Линклар


Ҳокимият мутасаддилари пойтахтлик коммунал хизматчиларга Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг коррупцияга берилган ўнлаб раҳбари қамалганига оид ҳужжатли филмни намойиш қилди.


Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан намойиш қилинган филмда айтилишича, шу йил давомида пойтахтдаги ширкат раҳбарларининг учдан бири иқтисодий жиноятлари учун турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Собиқ касбдошлари жиноятлари ҳақидаги ўзбек тилида тайёрланган ярим соатлик филм 14 октябр куни Тошкентдаги “Истиқлол” концерт саройига таклиф қилинган коммунал хизмат вакилларига намойиш қилинди.

Филмда коррупция энг кўп урчиган Олмазор, Учтепа ва Сирғали туманларидаги ХУЖМШларнинг собиқ раҳбарлари ҳақида гап боради ва жумладан, биргина Сирғали туманида катта миқдордаги коррупция жиноятлари бўйича 14та жиноий иш очилгани таъкидланади.

Исми сир қолишини сўраган Сирғали туманидаги ХУЖМШ раҳбарларидан бири филмни томоша қилганини айтар экан, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томошадан сўнг амалдорларга қўлланган жазо қолганларга ўрнак бўлиши кераклигини таъкидлаганини айтди.

- Биздаги “Строителний” шаҳарчасини кўрсатди. Яхши ишлашмаганда энди, тўғрида энди. Подваллар сувга тўла. Бизлар масалан, тоза ишлаймиз, қинғир ишларимиз йўқ, дейди Сирғали туманидаги ХУЖМШ раҳбарларидан бири.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган ўқитувчи Шавкат Бадаловнинг айтишича, у пойтахтдаги ХУЖМШ раҳбарларининг ғайриқонуний ишлари устидан маҳаллий ҳокимиятларга бир неча бор шикоят қилган, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаган.

- ХУЖМШ раҳбарларининг аксариятини қўли эгри. Бирор бир бузилиб қолган системалар бўлса, мурожаат қилсангиз қулоқ солишмайди. Ана шу камчиликлар бажарилмаган бўлса ҳам ҳокимиятга бажарилди, деб сводка бериб туришади. Уларнинг иши фақат пул йиғиб олиш, дейди Шавкат Бадалов.

Ўқитувчига кўра, расман айтилгани каби шаҳардаги ХУЖМШ раҳбарларининг учдан бири қамоққа ташланган бўлсада, бу билан соҳада ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмайди.

- ХУЖМШ раисларини чақириб буни айтгани билан ҳам бундан бир натижа чиқмайди. Бу нарсани ҳокимларнинг ўзларига айтиш керак, токи бошқарувни тўғри йўлга қўйсин. Ҳокимиятдагилар ХУШМШларни йўқ жойдан пул ундиришга ундайди ва улар мажбур бўлиб, қинғир ишга қўл уради, бунга энг аввало ҳокимиятнинг ўзи айбдор, дейди тошкентлик ўқитувчи Шавкат Бадалов.

Uznews.net Интернет сайтининг ёзишича, Тошкентда маҳаллий ҳокимиятларда қўллаб туруви паноҳи бўлмаган бирорта ҳам ХУЖМШ раҳбарини топиб бўлмайди.

"Бу раҳбарлар юқорида ўтирган "босс"ларининг кўрсатмаларини сўзсиз ижро этишади ҳамда жиноятлар очилиб, этик тор келиб қолганда, барча айбни ўз бўйнига олишга маҳкум этилган", деб ёзади Uznews.net нашри.

Жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарқатган хабарга кўра¸ пойтахтдаги кўп қаватли уйларга коммунал хизмат кўрсатувчи 206 та Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари ишдан бўшатилган, 481 та ширкат раҳбарига нисбатан кескин чоралар кўрилган эди.
XS
SM
MD
LG