Линклар

Ўзбекистонда сўнгги 9 ой ичида MAN русумидаги юк автомобиллари ишлаб чиқариш деярли 35 фоизга ошгани¸ автобус ва енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми кўпайгани айтилса-да, бу рақамлар тафтишга муҳтож.

Матбуотда эълон қилинган маълумотга аниқлик киритган Ўзбекистон давлат статистика бошқармаси мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда автомобил саноатидаги ўсиш бир оз бўрттирилганини таъкидлади.

Исми сир қолишини истаган мулозимга кўра¸ юк машиналари ишлаб чиқариш ошди, деб айтиш унчалик тўғри эмас:

- Гап шундаки, шу йилнинг 30 июл куни Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида МАN немис юк машиналарини йиғиш ва хизмат кўрсатиш ишлаб чиқариш мажмуаси очилган эди. Мажмуа очилганидан бери ўтган даврда 632 юк машинаси ишлаб чиқарилди. Бу ўринда завод ўз режасидаги машиналарни ишлаб чиқди, дея оламиз. 35 фоиз ошди, деган рақамни айтиш сал бўрттириш бўлар эди¸ дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра, бу ўринда “ишлаб чиқариш” деган жумла ўрнига “юк автомобили йиғилди” деган калима тўғрироқ бўлади:

- Чунки барча комплектация деталлари Германиядан келтирилмоқда, бироқ MAN юк машиналари Тошкент трактор заводида ишлаб чиқариладиган прицеплар билан таъминланмоқда¸ дейди Ўзбекистон давлат статистика бошқармаси мулозими.

“MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонаси муассислари “Ўзавтосаноат” давлат ширкати ва Германиянинг “MAN Nutzfahrzeuge AG” ширкатидир. Корхона низом жамғармасининг уч миллион евро миқдорида экани айтилади. Ҳиссалар ўзбек томонига 51 фоиз, немис томонига 49 фоиз қилиб тақсимланган.

2009 йил август ойида ташкил этилган MAN автомобилларини ишлаб чиқарувчи мажмуа бир йилда 5 мингта юк машинаси ишлаб чиқариш қувватига эга.

Корхонанинг иккинчи йиғув линияси ишга тушгач, бу ерда 10 мингтагача автомобил ишлаб чиқариш имконияти яратилиши айтилмоқда.

Илгари ўзбек оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ва Германиянинг бошқа бир ширкати - Daimler AG ҳамкорлигида мамлакатда Mercedes Benz автобуслари йиғилиши ҳақида айтилганди.

2010 йилда Тошкентда Daimler AG ва "Ўзавтосаноат" ўртасида қўшма корхона тузиш ҳақида гаплашилган эди.

Бироқ бу ғоялар номаълум сабабларга кўра ҳаётга татбиқ этилмади.

1992 йилда Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида Германиянинг Мерседес юк машиналари ишлаб чиқарувчи ширкати билан ҳамкорликда бошланган лойиҳа ҳам самарасиз якун топган эди.


Автобус ва енгил автомобиллар ишлаб чиқариш кўпайди

Ўзбекистондаги расмий нашрлар мамлакатда кейинги 9 ой ичида автобус ва енгил автомобиллар ишлаб чиқариш 5 фоизга кўпайганини маълум қилди.

12.uz нашрига кўра¸ Самарқанддаги автомобил заводида кейинги 9 ой мобайнида 742 автобус ишлаб чиқарилган.

65 йўловчига мўлжалланган бу автобуслар Россиянинг "Эрмис" ширкати билан ҳамкорликда лойиҳалангани айтилади.

Бу автобусларга Германиянинг Deutz ширкати ишлаб чиқарган дизел моторлари ўрнатилган.

Мутлақ давлатга тегишли "СамАвто" корхонаси 2006 йилда банкрот деб топилган "СамҚўчАвто" Туркия-Ўзбекистон қўшма корхонаси ўрнида ташкил қилинган.

Сўнгги 9 ойда енгил автомобил ишлаб чиқариш ҳажми 6 фоизга ошгани эса "Ўзавтосаноат" хабарномасида билдирилди.

Маълумотларга кўра, 2012 йилнинг январ ойидан сентябрга қадар Ўзбекистонда 175 мингдан кўп енгил автомобил ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги автомобил салонларидан машина сотиб олиш мушкуллигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG