Линклар

Виртуал музей - ëлғон музей дегани эмас


Совет пайтида ташкилий олиб борилган ўзбеклар бугун на анъанавий, на виртуал музейга боришга вақт топа олади.

Совет пайтида ташкилий олиб борилган ўзбеклар бугун на анъанавий, на виртуал музейга боришга вақт топа олади.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ўз расмий саҳифасида Самарқанддаги Мирзо Улуғбек музейи бўйича виртуал саëҳат ташкил қилинганини ëзди. Айни пайтда мутахассислар бу иддаонинг пуч эканини фош қилишди.

Вазирлик нашрида Мирзо Улуғбек виртуал музейи лойиҳаси Тошкентдаги “СМИ-Азия” нашриëти ва “Дешт-и-Арт” нодавлат ташкилоти тарафидан амалга оширилгани айтилади.

Шунингдек бу лойиҳа учун Нидерландиядаги Хивос жамғармасидин пул олингани ҳам вазирлик нашрида алоҳида билдирилган

Виртуал музей, дея иддао қилинган интернетдаги сайт билан танишган мутахассисларга кўра¸ Мирзо Улуғбек музейи ҳақидаги нашр виртуал галерея деган форматга тўғри келмайди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги нашрида Мирзо Улуғбек музейи бўйлаб 3-D сайр қилиш мумкин деб ëзилган.

Аммо Ўзбекистон расмий нашлари мамлакатда илк виртуал музей деб атаган бу нашрда 3-D сайр қилишнинг сира имкони бўлмади.

Бу сайтни яратган Тошкентдаги Парус ширкати билан боғландик.

Мирзо Улуғбек музейининг виртуал вариантини яратиш учун буюртма устида ишлаганини айтган ва бир ярим йилдан бери ҳақини ололмаётганидан шикоят қилган мутахассис масалага ойдинлик киритди.

Ўзини Дмитрий деб таништирган мутахассисга кўра¸ Самарқанддаги Мирзо Улуғбек музейи маъмурияти домен учун йилига белгиланган атиги 20 долларни ҳам тўламаган:

- Биз уларга хостингни текинга бердик. Домен учун 20 доллар тўла десак тўлашмади.

Суҳбатдошга кўра буюртмачилар оддий сайтни 3-D виртуал музей деб янглиш айтишган:

- 3-D виртуал музей бўлиши учун махсус 3-D фотосурат бўлиши керак. Бу жуда қиммат туради. Йилига 20 доллар тўлашдан қочган вазирлик қандай қилиб бундай қиммат фотосессия учун пул топа олади. Иккинчи масала буюртмачиларнинг ўзи Интернет нима¸ виртуал музей нима деган саволга жавоб бера олмайди. Шунинг учун улар оддий сайтни виртуал музей деб жар солишган¸- дейди мутахассис.

Дмитрий билан суҳбатдан маълум бўлишича¸ Мирзо Улуғбек музейи ҳеч бир тарзда виртуал музей эмас. 3-D сайр ҳақидаги гаплар эса ғирт ëлғон. Шу ҳолидаги сайт учун эса деярли маблағ сарфланмаган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Музейлар бошқармаси мулозими бу лойиҳа учун Нидерландиядаги Хивос жамғармасидин қанча пул олингани ва бу пул қаерга сарф бўлгани ҳақидаги саволимизни жавобсиз қолдирди.

Ичан-Қалъа виртуал музейини яратиш бошланмасдан тўхтади

Ўзбекистонда виртуал музей тузиш ташаббуслари кўп бўлган.

Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Хоразмдаги Хива Ичан-Қалъа қўриқхонасининг виртуал музейини яратиш бўйича мустақил гуруҳ Германиядаги жамғарма томонидан берилган грант асосида иш бошлаган эди.

Аммо бу ишлар маҳаллий ҳокимлик тарафидан тўхтатиб қўйилган.

Хива Ичан-Қалъа музейининг Бош хазинабони Озод Каримовнинг Озодликка айтишича¸ катта маблағ талаб қилинадиган бундай виртуал музей тузилиши айни муддаодир:

- Хива каби қадимий маскандан ўрин олган 40 мингга яқин экспонатни дунëнинг турли бурчакларидан туриб тўлалигича намойиш қилиш имконияти айни муддао. Аммо буни қилиш учун хозир бизда на маблағ бор ва на раҳбарият рағбати,- дейди Озод Каримов.

Виртуал музей нима?

Виртуал музей (вебсайт-музей) — бу Интернет нашрнинг махсус туридир.

Интернетдаги илк музей 1991 йили пайдо бўлган эди.

Мутахассисларга кўра, ҳар қандай фотосуратлар тўплами виртуал музей бўла олмайди.

Виртуал музей деган номни қозониш учун камида икки хусусият лозим.

Биринчидан 3-D виртуал сайр имконияти бўлиши керак. Иккинчидан асарларни чуқур тадқиқ қилиш имконини берадиган юқори сифатли суратлар лозим.

Виртуал музей имкониятларини илк бора Microsoft асосчиси Билл Гейтс тушуниб етгани айтилади.

Билл Гейтс Corbis воситачи фирмаси орқали санъат асарларини намойиш қилиш ҳуқуқини 1989 йилдан бошлаб сотиб ола бошлагани айтилади.

Айни пайтда google ширкати яратган виртуал музейлар миллионлаб зиëратчилар билан гавжум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG