Линклар

АҚШ Давлат котиби: Консуллик хавфсизлиги учун мен масъулман


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 11 сентябр куни экстремистлар ҳужуми оқибатида АҚШ элчиси ва уч америкалик дипломат нобуд бўлган Ливиядаги АҚШ консуллигининг хавфсизлиги учун масъулият ўз зиммасида бўлганини баён қилди.



Перу пойтахти Лимада CNN телевидениеси мухбири билан 15 октябр кунги суҳбатда Ҳиллари Клинтон Давлат департаментининг дунёдаги барча дипломатик идоралари хавфсизлиги учун ўзи масъул эканини таъкидлади.

- Мен масъулиятни ўз зиммамга оламан. Давлат Департаментининг дунёдаги 275та идорасида ишлаётган 60 мингдан ортиқ одам учун мен жавобгарман. Президент ва вице президент хавфсизлик бўйича профессионал мутахассислар қабул қиладиган қарорлардан хабардор эмас,- дея баён қилди Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон АҚШ Президенти Барак Обама ва вице президент Жозеф Байден хавфсизлик борасидаги қарорларга алоқадор эмаслигини ва Бенғози шаҳридаги Америка консуллигига ҳужум учун уларни айблаш ўринсиз эканини ҳам қўшимча қилди.

- Менимча, биз бир-бирини айблаш ўйинига киришмаслигимиз керак. Менимча, биз нима воқеа рўй берганининг тагига етишимиз керак. Одамларни ҳимоя қилиш ва бундай воқеа қайтарилишининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилиши кераклигини аниқлаб олишимиз ҳамда ҳужум учун масъул бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш учун уларни таъқиб қилишимиз керак,- деди АҚШ Давлат котиби.

Президент Барак Обама ва Республикачилар партиясидан президентликка даъвогар Мит Ромни ўртасида 16 октябр куни иккинчи теледебат бўлиб ўтади.

Баҳс давомида Ливиядаги АҚШ консуллигига уюштирилган ҳужум масаласининг кўратилиши кутилмоқда.

Ромни Бенғози шаҳридаги АҚШ консуллигига қилинган ҳужумни президент Барак Обама юритаётган ташқи сиёсатнинг муваффақиятсизлиги, деб атаган.

Республикачилар номзози Обама маъмурияти расмийларини ҳужум ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатаётганликда айблади.

Айни пайтда, Ливияда америкалик тўрт дипломат ҳалок бўлгани ҳодисаси Федерал тергов бюроси, Ҳиллари Клинтон томонидан тузилган махсус комиссия ва Конгресс этишувлари жараёнида ўрганилмоқда.

Дастлабки хабарларда Америкада ишланган Ислом дини ва Муҳаммад Пайғамбар ҳақорат қилувчи филм АҚШ консуллигига ҳужум уюштирилишига сабаб бўлгани билдирилган эди.

Бироқ воқеадан бир неча кун кейин Оқ уй расмийлари ўз позициясини ўзгартириб, текширув натижалари АҚШ консуллигига ҳужум атайин ва мувофиқлашган тарзда уюштирилганига ишоралар борлигини билдирган.
XS
SM
MD
LG