Линклар

logo-print

Камбоджанинг собиқ қироли вафот этди


Камбоджа собиқ қироли Нородом Сианук 89 ёшида Пекинда вафот этди. Бу ҳақда Хитойнинг Синхуа агентлиги Камбоджа бош вазири сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Сианук тахтга 1941 йилда келган. Унинг ҳукмронлиги чоғида – 1953 йили Камбоджа Франциядан мустақил бўлган.

Узоқ йиллар қувғинда яшагани ва 2004 йили соғлиғи туфайли тахт даъвосидан воз кечганига қарамасдан, Сианук Камбоджадаги таъсирли сиёсий фигуралигича қолаётганди.

Унинг совуқ уруш пайтида “қизил кхмерлар” коммунистик режими билан битим тузиш орқали мамлакатни ихтилофлардан халос қилиш уринишлари самара бермаган.

Камбоджада “Қизил кхмерлар” режими ҳукмронлик қилган 1975-79 йилларда бир миллиондан зиёд одам ўлдирилган. Айрим маълумотларга кўра, қонхўр режим қурбонлари сони қарийб икки ярим миллионга етади.
XS
SM
MD
LG