқароси экани тахмин қилинаëтган эҳтимолий қотил 34 яшар Юрий Жуковскийнинг саккиз ойдан бери ўчган Россия мобил операторига тегишли телефон рақами “тўсатдан ишлаб қолган”.

Қотиллик арафасида Швецияда қўлланилган бу номер эгасини топишда ëрдам беришни сўраб Россия ФСБига жўнатилган швед прокурорлари сўровига¸ орадан саккиз ой ўтиб¸ "Путин контораси" ижобий жавоб қайтарган.

Ҳозирда Швеция ва Россия адлия тизимларининг Жуковскийни Швецияга экстрадиция қилиш борасида махфий сўзлашув олиб бораëтгани ҳақидаги хабар ҳам швед матбуотида сизиб чиқди.

Бундан аввал Швеция прокуратураси бу мамлакатда 2010 йилдан буён яшаб келган Ўзбекистон фуқаролари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни суиқасд ижрочисига кўмаклашганликда айблаб маҳкамага тортган¸ аммо қўйилаëтган айблар тасдиғини топмади¸ деган асосда уларни озод қилган эди.

Ушбу суд жараëнини бевосита кузатган швед журналистларига кўра¸ Обидхон қорига қилинган суиқасдни очишга масъул прокурор Кристер Петерсон ҳакамлар олдида "Биз тақдим этган фактлар ҳужум тузум танқид қилинганлиги учун содир этилганлиги ва унинг ўзбек хавфсизлик хизматлари топшириғи билан амалга оширилганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди", дея баëнот берган.

Репрессив режимларнинг ўз мухолифлари овозини ўчириб ва эҳтимолий мухолифларни қўрқитиш тактикаси саналмиш хориждаги суиқасдлар¸ тарихда камдан-кам ҳолларда асл буюртмачининг топилиб¸ тегишли жазога тортилиши билан тугаган.

Ўзбекистон махфий хизматлари гумонланаëтган Обидхон қори суиқасди ҳам¸ ана шундай очилмай қолиши мумкин ишлар сирасида кўрилади.

Аммо бевосита Путинга ҳисоб берувчи Россия “конторасининг” яқинларгача стратегик иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон ҳукуматини жиддий кўнгилсизликларга элтувчи бу терговга кутилмаганда ëрдам бергани¸ “Обидхон қори иши”нинг ҳам комадан чиқишига умидлар уйғотди.

Сизнингча¸ Обидхон қори эҳтимолий қотилининг ушланиши калаванинг учи топилганини англатадими?

Кейинги қадамлар суиқасднинг асл буюртмачисини фош қилиши мумкинми?

Қотилликда гумонланган шахснинг Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан Тошкент-Москва муносабатлари жиддий совуқлашган октябр ойида ушланиши тасодифми?

Эҳтимолий қотилнинг феврал ойидан бери ўчирилган телефонининг ўзбек суди МТС шикоят аризаси юзасидан ҳукм чиқариши кутилаëтган кунларда Россияда жиринглаб қолганичи?

Ўзбекистон махфий хизматлари гумонланаëтган бу суиқасд ижрочиси эканликда гумонланаëтган шахснинг мобил телефон воситасида қўлга олиниши МТС томонидан Тошкентга берилган огоҳлантирув эканига ишонасизми?


Швейцария ва Швецияда бораëтган пул ювиш ва коррупцияга оид “ўзбеклар иши” билан Обидхон қорини отганликда гумонланаëтган шахснинг ушланишига битта яхлит жараëн деб қараш мумкинми?

Тергов давомида суиқасд ортида ўзбек махфий хизматлари тургани исботини топса¸ бу Ўзбекистон ҳукумати учун қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкин?

Россия махфий хизматлари бу суиқасдга оид ҳақиқатни охиригача очишда Швеция билан ҳамкорлик қилишига ишонасизми¸ ëки бу ҳамкорлик Тошкентнинг Кремлга муайян ëн беришларидан сўнг тўхтаб қоладими?


OzodlikOnline жонли¸ интерактив мулоқотимизнинг 15 октябр¸ душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган навбатдаги сонида ана шу саволлар атрофида фикрлашдик.

Мулоқотда Обидхон қорининг оила-аъзолари ва маслакдошлари¸ швед ва ўзбек журналист ва ҳуқуқшунослари меҳмон бўлдилар.






Ozodlik Online” дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:30 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг “Facebook” саҳифасида жонли эшитинг!


“Ozodlik Online” тингловчилари дастур давомида Skype орқали (ozodskype) тўғридан тўғри алоқага чиқиб очиқ мулоқот иштирокчисига айланишлари мумкин.

“Ozodlik Online” дастурида Озодликнинг “Facebook” ва “Twitter” даги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

Ozodlik Online – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG