Линклар


Аҳоли орасида Ҳазрати Амиржон тоши, деб аталадиган Кўлоб қадамжосидаги ëдгорлик тоши Амир Темурнинг набираси тарафидан ўрнатилгани аниқланди.


Мир Саид Али Ҳамадоний қабри, дея аҳоли тарафидан сиғиноққа айлантирилган мармар тошининг ғубор остида қолиб кетган битиклари археологлар томонидан ўқилганидан кейин кўп нарса ойдин бўлди.

Тожикистонлик матншунослар йиллар мобайнида путурдан кетган ëзувларни ўқигач¸ бу ëдгорлик Амир Темурнинг набираси Шайх Муҳаммад Абдуллоҳ тарафидан 1547 йили ўрнатилганини аниқлади.

Амир Темур ўлимидан 156 йил ўтиб ўрнатилгани айтилаëтган бу мармар тошдаги ëзувларни ўқишга муваффақ бўлган археолог¸Кўлоб тарихий музейи директори Ҳотамшо Асозоданинг Озодликка айтишича, бу ëзувни ўқишга сўнгги 30 йил ичида бир неча бор бесамар уринишлар бўлган.

- Бу битикларни ўқишга 1993 йилда ҳам уриниб кўрилган эди. Тош узоқ вақт тавоф қилинавергач, ëзувлар сидирилиб ўқиб бўлмас ҳолга келиб қолгани матншунослар ишини қийинлаштирди. Битикдаги бир жумла биз учун муваффақият калити бўлди¸ дейди археолог.


"Унинг жойи беҳиштдадир"

Кўлоблик археологга кўра, айнан мана шу жумла ўқилганидан кейин битик нима ҳақда экани ва қачон ўрнатилгани тезда аниқ бўлган.

- Тош Амир Темурнинг набираси Шайҳ Муҳаммад Абдуллоҳ тарафидан ўрнатилган. Тошнинг дарз кетган қисмида Мирий Кабирга оид "Авроди фатҳия" асаридан парча мавжуд. Марказда эса Қуръони шарифдаги "Тоҳо" сураси битилган. Ўтган асрнинг 50-йилларида дарз кетгани боис битикнинг бу қисмини буткул ўқиш икмони бўлмади. Яхши сақланиб қолган мисра "Унинг жойи беҳиштдадир", деган жумлани абжад тартибида ўқиб 1547 деган рақамга дуч келдик¸ дейди археолог.


Ҳотамшо Асозодага кўра, бу тош 1547 йили Амир Темурнинг невараси тарафидан ўрнатилгани абжад ҳисоби билан аниқланган.

Ўзбекистондаги Темурийлар музейи мутахассислари Амир Темурнинг 1547 йилда яшаган набираси Шайх Муҳаммад Абдуллоҳ ҳақида бирор билгига эга эмаслигини айтди.

Темурийлар тарихи музейи ходими¸ тарихчи олим Ўткир Алимовга кўра Темурнинг аксар авлодлари тарихда изсиз йўқолган:

- Фақат бир бутоғи бугунгача яшаб келмоқда. У ҳам бўлса Бобурнинг Ҳиндистондаги авлодлари. Лекин Темурнинг ўлимидан кейинги шажарада Шайх мақомидаги шахс йўқ дейди Ўткир Алимов.

Тош оддий аҳоли орасида ошиғич эҳтиромга эга Мир Саид Али Ҳамадоний қабри, деб тахмин қилинган жойга ўрнатилган бўлса ҳам битик мазмунида Ҳамадоний ҳақида бирор жумла йўқлиги аниқланди.


Ниятнинг самовий тоши

Амир Темурнинг набирасига оидлиги аниқланган Кўлобдаги битик тоши оддий аҳоли ўртасида муродларни ҳосил қиладиган восита сифатида қадрланган.

Аҳоли орасида Ҳазрати Амиржон, деб юритиладиган бу маскан дардга йўлиққан беморлар, фарзанд тилаган бепуштлар ва иши юришмаган ожизларнинг сўнгги умид манзили экани айтилади.

Ваҳшдан келган зиëратчи Сафия Ҳакимзодга кўра, Мир Саид Али Ҳамадоний қабридаги тош осмондан тушган саждагоҳдир.

Ҳар кимки бу тошни тавоф қилиб худога мурожаат қилса муроди ҳосил¸ нияти вожиб бўлади¸ дейди кўлоблик аëл.

- Бу тошни бир неча марта олиб кетишди. Аммо, бу тош яна жойига қайтиб келаверди. Ҳар кимки бу тошдан ëрдам истаб худовандга ëлборса, бу ëрдамни олади. Ниятларимиз қабул¸ муродларимиз ҳосил бўляпти. Шунинг учун ҳам биз бу тошни оиламиз билан келиб доимо зиëрат қиламиз¸ дейди Сафия Ҳакимзод.

60 яшар Кўлоб турғуни Маҳамадҳаким Шодиев Озодлик мухбири билан суҳбатда бу тошни эсини танигандан бери билишини айтди.

Шодиевга кўра¸ ўтган асрнинг 50-йилларида уламолар бу тошга сиғинманглар, деб тарғибот қилишганидан кейин зиëратчилар оқими сусайган.

Айни кунларда тош ўрнатилган маскан ëнида бир диний инструктор ўтириб, қадамжога келганларга зиëрат одобини ўргатмоқда.

Зиëратгоҳ ичкарисидаги мулла эса ташриф буюрганлардан олган гонорар эвазига Қуръонни тиловат қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG