Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:43

Ўзбекистонда футболни ким яхши ўйнайди?


Футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар термаси жаҳон чемпиони бўлди! Бор экану, шери мард, азаматлар! Тўрт мучаси соппа-соғ коптоктепарларнинг уддасидан келмаётган ишни уддалашди-я. Яна, кетма-кетига учинчи марта!



“Рамақижон, нимжонгина йигитлар экан. Тўп тепгунча, тинчгина умргузаронлик қилишса бўлмайдими, нима зарил қийналган жонларини яна қийнаб?!” Бу ўзини шоир деб ҳисоблайдиган, ватан мавзусидан гап очилса, анча-мунчани чангидан қолдирадиган (сўзбозликда албатта!) танишимнинг луқмаси.

“Рамақижон, нимжон”миш!.. Кўринишидан шундайдир. Аммо шу ушоққина кўринган вужудларда тоғни урса талқон қиладиган полвоннинг кучи бор экан-ку, мана!

Нодон шоир билмайди-да, миллионлаб мухлислар йигирма йилдан бери “Миллий термамиз жаҳон чемпионатига қачон чиқаркин” деб хунибийрон юрганини!

Билмайди-да, ўзбекнинг сўзамоли Ҳожибой Тожибоев “Футболчиларимиз жаҳон чемпионатига бориб, марўжний еб келишса ҳам майлийди” дея илҳақ ўтиб кетганини!

Хуллас, бу азаматларнинг ғалабаси шу кунларда зарилдан ҳам зарил эди!

Бу ёғини сўрасангиз, бўз болалар бобомерос ишни ҳам қилишди...

Замахшарийни эшитгансиз, тафсир илмида тенгсиз зотнинг тақдиридан ҳам хабардор чиқарсиз. Аллома авжи навқиронлик пайти оёғини совуққа олдиради. Бир оёғи кесиб ташланади. Ярим жон ҳолида ҳам илм истаб дунё кезади хоразмлик даҳо. Арабистонда араб тили грамматикаси қоидаларини ишлаб беради. Ислом оламида ардоқли манба – “Кашшоф” тафсирини ёзади. Ҳалигача бу зотни номини эшитса анча-мунча зиёли араб каловланиб қолади. Ҳурматдан-да.

Амир Темурни эсланг. Ғанимлари қўрқув, ғайирлик ва эҳтиром билан “Темурланг” деб атаган оқсоқ саркардани! “Жўмардлар қирилган Туронзаминда” (Шавкат Раҳмон сўзлари) бош қолмаган кезлари тарих саҳнасига чиқиб, миллатни ғафлат уйқусидан уйғотди. Минглаб тани расоларни ўз йўриғига солди.

Ким нима деса десин, ногиронлар термамиз ҳам ўша улуғ боболаридан улги олиб, кимлигини эсдан чиқариб, “куним ўтса бўлди”га кўникиб қолган футболчиларимизни, футболчиларимиз нима, жамики юртдошларимизни уйғотишга уриниб кўрди.

Тани соғлардан садо чиқавермагач, Ўзбекистонни дунёга танитиб қўйиш учун бел боғлаб чиқди.

Шояд, ирода, матонатнинг тирик тимсоли бўлган йигитларнинг жасорати ибрат бўлса! Шояд...
XS
SM
MD
LG