Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:06

Ўзбекистонда Skype тўйлар урф бўлмоқда



Ўзбекистон ташқарисида яшаб-ишлаëтган минглаб ўзбекларнинг ватандаги тўй-ҳашамларда Skype воситасида қатнашаëтгани тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Ўз уйидан минглаб километр узоқдаги ота Ўзбекистонда қолиб кетган ва турмушга узатилаëтган қизига Skype орқали оқ фотиҳа бермоқда.

Кореяда ишлаëтган ўғил Ўзбекистондаги отасининг таваллуд кечасида катта экрандан туриб Skype телекўприги орқали табрик сўзи айтмоқда.

Россиядаги жиян Ўзбекистондаги тоғанинг жаноза маросимини монитордан кузатмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ичкарисидаги қариндошлар ҳам Россия¸ Корея ва Америкадаги яқинлари ўтказаëтган тўйларда Skype орқали иштирок этмоқда.

Қариндошлар ўртасидаги олис масофани кўнгил қадар яқин қилган янги Интернет технологиялар ҳақида гапирган 32 яшарлик ҳуқуқшунос Боймурод Мажидов 8 йилдан бери Санкт-Петербургда яшайди.

Санкт-Петербургдаги қарийб миллионга етиб қолган ўзбеклар жамоаси ўтказаëтган тўйларни Skype орқали Ўзбекистонга трансляция қилиш амалиëти кейинги бир йилда кенг тарқалди¸ дейди Боймурод Мажидов:

- Биласиз¸ йўл харажати қиммат. Масалан¸ Санкт-Петербургдаги бир ўзбек оиласи ўғлига суннат тўй қилиб берса¸ Ўзбекистондан меҳмон чақиришнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун тўйни Ўзбекистонда туриб Skype орқали томоша қилишмоқда. Ўзбекистондаги қариндошлар тасвирини эса тўй базмидаги катта экранга чиқариб кўрсатилмоқда¸ дейди Боймурод ака.

Skype яратган Москва - Урганч телекўприги

Урганчлик 48 яшар Рустамбой ака Москвадаги минглаб меҳнат муҳожирларидан бири.

Қизи узатилган пайтда Рустамбой ака Москвада эди. Тўй харажатлари устига йўл кира харажатлари ҳам қўшилишини истамаган Рустамбой ака қизининг тўйида Skype орқали иштирок этишга қарор қилди.

Турмушга чиқаëтган қиз Skype орқали отасидан оқ фотиҳа олди.

Рустамбой ака тўйни Skype орқали трансляция қилиш масаласида синфдош дўсти урганчлик муҳандис Қадамбойга мурожат қилди.

Қадамбой ака ва унинг шогирдлари Интернетдан 3G трафик сотиб олиб Ipad планшетларда тўй бўлаëтган Урганч ва келиннинг отаси ўтирган Москва ўртасида телекўприк яратишди.

Қадамбой аканинг Озодликка айтишича¸ Интернет трафиги тўй базми ва эртаси куни маҳаллага ош тортилиш маросимини олиб кўрсатишга ҳам етган.

Skype орқали Москвани Урганчга яқинлаштирган тасвирчи Ғайратбекнинг Озодликка айтишича¸ бундай тўйлар кундан кунга урф бўлмоқда.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00
Бевосита линк



Тасвир орқасидаги ҳузун

Санкт-Петербургда яшайдиган Боймуроднинг айтишича¸ нафақат тўйлар балки жаноза¸ худойи¸ эҳсон каби диний тадбирларда ҳам ўзбек мусофирлари Skype орқали “қатнашмоқда”.

- Албатта¸ қизини узатаëтган ота узоқдан туриб эмас ëнида туриб фотиҳа бергани маъқул. Аммо Россиядаги иш берувчи ҳар доим ҳам буни тушунмайди¸ оқибатда ишдан айрилиш ҳеч гап эмас¸ дейди Боймурод.

Москвадаги Рустамбой аканинг ҳам тўйда қатнашмагани билан боғлиқ ғамгин ҳикояни унинг синфдош дўсти Қадамбойдан эшитдик:

- Уч қизнинг отаси Рустамбой ака хотини билан бирга Россияга мардикорликка кетишди. Қизлар бувиси билан қолди. Мардикорликдаги азоб уқубатларда Рустамжон аканинг хотини касал топиб оламдан ўтди.

Орада Рустамжон икки ой ишсиз қолди. Москвада энди иш топдим¸ деганида қизига совчи келиб тўй куни белгиланди.

Иш берувчи Рустамжонга тўйга боришга изн бермади. Рустамжон тўйни Москвадаги ҳужрасида¸ монитор қаршисида ўтириб кузатишга мажбур бўлди¸ дейди Қадамбой ака.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG