Линклар

logo-print

Пахта даласидан қочиб келган бир неча талабадан бири Озодликка боғланиб, 5 килодан оз пахта терган талабалар ўқитувчилар томонидан калтакланаётганини айтди.


Декан калтаклаган талабалар пахтадан қочди

Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтида таҳсил олиши ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган талаба Озодликнинг "Эркин микрофон"ига боғланди ва пахта теримидан қочиб келганини айтди.

Шартли равишда Асрор, деб номлаганимиз талабанинг айтишича, у билан бирга яна бир неча талаба теримни ташлаб Тошкентга қайтган ва бунга ўқитувчилар томонидан калтаклангани сабаб бўлган.

- Биз кеча пахтадан қочиб келдик. Далада пахта қолмаган почти. 5 кило норма қўйишган. Захда ўтириб-ўтириб қайтиб келамиз. 5 килодан кам терган талабаларни штабга йиғволиб, ўқитувчилар катлаклаяпти. Биз обедгача далада юрардик, кейин қайтардикда. Бир-икки марта айтмай кетдик. Кейин штабга киргизишди. У ерда сўраб ўтирмасдан деканлар тап-тап уриб ташлашди, дея ҳикоя қилади Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаси.

Унинг сўзларига кўра, у ўқийдиган ва Озодлик орқали ошкор қилмаслигимизни сўраган факултетнинг декани Асрор ва унинг ўртоғини тушдан кейин пахта даласини сўроқсиз тарк этгани учун қаттиқ калтаклаган.

- Кеча битта боламизни деканимиз урганда. Унинг нозик жойига урган, қизариб, ишиб юролмай қолди. Мажбур қайтдик Тошкентда. 15 октябрдан қайтамиз, дейишган эди. Ҳалиям юрибмиз. Ҳам пахтасига бориб териб берганимиз, ҳам калтак еганимиз бизга қаттиқ алам қилаяпти. Далада умуман пахтанинг ўзи йўқ, дейди Асрор.


Нозик жойига урилган талаба шифокорга борди

Асрорнинг сўзларига кўра, калтакланган бир неча талаба Тошкентга қайтган ва тўғри шифохонага борган.

Нозик жойидан калтакланган талабани кўздан кечирган шифокор зудлик билан даволанишни тавсия қилган.

Асрорнинг яна ҳикоя қилишича, улар жойлаштирилган жой - Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида янги қурилган коллежлардан бирининг биноси ва бу бино зах, совуқ.

Асрор ўзи ва кўпчилик шериклари шамоллагани, аммо хаста бўлишларига қарамай ўқитувчилари томонидан ҳосили битаёзган пахта далаларига чиқишга мажбурланаётганини айтмоқда.

Бундан ташқари, талабалар уларга берилаётган озиқ-овқатдан ҳам қонимаганлар.

Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари биринчилардан бўлиб — 5 сентябр куни Тошкент Жанубий терми йўл вокзалидан поездларда Жиззах вилоятига пахта теримига жўнатилган эди.


Зўравон деканларнинг ихчам рўйхати

"Эркин микрофон"га боғланган талаба тилга олган маълумотларни Озодлик ҳозирча бошқа манбалардан тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

Аммо, олий ўқув юрти ўқитувчилар ва раҳбарлари томонидан талабаларнинг калтакланиши ҳақида бунга қадар ҳам Озодликка мурожаатлар бўлган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Давлат университети Химия-технология факултети декан Максет Жоллибоевич Айимбетовнинг пахта терими чоғида талабаларни калтаклаётгани акс этган видеотасма Youtube порталига жойлаштирилган эди.

Озодлик декан билан боғланган ва у Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортган эди.







Бундан ташқари, Озодликка боғланган Термиз Давлат университети талабаси олийгоҳнинг ўқув ишлари бўйича проректори Шукур Хуррамов пахта нормасини бажармаган талабаларга нисбатан куч ишлатиб, уларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилаётганидан шикоят қилган эди.

Профессор Хуррамов Озодлик билан суҳбатда талабаларга тарсаки тушириб туришини тасдиқлаган эди.

Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаларини калтаклаган деканнинг исми ва у қаттиқ калтаклаган талабалар соғлигига оид тафсилотлар Озодликка маълум.

Аммо талабалар олий ўқув юртида ўқиш имконидан маҳрум бўлишидан хавотир қилиб бу тафсилотларни маълум муддат ошкор этмаслигимизни сўрашди.

Қуйида талабалар калтакланаётганидан норози бўлиб Озодликка боғланган навбатдаги талаба - Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтининг шартли равишда Асрор, деб номлаганимиз талабаси билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG