Линклар

logo-print

АҚШнинг Ню Йорк штатида иқтисод, солиқ ва ташқи сиёсат мавзуида бўлган иккинчи дебатда президентликка номзод Барак Обама ва Митт Ромнилар ўртасида даҳанаки жанг бўлди.


Бу сафарги баҳсда Обама аввалгиларидан кўра анча дадилроқ кўринди ва рақиби Ромнининг солиқлар, ҳукумат харажатлари, иқтисод ва бошқа масалалардаги танқидий ҳужумларини устамонлик билан енгишга ҳаракат қилди.

Қаттиқ баҳслашган рақиб номзодлар бир неча бор бир-бирининг гапини бўлди.

Обама республикачи рақиби Митт Ромнини бойлар ҳамда нефт ширкатлари манфаатига хизмат қиладиган шахс сифатида танқид қилди.

- Республикачиларнинг ёлғон ваъдаларига ишонманг. Улар бизнес имконларини яратаман, деб бойларга камроқ солиқ солишни ҳоҳлайди. Натижада, бойлар бойийди, камбағалларнинг аҳволи янада оғирлашади, деди Обама.

Ўз навбатида Ромни демократ рақиби Обаманинг иқтисодий сиёсатини танқид қилди. Митт Ромнига кўра, бундай сиёсат ишсизлар сонининг ошишига олиб келган.

- Ўтган тўрт йил давомида у ишчи ўринларини кўпайтиришни уддасидан чиқа олмади. У сайланганда мамлакатда ишсизлик етти фоиздан кўп эди, ҳозир ҳам шу, деб жавоб қилди Ромни.

Ню Йоркдаги Хофстра университетида кечган баҳс давомида номзодлар сайловчилардан тушган саволларга ҳам жавоб берди.



Ишсизликка қарши қандай курашасиз, деган саволга Ромни: "Таълим олишни арзонлаштириш ва ҳукумат ўз ёрдамини кенгайтириши керак. Мен иш ўринлари яратишни биламан. Тадбиркор сифатидаги тажрибамни ишга соламан. Ўрта синфни мустаҳкамлаш учун нима қилиш кераклигини биламан. Обама буни билмайди", деб жавоб қилди.

Сайловчилардан бири Митт Ромнига юзланиб: "Олдинги президент Жорж Бушдан фарқингиз нима?" деб сўраганида республикачи номзод: “Буш бошқа, мен бошқа одам. Буш савдода Хитойнинг айёр сиёсатига эътибор бермади. Мен қаттиқ тураман. Буш бюджетга қарамади. Мен қарайман. Кичик бизнесга ёрдам бермади, мен ёрдам бераман”, деб жавоб қилди.

Обама эса: “Ромни ҳеч қачон Хитойга қаттиқ турмайди. Унинг ўзи Хитой билан савдодан даромад олиб ўтирган одам. Бюжетга келсак унда бу борада аниқ режа йўқ. Унинг бу борадаги мавқеи ҳар куни ўзгариб туради”, деб таъкидлади.

"Нима учун яна сизга овоз беришимиз керак?" деган саволга Обама: "Мен аста–секин ваъдаларимни устидан чиқяпман. Иқтисодни тиклаяпман. Лекин иқтисодий бўҳрон бизга кўп зарар етказди. Бунинг оқибатларини енгиш осон эмас. Ташқи сиёсат бобида Ироқдаги урушни тугатдим. Афғонистондан чиқяпмиз. Ал- Қоидани яксон қилдик. Усама бин Ладинни йўқ қилдик. Дунё аҳли бизни яна ҳурмат қила бошлади", деб жавоб қилди.

Ромни эса Обама ваъдалари устидан чиқмаганини, бюджетдаги камомад икки ҳисса ошганини тилга олди.

Ню Йоркдаги Хофстра университетида тўқнашган номзодлар баҳсига СNN бошловчиси Кэнди Кроли бошловчилик қилди.

Ўтган ҳафта Обама ўз рақиби билан дебатда ўзини яхши кўрсата олмагани ортидан демократлар хавотирга тушганди.

Лекин, жамоатчилик сўровида бу гал Барак Обама рақиби Митт Ромнидан устун келганини кўрсатмоқда.

Аввалги дебат ортидан республикачилар номзоди, Массачусетс ҳокими ва тадбиркор Митт Ромни жамоатчилик сўровларида анча илгари силжишга муваффақ бўлганди.

Лекин, сайловига бор-йўғи 21 кун қолган бир пайтда сайловолди курашларида кимнинг қўли баланд келаётгани ҳануз яққол кўрингани йўқ.

Демократлар партиясидан номзод бўлган жорий президент Американинг 9та штатида кичик фоизлардаги фарқ билан устунликни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Келгуси тўрт йил давомида АҚШ президенти ким бўлиши айнан шу штатлар аҳолиси қарорига боғлиқ бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG