Линклар

logo-print

Бугун Россиянинг 83 минтақасидан 77 тасида сайловлар ўтказилаяпти. Бешта вилоят, яъни Амур, Брянск, Новгород, Белгород ва Рязанда вилоят губернаторлари фуқаролар томонидан тўғридан-тўғри сайланмоқда.

Губернаторлик сайловларида ҳукмрон “Единая Россия” партияси қўллаб-қувватлаган иқтидордаги губернаторлар ғолиб чиқиши кутилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин 2004 йилда вилоят губернаторлари фуқаролар томонидан сайланишини тўхтатган ва кейинроқ губернаторлар президент томонидан тайинланган.

Ўтган йил декабр ойидаги сайлов адолатли бўлмаганини иддао қилган мухолифат оммавий намойишлар уюштира бошлаганидан кейин губернаторларни тўғридан-тўғри сайлаш тартиби қайта тикланди.

Владимир Путин ўтган йил март ойида ўтказилган сайловда учинчи муддатга президент этиб сайланган ва май ойида фаолият бошлаган эди.

Дмитрий Медведев президентлик муддатининг охирги кунларида вилоят губернаторларини тўғридан-тўғри сайлаш тартибини қайта жорий қилган.

14 октябр кунги сайловда фуқаролар олти вилоятда маҳаллий парламент аъзоларини, Калининград шаҳри ва Москва вилоятидаги Химкида эса шаҳар ҳокимларини сайлайди.

Москвадаги Карнеги марказининг минтақа сиёсати бўйича таҳлилчиси Николай Петровга кўра, сайлов ҳақидаги қонун кучга киргунича Кремл 23 та вилоят губернаторини лавозимидан бўшатган ёки лавозимига қайта тайинлаган.

Таҳлилчига кўра, янги губернаторларнинг тўрт ёки беш йиллик муддати тугамагунча, улар бошқараётган вилоятларда сайлов ўтказилмайди.

Петров фикрича, Кремл шу йўл орқали яқин келажакда кўнгилсиз вазият юзага келишининг олдини олишга эришган.

- Губернаторлар сайловини ўтказишдан мақсад Кремл учун асосан шу тизимни синаб кўришдан иборат. Яъни кенг кўламли ўзгартишлар амалга оширилмаса ҳам, бу тизим барқарорликни сақлаб қола олиши ёки олмаслигини билишдан иборат. Улар бундай сайловни анчадан буён барқарор бўлиб келган, ўзлари ишонган вилоятларда ёки муҳим бўлмаган вилоятларда ўтказмоқда, деди россиялик таҳлилчи.

Россия мухолифати ҳукумат ўзи истаган натижага эришиш учун улкан маъмурий ресурсларни ишга солганини таъкидламоқда.

Таҳлилчи Петров вилоят губернатори лавозими ёки маҳаллий парламентлар аъзолиги учун ўтказилаётган сайловлардан мўъжиза кутмаётганини айтди.

Унинг фикрича, энг қизғин кураш шаҳар кенгашлари аъзолиги ва шаҳар ҳокими лавозимлари учун даъвогар бўлган номзодлар ўртасида бўлади.

Николай Петровга кўра, сайлов натижалари пойтахтда кузатилаётган мухолиф кайфият бошқа вилоятларга не қадар ёйилгани ва вилоятларда жамоатчилик норозилиги қай даражада эканини аниқлашда ёрдам беради.
XS
SM
MD
LG