Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Хориждан пул жўнатмалари назоратга олинди


Сентябр ойидан бошлаб хориждаги қариндошларидан пул олувчи ўзбекистонликлар устидан назорат кучайтирилди. Пул ўтказиш шохобчага пул олгани келганлардан ким, қаердан, нима мақсадда пул жўнатаётгани ҳақида маълумот талаб қилинмоқда.



Озодлик манбаларига кўра, Westren Union, Money Gram, Contact, Unistream, Migom сингари тармоқларда жорий қилинган янги тартибга кўра, эндиликда хориждан пул олувчи кишилар ўз шахси ва пул юборувчининг исми-шарифи, манзили ҳақидаги қўшимча маълумотларни тақдим этиши талаб қилинмоқда.

Тошкентдаги “Ипотека банки”нинг туман бўлимларидан бирининг ходими, Озодлик билан суҳбатда, пул олувчилардан пул юбораётган яқинлари ҳақида маълумот беришни талаб этувчи тартиб жорий қилинганини тасдиқлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон Марказий банкининг кўрсатмасига асосан сентябр ойидан буён бу тадбир амалга оширилаяпти.

- Бу назорат учун. Аввал йўқ эди. Ҳозир янги тартиб йўлга қўйилди. Бу сентябр ойидан бошланди. Сиз пул олувчи бўлсангиз, ким пул жўнатганини кўрсатишингиз керак. Ким, қаердан, нима мақсадда жўнатганини кўрсатишингиз керак. Бизга шундай кўрсатма берилди. Биз буни амалга ошираяпмиз,- деди “Ипотека банки”нинг ўзини таништирмаган ходими.

Шу кунга қадар пул ўтказмалари орқали хориждан пул маблағлари олиб келган жисмоний шахслар банкларда фақатгина ўзининг паспорти оригиналини кўрсатгач, ундан нусха қолдириб келишган. Яъни, пул маблағи юборувчининг шахсига оид маълумотларни тақдим этмаган.

Тошкент шаҳрида яшовчи Нигора Россияда ишлаётган синглисидан пул олиб туради.

Нигоранинг айтишича, икки кун аввал шаҳардаги “Халқ банки” бўлимларидан бирига бориб, синглиси Western Union орқали жўнатган пулни олмоқчи бўлган.

Одатда фақат паспортини кўрсатиб, синглиси жўнатган пулларни олиб келган Нигорага бу сафар махсус бланка бериб, уни тўлдиришни талаб қилишган.

- Синглим куёви билан Россияда туради. Ўша ёқдан пул жўнатиб туради. Олдинлари паспортимнинг ксерокопиясини олиб, пулни беришар эди. Лекин бу сафар бланка беришди. шуни тўлдириб беришим шарт экан. Бланкага пул юборган синглимнинг исм-фамилияси, адресини ёздим. Ўзимнинг телефон номерларимни, яшаш жойим ва бошқа маълумотларни ёздим,- дейди Нигора.

Озодлик янги тартибнинг нима мақсадда жорий қилингани тафсилотларига аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Марказий банкига мурожаат қилди. Бироқ Марказий банк мулозимлари бу ҳолатни инкор қилишди.

“Алоқа банк”нинг Тошкент вилояти филиалларидан бирининг ғазначиси Шаҳнозанинг таъкидича, мижоз томонидан тўлдирилган маълумотлар бланки хуфя идораларга юборилади ва заҳиравий маълумотлар рўйхатига олинади.

"Банкларнинг бундай хатти-ҳаракатлари мамлакатнинг молиявий салоҳияти ва прогнозларини ўрганиш нуқтаи назаридан ўзини оқлар, аммо мижознинг шахсига оид маълумотларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа идораларга тақдим этиш қонунан мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Банк сири ҳақида”ги Қонуни ҳамда Конституцияга мувофиқ, айни пайтда жорийга киритилган амалиёт қонунбузарликдан бошқа нарса эмас",- деди собиқ молия ходими Сапар Шабиров Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, биргина Россия Федерациясидан жўнатилган пул маблағларининг ҳажми 2011 йилда 4,575 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бошқа мамлакатлардан пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга кираётган маблағлар борасида маълумотлар мавжуд эмас.
XS
SM
MD
LG