Линклар

logo-print
АҚШ Федерал тергов бюроси ва Ню Йорк полицияси чоршанба куни Федерал заҳира банкининг Ню Йоркдаги бўлими эшиги олдида кучли портловчи мосламани портлатишга чоғланган бангладешлик шахсни ҳибсга олдилар.

Бангладеш фуқароси 21 ёшли Қози Муҳаммад Нафис оммавий қирғин қуролидан фойдаланишга уринганлик ва Ал-Қоидага кўмак кўрсатганликда айбланмоқда.

У чоршанба куни эрталаб “Миллениум” меҳмонхонасида туриб, бир неча маҳалла нарида турган микроавтобусдаги беш юз кило зарядга эга бўлган портлаш мосламасини уяли телефон ёрдамида ҳаракатга келтиришга уринган пайтда қўлга олинган.

Аслини олганда микроавтобусда портловчи мослама бўлмаган. Нафис билан бир неча ой мобайнида террорчилик хуружи режасини ишлаб чиққан ва портловчи мосламани йиққан кишилар Федерал тергов бюроси (FBI) ходимлари бўлган.

Айблов хулосасига кўра, Нафис Қўшма Штатларга шу йил январ ойида талабалик визаси билан келган. Июл ойида у киберфазо мониторинги билан шуғулланувчи ФРБ агентлари эътиборини ўзига жалб қилган. Махсус хизматлар маълумотига кўра, бангладешлик талаба террор ҳужумларини амалга ошириш учун ўзига шерик қидираётган бўлган ва FBI бу ролга ўз “номзод”ини таклиф қилган.

Махсус хизматлар тақдим этган ҳужжатларда қайд этилишича, бангладешлик меҳмоннинг АҚШга келишдан мақсади имкон қадар кўпроқ одам ўлимига сабаб бўлувчи террорчилик хуружини ташкил этиш бўлган.

Айблов хулосасида унинг Ф агенти билан суҳбати келтирилган бўлиб, унда Нафис ўзини Ал-Қоида аъзоси деб таништирган агентга ўзи уюштирмоқчи бўлган террорчилик хуружи Ал-Қоида томонидан амалга оширилди, дея маълумот тарқатилишини истагани айтилган.

Нафис худкушга айланишга ҳам рози бўлган ва агар шундай қарорга келинган тақдирда, у сўнгги бор Бангладешга бориб, яқинлари билан видолашиб келишга изн сўраган. Ишга чиқиш олдида у ўз мақсади Американи йўқ қилиш экани қайд этилган хатни ёзиб қолдирган.

FBI ва Ню Йорк полиция бошқармаси вакиллари бу ҳибсга олиш ҳақида эълон қила туриб, террорчилик экстремистлар учун “жозиб” ҳадафлар кўп бўлган шаҳарга жиддий хавф солишда давом этаётганини урғулаганлар.

Юзлаб одам ишлайдиган ва ертўласида дунёдаги энг йирик олтин омбори жойлашган Федерал заҳира банкининг Ню Йорк бўлими биноси айбланувчини қизиқтирган объектлардан бири бўлган, холос. У Ню Йорк биржасини ҳам кўз остига олиб юрган.

- Бу одам шубҳасиз жиноий мақсадларни кўзлаб юрган. У бизнинг институтларга нисбатан душманлигини ҳамда уларни йўқ қилишга тайёр эканини намойиш қилди¸ дейди собиқ судя Эндрю Наполитано.

– Агар FBI унга хўрак ташламаганда, афтидан, у ўз ниятини амалга ошириш йўлини топган бўларди. Бошқа томондан эса у кейинги ўн бир йил ичида ФБР қармоғига илинган ўн саккизинчи одам бўлиб ҳисобланади. Яъни у ҳақиқий фитна иштирокчиси бўлмаган. Мен америкаликлар “махсус хизматлар бу каби одамларни аниқлаган тақдирда, шундай усулларни қўллаши керакми?” деган масалани ўзлари учун ҳал қилиб олишлари керак, деб ўйлайман. Чунки, кўринишдан, у бундан кейинги ҳаётини энди панжара ортида ўтказади.

Уч йил аввал яҳудийлар ибодатхонасини портлатишга оид тил бириктирув ҳақидаги иш юзасидан ҳукм чиқарган пайтда ҳам федерал судя FBI агентларининг мазкур ишдаги ролига скептикларча муносабатда бўлганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG