Линклар

logo-print

Ўзбекни ўзбек алдаяпти


Ўзбекистонлик муҳожирлар ўз ватандошлари тарафидан алданиб қолаётганидан куюнади.

Ўзбекистонлик муҳожирлар ўз ватандошлари тарафидан алданиб қолаётганидан куюнади.

Россияда фирибгар, товламачи ва туҳматчилар дастидан жабр кўрган муҳожирлар сони ошиб бормоқда. Фирибгарликни ўзига касб қилиб олганлар қаторида марказий-осиёлик муҳожирлар кўпчиликни ташкил этмоқда.


Туҳмат учун жавоб беради

Ярославлда икки нафар ўзбекистонлик мардикор устидан туҳмат қилганликда айбланган 26 ёшли аёл жиноий жавобгарликка тортилди.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган Ярославл вилояти бўйича тергов қўмитаси матбуот маркази раҳбари, адлия майори Кристина Гузовская шу йилнинг сентябрида Переславлда бир аёл икки нафар Ўзбекистон фуқароси томонидан зўрлангани тўғрисида ариза билан маҳаллий полиция бўлимига мурожаат қилган.

- Аниқланишича, улар таниш бўлган, Ўзбекистон фуқароси бўлган бу йигитлар Переславлда ишлаб юрган. Уларнинг устидан юмалоқ хат ёзган. Тергов давомида унинг гаплари ёлғон бўлиб чиқди. У атайлаб ўзбекларга қасд қилган. Ўзбекларда ҳужжатлари жойида бўлган. Ораларида нима гап бўлиб ўтганини улар ҳам айтмаяпти, лекин жиноий иш 26 ёшли аёлнинг ўзига нисбатан қўзғатилди,- дейди Озодликка майор Кристина Гузовская.

Тергов қўмитаси расмийси сўзларига кўра, қасддан биров устидан туҳмат қилган аёл катта миқдорда жаримага ёки 3 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

“Ўзимизнинг ўзбекларни ўзбеклар алдаяпти”

Сўнгги йилларда Россияда фирибгарлик ва товламачилик билан боғлиқ ҳодисаларга аралашиб қолаётган ўзбекистонликлар сони ҳам кўпайиб бормоқда.

Россия матбуотида хабар қилинишича, 2010-2011 йиллар давомида Мордовия пойтахти Саранскда “Хоум Кредит энд Финанс Банк”, “Евросеть-Ритейл”, “Банк Русский Стандарт” каби йирик ташкилотларни фирибгарлик йўли билан қарийб 20 минг долларга тушириб кетган Нодиржон Акрамов қидирилмоқда; Қозонда бир аёлни икки маротаба алдаган ва 45 минг рублдан зиёдроқ пулни олиб қочган ўзбекистонлик Алишер Эргашев ҳибсга олинган; Москвада ўзини Россия Ички ишлар вазирлиги Марказий аппарати ходими, деб таништирган ва бизнесмендан айрим муаммоларини ҳал қилиб бериш ваъдаси билан 2 миллион евро олган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган... Бундай мисолларни беҳисоб давом эттириш мумкин.

Айни пайтда, Россияда яшаб меҳнат қилаётган ўзбеклар ҳам, асосан, ўз юртдошлари томонидан алданиб қолаётганини гапирмоқда.

Петербургдан Озодликка телефон қилган ва ўзини Тўхтасин деб таништирган йигит ўзбеклар орасида фирибгарлик қилиб кун кечираётганлар, айрим ҳолларда бундай ишлар билан қизлар шуғулланаётганини гапиради.

“Мен бир мошенник қиз тўғрисида гапириб бермоқчиман”, дея давом этади Тўхтасин.

- Бу қиз официант бўлиб ишларди, кўриниши чиройли, истараси иссиқ, “Ака-ака”, деб гаплашарди. Ўзини Гўзал деб таништирган эди. Аввалига пули йўқ эди бу қизни. Кейин ижарага одам қўйиш билан шуғулланди, койка-местоси 2,5-3 минг сўмдан. Кейин ҳужжат билан шуғулланарди: паспорт-маспорт, разрешение. “Мени прямой связим бор”, деб қалбаки қилиб берарди. Ҳозир Питерда жуда кўп очилиб кетганда Питерда документ қиладиганлар. Бу қиз паспорти билан пулини олиб туриб, пулини евориб паспортини бермаяпти экан. Доғистонлик, кавказликлар билан қўрқитиб, милисалар орқали қўрқитар экан. Бу ишини фақат ўзбекистонликларга нисбатан қилади. Уйида иккита сирдарёлик ёш боллар турарди. Улар стройкада яхши ойлик оларди. Иккаласи билан алоқа қилиб юриб, иккаласини уриштириб қўйган. Бу болларни иккаласи битта маҳалладан бўлган бу боллар уришиб қолган ва биттасини пичоқлаб қўйган. Шу йигитлардан биттаси шу қизнинг қўлида жон берди. Буниси қамалди, қиз эса оддий гувоҳ сифатида чиқиб кетди осонгина,- дейди Тўхтасин.

Россия шаҳарларида қалбаки ҳужжатларни ўз юртдошларига сотиб тирикчилик қилаётган фирибгарлар, қалбаки авиа- ва темир йўл чипталарини пуллаётган, Россиядан ишдан қайтаётган меҳнат муҳожирларини тунаётган ва улардан “товон” йиғаётган ўзбеклар тўғрисида Озодлик кўп маротаба хабар берган.

Ўз юртдошларини ўзга юртда сотиб ва алдаб кун кечираётган муҳожирлар сони кўпайиб бораётгани сабабларига тўхталган сурхондарёлик Рўзибой ака, бунинг сабаби тартиб йўқлигида, дейди.

- Тартиб йўқда, тартиб. Келиб кўринг, одамларни нечтаси шу ерда юриб алкоголик бўлиб кетган. Одамлардан пул сўраб арақ ичиб юради, ўлиб кетади шу ерда кўпи. Ўзимизда одам савдоси деган, қаранг. Тожикистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам одам савдоси дейилмайди, чунки йўқ-да ,шулар бири-бирига ёрдам беради. Лекин бизларда ундай эмас: биттаси алдаб юрганини кўрса яна алдайди. Мана шу паспортни стол олдига келинг, қанча одам эди, ҳозир 3-4 баробар кўпайган. Одамларимизда тартиб йўқ, тартиб, дейди Рўзибой ака.

Москвадан анча йиллардан буён яшаб юрган Рўзибой аканинг фикрича, фирибгарлик ва товламачиликка асосан ёшлар тортилиб қолмоқда.

“Ҳар бир муаммони ечимни, ҳар қандай фирибгарликни олдини олса бўлади”, дея давом этади у.

- Доимий жанжал, Казанский вокзалга борсангиз, домий бири бирини алдаяпти.Ўзим ҳам ҳайрон нега ундай бўляпти. Бу ерда ёшлар кўпинча бири-бирини алдаяпти. Масалан, Казанский вокзалга борганни билет олиб бераман, деб алдаяпти, кетадиган одамларни пулини олиб қочади, Қозонгача проводник билан гаплашиб алдайди... Билет йўқ-ку, ҳамма уйига бормоқчи. Нархлар кўтарилиб кетган. Пулни, паспортни олиб кетади. У одамларимиз жуда содда-ку. Масалан, шу билет етарли бўлганда бундай муаммолар бўлмас эди, дейди Рўзибой .

Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, йилига Россияга 10-12 миллион меҳнат муҳожири кириб келмоқда, улардан 3-5 миллиони – ноқонуний меҳнат муҳожирларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG