Линклар

Киевда якшанба куни Украина исёнчилар армияси тузилганининг 70 йиллигига бағишланган юриш бўлиб ўтди.

Киев милицияси матбуот хизматининг хабар қилишича, қарийб беш минг киши қатнашган юришда ҳеч қанақа фавқулодда ҳодиса содир бўлмаган, тадбир иштирокчиларининг асосий қисмини эса “Озодлик” миллатчилар партияси фаоллари ташкил этган

Айни пайтда мазкур партия сайтида кечаги юришда 30 мингдан зиёд одам қатнашгани хабар қилинади.

Маълумотларга кўра, намойишчилар Украина исёнчилар армияси ташкилотчиси Степан Бендера ва мазкур армия қўмондони Роман Шухевичга Украина қаҳрамони унвони қайтариб берилишини талаб қилганлар.

Киевдаги Владимир кўчаси ва София майдонидан саф тортиб ўтган юриш қатнашчилари ҳукмрон Минтақалар партияси ва Украина Коммунистик партияси байроқларини йиртиб ташлаганлар.

Миллатчилар юриши билан бир пайтда Киевда Коммунистик партия тарафдорлари акцияси ҳам бўлиб ўтди. Украина пойтахтининг Бессараб майдонидаги Ленин ҳайкали ёнида йиғилган юзга яқин киши “трибунал” ўтказиб, Бендера ва Шухевични тамсил этувчи картон фигураларни “дор”га осганлар.

Украина исёнчилар армияси (УИА) 1942 йилнинг 14 октябрида ташкил этилган. Украиналикларнинг бир қисми мазкур армия жангчиларини фашистларнинг гумаштаси, деб ҳисоблайди, бошқа қисми эса УИА Украинанинг ҳам СССРдан, ҳам фашистлар Германиясидан мустақил бўлиши учун курашган, деб ўйлайди.

Украинанинг собиқ президенти Виктор Юшченко Бендера ва Шухевичга Украина қаҳрамони унвонини берганди, бироқ кейинчалик суд бу қарорни бекор қилган.
XS
SM
MD
LG