Линклар

Х. Жўраева: Мурод Жўраев яна изоляторда

  • Барно Анвар

Сиёсий маҳбус Мурод Жўраев.

Сиёсий маҳбус Мурод Жўраев.

Қамоқда 18 йилдан буён сақланаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг соғлиги жуда оғир аҳволда экани айтилмоқда.

14 октябр куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри яқинидаги 64/45 сонли жазони ўташ муассасасига борган Холбика Жўраева турмуш ўртоғини кўра олмай қайтганини айтмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Мурод Жўраев озодликка чиқиш муддати — 13 ноябрга бир ойча вақт қолганда яна жазо изоляторига ташланган.

- Ҳар сафар озод этиладиган муддати яқинлашидан 4 ойча олдин бошқа қамоқхонага олиб кетилар эди. У кишига яна тартибни бузди, деган айблов қўйиб, 3 йил қўшиб беришар эди. Бу йил 2 октябр куни ўзлари телефон қилиб, 14 куни келинглар кўришамиз, деган эдилар. Шунинг учун бу йил чиқадилар, деб астойдил ишониб турган эдик, дейди Холбика Жўраева.

Аммо, учрашув белгиланган 14 октябр куни қамоқхонага борган Жўраева турмуш ўртоғи яна жазо изоляторига ташланганини тасодифан билиб қолганини айтмоқда.

- Учрашиш учун аризамни топширган эдим, кутиб туринг, дейишди. Анча кутиб қолдим. Шу вақт ўтган сафар кўришганимиз бир аёл учрашувдан чиқиб қолди ва ундан: "Эрим ҳақида хўжайнингиз бирор нарса демадими," деб сўрадим. У аёлнинг эри: "Мурод ака тез орада чиқаман, деб ўтирган эди, бирдан изоляторга ташлашди", деб айтибди, дейди Холбика Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, шундан кейин муассаса ходимлари Мурод Жўраевнинг 10 октябр куни изоляторга ташлангани ва 21 октябр куни изолятордан чиқарилишини айтишга мажбур бўлган.


Жўраев ишига халқаро ҳамжамият аралашуви лозим

14 октябр куни 18 йиллик сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг изоляторга ташлангани ҳақида хабар тарқатган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева маҳбуснинг жазо муддати яна узайтирилишидан хавотир билдирди.

“13 ноябр куни унинг (Мурод Жўраев — Таҳр.) қамоқдаги бешинчи муддати тугайди. Афтидан, бу охирги муддат эмас. Жўраев қийинчилик билан ҳаракатланади ва унинг овози зўрға эшитилади. У озод бўлишга умидини йўқотган. Бу ишга халқаро ҳамжамият аралашуви лозим”, деб ҳисобламоқда Надежда Отаева.


Мурод Жўраевнинг жазо муддати беш маротаба узайтирилган

Мурод Жўраев 1994 йилнинг 18 сентябрида ҳибсга олинган эди.

Мухолифатдаги Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан бирга ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринганликда айбланган Мурод Жўраев 1995 йил 31 мартда 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Кейин эса амнистия акти қўлланиб, жазо муддати уч йилга камайтирилган эди.

Аммо, шу вақтга қадар уч бор — 2003, 2006 ва 2009 йилларда — жазо муддати тугашига оз вақт қолганда Жўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг талабига бўйcунмаслик) билан яна 3 йиллик қамоқ жазоси қўшиб берилган.

Шу тариқа, собиқ депутат Мурод Жўраев 18 йилдирки панжара ортида қолмоқда.

- 5 сентябр куни 60 ёшга тўлдилар. Бу йил у кишининг озод бўлишига жуда ишониб турган эдик. Болаларим ҳам умид қилиб турган эдилар. Нима бўлади энди, чиқадиларми-йўқми, билмаймиз. Жуда умидсизликка тушиб қолдик, дейди Холбика Жўраева Озодлик билан суҳбатда.

Қуйида Холбика Жўраева билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG