Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:10

Нима, ўзбек тили камбағалми?



21 октябр – Тил байрами яқинлашиши билан тилпарастлик “касал”им ваража қила бошлайди. “Нега ўзбек тилим бошқа тиллардек эмин-эркин нафас олмайди?!” деб дунёларга жар солгим келади.

Эътироз қилишингиз мумкин, “Э, ғофил банда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 22 йил бўляпти-ку” деб. Шундайликка шундайку-я, аммо ҳусни тажвид билан битилган қонун серҳашам жавону ғаладонларда қолиб кетиб, ҳаётга кўчмаса, чатоқ экан-да!

...Нонушта маҳали телевизор кўриш одатим бор. Эрталабда ЎзТВнинг биринчи каналида президентнинг Озарбойжонга сафари ҳақида репортаж кўрсатилаётган экан.

Мухбирнинг аямай шакар сепилган шарҳи фонида ўзбекнинг Исломи ва озарнинг Илҳоми иштирокида матбуот анжуманидан парча берилди. Юртбоши ўзи ўрнатган расм-русумга хиёнат қилмади: ҳар сафаргидек русча баёнот берди. Кичик Алиев ҳам шундай йўл тутди.

Қизиғ-а, бир-бирини тилмочсиз ҳам тушунадиган икки туркий арбоб Владимир Путин забонида гаплашса...

Ишхонага келдим. Дарвоқе, ҳуқуқшунос эканимни айтмадим-а. Замонавий юрист янги қонунлардан ғофил қолмаслиги керак, нима дедингиз? Ҳар куни бирровга бўлса-да зиёрат қиладиганим – Норма.уз ва Право.уз сайтларига меҳмон бўлдим.

Қонун ҳужжатларини тандирдан узилган бўрсилдоқ нондек иссиқ-иссиқ етказиб берадиган ҳар икки сайтда бари материаллар, афсуски, рус тилида эълон қилинади. “Парламент ҳам, каттаю кичик идоралар ҳам қонуну низомларни олдин русча тайёрлаб, кейин ўзбекчага ўгирса, Нормаю Право нима айб” дейсизми? Ие, ундай бўлса, сайт эмас, ҳужжатлар ижодкорларидан ўпкалаш керак экан-да...

Қўлимда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича иш бор эди. Энди номи чиқаётган компаниялардан бири рақиб фирмани ғоя ўғрилашда айблаб арзнома ёзган. Муаллифлик ҳуқуқига оид қонунларни бир сидра кўриб чиқиш учун Интеллектуал мулк агентлиги сайтига виртуал саёҳатга чоғландим.

Вебташрифхонанинг русча бўлмаси бинойидек ишлаяпти. “O'zbekcha” деган ҳаволани босдим-у... “Узр, саҳифа янгиланмоқда!” деган шапалоқдек эълонни ўқидим. Қойил-э, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга масъул бутунбошли идора вебташрифхонасида давлат тилида бир энликкина маълумот бўлмаса! Қолаверса, ўзбек тили ҳам шу миллатнинг интеллектуал мулки эди, шекилли?!

Агентликка қўнғироқ қилиб, “Ўзбек тилига ҳурмат шуми?” дегандек ваъз-насиҳат қилиш фикри туғилди. Телефон рақамини билиш учун 09га – маълумотлар хизматига сим қоқдим. Қисқа гудокдан кейин гўшакнинг у томонидан “Ноль девять слушает! Чем я могу вам помочь?” деган овоз келди. Оббо, ёмғирдан қочаман деб, дўлга тутилдим-ов...

Қўл ишга бормай қолди. Хаёлни чалғитиш учун Фейсбукка кирдим. Бекор кирибман. Бу ерда ҳам ўша аҳвол. Бип-бинойи қоракўз ўзбеклар ўзаро (бошқа миллатлар билан бўлса ҳам майликан!) жингалаксоч шоир тилида чулдирашяпти. Култур-мултур деганлари шудир-да!

Бугун менинг куним эмас экан. Кайфият бўлмади. Иш ҳам унмади. Кунни базўр кеч қилдим.

Уйга қайтишда бозорга кириб ўтдим. Яхшиям, шу бозорларимиз бор! Она тилимизнинг чапани, деҳқонча лаҳжаси бўлсаям шу ерда жон сақлаб келяпти. Бўлмаса, худо кўрсатмасин, лотинча ё санскритча каби ўлик тиллар рўйхатига тиркаб юборилармиди!

Тарвуз сотаётган оқ яктакли отахон билан хушхандон савдолашиб, яшил тўнли паҳлавонлардан биттасини тўрхалтага жойлаётганимда борбаракачи мўйсафид “Пажалиска, кеп туринг” деган мулозимати билан эндигина ўнгланаётган кайфиятнинг белига тепди.

Кўнгилсизлик кетма-кетига келади, шекилли. Уйга келсам, сув қувури ёрилиб ҳаммаёқ шалаббо бўп ётибди. Зудлик билан уй-жой мулкдорлари ширкатига сим қоқдим. Бир ош дамлагулик вақт ўтиб, отнинг қашқасидек маълум сантехнигимиз Алик (асл исми Олимжон, ўрис боғча-мактабни хатм қилган, ўзбекчадан паққос бехабар) “Здорово, братан, что ещё натворили?” дея кириб келди...

Ростдан, нима қилиб қўйдик ўзи?..
XS
SM
MD
LG