Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:42

Ўзбекистон суди Carlsberg даъвосини рад этди


Ўзбекистон Олий хўжалик суди 16 октябр куни Carlsberg Uzbekistan (UzCarlsberg) ширкатининг мамлакат солиқ идоралари молиявий санкциялари бўйича киритган кассация шикоятини рад этди.

Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Олий хўжалик судидаги яқин манбага таяниб хабар қилди.

Даниядаги Carlsberg Group ширкатининг 100 фоизлик сармоясига ташкил этилган Carlsberg Uzbekistan солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳамда умумий қиммати 9 миллиард сўмлик ($4,6 миллион АҚШ доллари) маҳсулотни ҳисобга киритмаган ҳолда сотишда айбланган эди.

Carlsberg Group матбуот хизмати раҳбари Бен Мортон Озодлик билан суҳбатда маҳкама жараёни ҳали ҳам давом этаётганини айтиб, Олий хўжалик суди қарори юзасидан изоҳ бера олмаслигини билдирди.

- Жараён ҳали тўхтагани йўқ. Шу сабабдан бирон гап айта олмайман, деди Мортон.

Ўзбекистон солиқ идоралари ширкатни 2008-2010 йилларда ҳисобга олинмаган хом- ашёдан 16,6 гектолитр пива ишлаб чиқариб, уларни яширин равишда сотганликда айбламоқда.

Тошкент шаҳар Хўжалик суди август ойида солиқ идораларининг ушбу даъвосини ўрганиб, Carlsberg Uzbekistan гуруҳига даромад солиқларини тўлаш мажбуриятини юклади.

Шундан сўнг Carlsberg Uzbekistan ўтган ой суднинг бу қарорини асоссиз дея, Олий хўжалик судига апелляция шикоятини киритди.

Ўзбекистонда 2007 йилдан буён пиво ишлаб чиқариб келган ширкат устида қора булутлар аслида бир йил аввал пайдо бўлган эди. 2011 йилнинг ўрталаридан бошлаб корхонада Ўзбекистон прокуратураси органлари иштирокида комплекс молиявий-хўжалик текшируви ўтказилди.

Ўшанда Carlsberg Uzbekistan ширкати ваколатхонасини "қора ниқобли" текширувчилар босгани ва заводнинг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко мамлакатдан қочгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди.

Бу текширувлар ортидан корхона маҳсулот ишлаб чиқаришни тўхтатди ҳамда ишчи-ходимларини сентябргача таътилга чиқариб юборди. Бугунги кунга келиб корхонада пиво ишлаб чиқариш қайта бошлангани йўқ.

- Ишлаб чиқариш вақтинча тўхтаган, бу мутлақо хом-ашё етишмаётгани билан боғлиқдир. Биз муаммони иложи борича ҳал этишга ҳаракат қилаяпмиз, деди Бен Мортон.

Хом-ашë муаммоси нега шунча вақтдан буён ҳал бўлмаяпти, деган саволни жаноб Мортон жавобсиз қолдирди.

Айни пайтда Carlsberg Ўзбекистондан кетмоқда, ширкат бошқа инвесторлар билан Ўзбекистондаги шўъба корхонасини сотиш тўғрисида музокара ўтказаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Carlsberg Group матбуот хизмати раҳбари Бен Мортон Озодлик билан суҳбатда бу хабарларни рад этди.

- Бу нотўғри, Ўзбекистондан чиқиб кетиш ниятимиз йўқ, деди Мортон.

Ўзбекистонда 2007 йилдан бери фаолият юритган Carlsberg Uzbekistan “Сарбаст” брэнди остида бир неча турдаги пиво ва бошқа салқин ичимликлар ишлаб чиқарган.

Йилига 1.3 миллион гектолитр пиво ишлаб чиқариш қувватига эга завод Ўзбекистонда 400 одамни иш билан таъминлаб келган.

Ўзбекистондаги корхонага данияликлар 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя ётқизган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:18 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG