Линклар


Тошкентдаги “Ўзэкспоцентр” кўргазмалар залида ўтаётган икки кунлик пахта ярмаркасида дунёнинг 38 давлатидан келган 1000 дан ортиқ хорижий ширкат вакили иштирок этмоқда.


Тошкентдаги “Ўзэкспоцентр” кўргазмалар залида 17 октябр куни бошланган Саккизинчи пахта ва текстил ярмаркаси очилиш маросимида сўзлаган пахта савдоси билан шуғулланувчи “Ўзмарказимпекс” давлат ширкати раҳбари Шавкат Тиллаевга кўра, бу ярмарка шу кунларда дунë пахта саноати диққат марказида турибди.

Ўзбекистонда пахта толасини четга сотувчи “Ўзмарказимпекс” ширкати матбуот вакилининг Озодликка билдиришича, ярмарка ишида 38 мамлакатдан ташриф буюрган 1000 дан зиëд ширкат вакили иштирок этаяпти.

Суҳбатдошга кўра, тадбир мобайнида пахта савдоси билан боғлиқ бир нечта “давра суҳбати” ўтказилади.

- Тадбир қатнашчилари пахта толаси сотиб олиш борасида шартномалар тузишлари мумкин. Ярмарка доирасида ўтказиладиган “давра суҳбатлари” мазмуни дунë пахта бозоридаги йўналишлар ва прогноз-тахминлар ҳақида бўлади¸ - дейди “Ўзмарказимпекс” ширкати матбуот вакили.

Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасини хорижга сотиш билан шуғулланадиган давлат ширкати вакилининг Озодликка айтишича, тадбир мобайнида пахта савдоси ширкати вакиллари тола ва текстил маҳсулотлари юзасидан тўғридан-тўғри шартномаларни имзолашлари учун барча шароитлар яратилган.

Давлат статистика бошқармаси маълумотларига кўра¸ Ўзбекистон пахта толаси етиштириш бўйича дунëда олтинчи, пахтани хорижга экспорт қилиш бўйича эса учинчи ўринни эгаллайди.

Ўзбекистон йилига 3¸5 миллион тонна атрофида пахта етиштиради. Бу пахтадан 1¸1 миллион тонна тола¸ 1,7 миллион тонна уруғлик чигит олинади.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотга кўра, 2007 -2011 йиллар мобайнида республикадаги 41 та пахта тозалаш заводи модернизация қилинган.


Ички бозор учун пахта

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда етиштирилган пахта толасининг 40 фоизи Ўзбекистон газлама ишлаб чиқариш эҳтиëжлари учун ишлатилади. 2016 йилга бориб бу кўрсаткичнинг 60 фоизга етиши тахмин қилинади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашган 2200 та ширкат рўйхатга олинган.

“Ўзбекенгилсанаот” давлат ҳиссадорлик ширкатига кирувчи 280 кичик корхона мамлакатда етиштирилган пахта толасини тайëр маҳсулотга айлантираëтгани айтилади.


Пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганига оид танқидлар

Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш амалиëти халқаро саҳнада жиддий танқидларга нишон бўлиб келади.

Бу танқидлар боис 2010 йилдан бошлаб дунëдаги олтмишга яқин етакчи ширкат ўзбек пахтасини бойкот қилишган.

Халқаро босимлар туфайли бу йил ўзбек расмийлари пахта теримига мактаб болаларини жалб қилмаслик қарорини олган. Бироқ бу йилги пахта мавсумида болалар меҳнатидан қисман фойдаланилмагани бу ширкатларнинг бойкот борасидаги қарорини ўзгартирмади.

Германиядаги қулликка қарши ташкилот 2012 йилги пахта мавсумида ўзбекистонлик ўқитувчи, врач ва хизматчилар ҳамда билим юрти талабаларининг мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини қоралаб чиққан.
XS
SM
MD
LG