Линклар


OzodJavob дастурининг навбатдаги сонида хорижда ишлаётган мардикорларнинг пенсия ёшига етгач нафақага чиқиш тартиби ҳақида суҳбатлашамиз.

Кейинги 10 йил давомида Россияда мардикорлик қилаётган хоразмлик 55 ёшли Жуманиёз ака пенсияга чиқиш тартиби билан қизиқиб, OzodJavobга хат ёзди.

"Мен пенсия ёшига яқинлашаяпман. Авваллари колхозда ишлаганман. Колхозлар тугагач ҳеч қаерда ишламадим. Кейин Россияга ишлашга келдим. 10 йилдан ошди келиб ишлаётганимга. Энди менга Ўзбекистонда пенсия бериладими ўзи, деб хавотирга тушаяпманда. Қариганимда ҳеч бўлмаса бир-икки сўм келиб турса ҳам яхшида. Илтимос мен каби Россияда юрганларга пенсияга бериш тартибларини билиб берсангиз", дея илтимос қилди хоразмлик мухлис.

Жуманиёз аканинг саволига тўлиқ жавоб бериш мақсадида Ўзбекистонда эркакларга қай тартибда пенсия тайинланишига батафсил тўхталамиз.

Ўзбекистонда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда белгиланишича:

- Эркаклар 60 ёшга тўлганида ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

- Аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.


Биз пенсия тайинлаш учун маъсул ташкилот Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилдик.

Ташкилотнинг ўзини таништирмаган мутахассисига кўра, эркаклар 60 ёшга тўлганида 25 йиллик иш стажига эга бўлса, тўлиқ нафақа олиш имконига эга бўлади.

- Эркаклардан 25 йил иш стажи талаб қилинади, 60 ëшда пенсияга чиқиши учун. 25 йил иш ҳақи тўғрисидаги маълумотни берса, охирги 10 йиллик бўйича, пенсия тайинлаб берилади. 25 йиллик стаж бу тўлиқ пенсия тайинлаш учун. Пенсия миқдори ҳам ҳозирги нима бўйича камида 141 минг сўм бўлади, деди мутахасис.

Қонунга кўра, агар эркак 60 ёшга тўлганида камида 5 йиллик иш стажига эга бўлса ҳам пенсияга чиқарилади. Лекин бу ҳолатда унга тўлиқ бўлмаган нафақа тайинланади.

- 60 ëшда эркаклар энг камида 5 йил стажга эга бўлганда ҳам пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. У ҳам тўлиқсиз бўлади. 70 минг сўм атрофида бўлади ҳозир. Бор стажида пенсия ҳисоблаб чиқилади ва пенсия миқдори камаяди стажи тўлиқ бўлмаганлиги учун, деди мутахасис.

Молия вазирлиги мутахасисига кўра, агар эркакнинг иш стажи 5 йилдан кам бўлса, у фақат 65 ёшида ижтимоий нафақага чиқарилиши мумкин.

- Агар беш йилга етмаса стажи, 65 ëшда ижтимоий нафақага чиқади. Яъни қонун бўйича иш стажига эга бўлмаган кекса ëшдаги ëки меҳнатга лаëқатсиз фуқароларга ҳозирги пайтда энг ками 86 минг 835 сўм тўлаб берилади, агар иш стажи 5 йилдан кам бўлса, деди мутахасис.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахасисидан бугунги кунда Россияда қонуний ишлаётган минглаб ўзбекистонликнинг пенсия олиш тартиби қандай бўлади, дея сўрадик.

- Россияга кетаëтган кишилар ўзининг шахсий иши билан кетаяпти. Улар ҳеч қандай страховой взнос тўламайди пенсионний фондга. Бизга ҳеч қандай налог тўламайди.

Озодлик: Агар у ëқда патент олиб, солиқ тўлаб, қонунан ишласачи?

- Бу нарсага соглашение йўқ икки давлат орасида. Бизга страховой взнос тўламаяпти ҳозирги кунда. Налог тўласа, Россияда тўлайди. Бизга бу не касается. Россияда ишлаган иш стажи, бошқаси бизда ҳисобга олинмайди. Бизнинг фуқаро у ëққа бориб ишлаб келса, пенсия тайинлашда бу ҳисобга олинмайди, деди мутахасис.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, пенсия олишни истаганлар хоразмлик Жуманиёз ака сингари ёшлигида бирор ташкилотда ишлаган бўлса ва бу 5 йилга тенг иш стажини ташкил қилса, у 60 ёшида тўлиқ бўлмаган пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. (Бу ҳолатда фуқаро ўша пайтдаги меҳнат дафтарчасини тақдим қилиши шарт бўлади.)

Азиз муштарий агар сизда бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришнигизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.


Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG