Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:26

АҚШ қўшинларни олиб чиқишга масъул генерал Тошкентда


АҚШ Қуролли Кучлари Транспорт қўмондонлиги бошлиғи Уильям Фрейзер III.
АҚШ Қуролли Кучлари Транспорт қўмондонлиги бошлиғи Уильям Фрейзер III.

АҚШ Қуролли Кучлари Транспорт қўмондонлиги бошлиғи Уильям Фрейзер Ўзбекистон расмийлари билан Шимолий тақсимот тармоғига оид масалаларни муҳокама қилган.


АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси расмийсига кўра, АҚШ Қуролли Кучлари Транспорт қўмондонлиги бошлиғи генерал Уильям Фрейзернинг Ўзбекистонга сафари одатдий амалий сафарлардан биридир.

АҚШ дипломатига кўра, сафари давомида генерал Фрейзернинг Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан сўзлашувлар ўтказиши режаланган.

- Генерал Уильям Фрейзер III Ўзбекистонга бир кунлик сафар билан келди. Мулоқот чоғида қатор масалалар, жумладан, Ўзбекистон орқали юкларни транзит асосида олиб ўтиш масаласи муҳокама этилиши режаланган. Эртага эрталаб у Ўзбекистондан жўнаб кетади, деди АҚШ элчихонаси расмийси.

АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишга масъул бўлган генерал Уильям Фрейзернинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашуви режаланганми ёки йўқми маълум қилинмади.

НАТО ва АҚШ раҳбарияти Афғонистондан қўшинларини 2014 йил охирига қадар олиб чиқишни режалаган.

Айни пайтда Афғонистондаги халқаро кучларга мўлжалланган ноҳарбий юклар Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи Шимолий таъминот тармоғи орқали ташилмоқда.

2012 йил март ойида Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида Америка ҳарбийлари ва юкларини Ўзбекистон ҳаво ҳудуди орқали ташиш тўғрисида шартнома имзоланган.

Жорий йил июн ойида Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси, август ойида эса Сенат мазкур келишувни маъқуллади.

Газета.уз нашрига кўра, келишувда АҚШга тегишли юклар ва ҳарбийлар транзити Ўзбекистон томони ажратган махсус ҳаво коридори орқали мамлакат ҳудудига қўнмасли шарти билан амалга оширилиши назарда тутилган. Фалокат ёки фавқулодда ҳолатлардаги мажбуриятлар бундан мустаснодир.

Ҳукуматлараро имзоланган шартномада ядровий, бактериологик, кимёвий ёки бошқа турдаги қуроллар ташилиши таъқиқланган.

Бир йилга мўлжалланган ҳукуматлараро шартнома муддати тугаши билан автоматик тарзда яна бир йилгача узайтирилиши мумкинлиги ҳам назарда тутилган.

Томонлар шартномани исталган пайтда тўхтатиши мумкин. Аммо бу ҳақда 30 кун олдин иккинчи томонга ёзма равишда маълумот бериши лозим.

АҚШ Қуролли Кучлари Транспорт қўмондонлиги бошлиғи Уильям Фрейзер ўтган йилнинг 15 декабрида ҳам АҚШ делегацияси бошлиғи сифатида Ўзбекистонга борган эди.
XS
SM
MD
LG