Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:10

"Қўрқинчли Теҳрон - 2"


80-йиллардаги уруш оқибатида юзага келган иқтисодий тангликни юмшатиш режасида Теҳрон раҳбарлари мамлакатдаги туғилиш даражасини барча усуллар билан назоратга олди. Орадан 30 йил ўтиб айни раҳнамолар энди бу жараëнни тўхтата олмай ҳалак.



Октябр ойидаги ваъзларидан бирида Эрон олий руҳонийси¸ Оятуллоҳ Ҳуманайи умрида қилмаган ишни қилди – у ўз хатосига иқрор бўлди.

Хуросондаги ваъзида олий руҳоний “90-йиллардаги нуфус назорати ўз ҳаëтида қилган катта хатолардан” эканини тан олди. “Ҳукумат расмийлари бу масалада хатога йўл қўйди¸ бу хатоликда менинг ҳам ҳиссам бор. Бунинг учун Оллоҳ ва тарих бизни кечирсин”¸ деди Оятуллоҳ Ҳуманайи.

Ўтган асрнинг 80-йилларида юзага чиққан Эрон-Ироқ урушидан сўнг Теҳрон расмийлари оилани режалаштириш дастури қабул қилган ва мамлакатдаги туғилишни назоратга олиш ҳаракатини бошлаган эди.

Бу дастурга мувофиқ¸ аëллар учун ҳомиладорликдан сақланиш воситалари¸ аëл ва эркакларни бичиш амалиëтлари бепул тақдим этилган эди. Бола қанча кам бўлса¸ ҳаëт шунча яхшироқ бўлади¸ деган мазмундаги “Фарзанди камтар¸ ҳаëти беҳтар” деган қофияли шиорлар бутун мамлакат бўйлаб оммалаштирилган¸ иккитадан ортиқ фарзанд ортиқчадир¸ деган фикр жамоатчилик онгига қуйилган эди.

2000 йилда Эрон Соғлиқни сақлаш вазири Алиризо Марандий бу уринишлар учун БМТ Нуфус мукофоти билан тақдирланган эди.

Айни пайтда¸ кейинги 20 йил ичида Эрон жамиятида рўй берган қизларнинг кўпроқ олий ўқув юртларига кира бошлагани¸ бунинг оқибатида кечроқ турмушга чиқиб¸ кечроқ туғишга ўтиши каби ўзгаришлар ҳам мамлакатдаги туғилиш даражасининг сезиларли камайишига олиб келди.

Ҳукуматнинг бу дастури жорий президент Маҳмуд Аҳмадийнажод “Икки бола етарли” деган шиорни танқид қилишни бошлаганидан сўнг қайта кўриб чиқила бошланди.

2010 йил апрелида Аҳмадийнажод¸ Эроннинг аҳолиси 150 миллионлик буюк мамлакатга айланиш имкони борлигини таъкидлади. Аввалига эронликлар томонидан шунчаки гап¸ деб қаралган бу баëнот¸ мамлакат олий руҳонийси Оятуллоҳ Ҳуманайи оғзидан ҳам чиқа бошлагач¸ мамлакат тадқиқотчилари бу масалани алоҳида таҳлил қилишга киришдилар.

БМТ қошидаги Аҳолишунослик ташкилоти расмийларига кўра¸ Эрондаги туғилиш даражаси¸ ҳақиқатан ҳам¸ жаҳонда энг тез суръатда камайиб бормоқда ва Теҳрон раҳбарияти учун жиддий хавотир манбаига айланган.

Аҳоли сонини бир маромда ушлаб туриш учун туғилиш даражаси оила бошига энг ками 2,1 бўлиши лозим ҳолда Эрондаги туғилиш суръати ҳозирда инқироз даражасида пастлаган ва оила бошига 1¸7 ни ташкил қилади. Бу дегани¸ яқин йилларда мамлакатда иш кучи билан боғлиқ ўта жиддий иқтисодий ва ижтимоий муаммолар юзага чиқишини англатади.

Жорий йил августида Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги оилани режалаштиришга бюджетдан пул ажратиш бутунлай тўхтатилганини эълон қилди. Бунинг ўрнига энди бюджетдан туғилишни рағбатлантириш¸ оналар ва болалар саломатлигини яхшилашга маблағ ажратиладиган бўлди. Бу иш¸ расмийлар таъкидича¸ бевосита Оятуллоҳ Ҳуманайи кўрсатмаси асосида амалга оширилган.

Аммо оддий эронликлар¸ мамлакатда кучайиб бораëтган камбағаллик¸ ишсизлик ва гиëҳвандлик каби муаммолар ечимини топмагунча¸ мамлакатда кўп фарзандли оила анъанасини тиклашнинг имконсизлигини айтмоқдалар.

Кузатувчиларга кўра¸ муаммолардан яна бири¸ эронликлар орасида турмуш қуриш даражасининг кескин камайиб¸ ажралиш кўрсаткичининг эса¸ кескин ошгани билан боғлиқ. Иқтисодий-ижтимоий вазиятнинг оғирлашуви ортидан¸ оила тизими ичдан емирилмоқда¸ оқибатда туғилиш даражаси ўз-ўзидан пастга шўнғимоқда.

Демография соҳаси мутахассисларига кўра¸ бундай вазиятда Эрон раҳбарияти¸ Оятуллоҳ Ҳуманайи фатвоси асосида иш кўраëтган Теҳрон расмийлари¸ бажариб бўлмас ишга киришган.

“Жамиятдаги туғиш ва туғилиш модели бир ўзгартирилгандан кейин¸ уни ортга қайтаришнинг иложи йўқ”¸ деган фикрда аксар демографлар.

Эрон изидан бораëтган Ўзбекистон

Ўзбекистонлик демографларнинг Озодликка айтишича¸ ўтган асрнинг 70-йилларида совет Ўзбекистони расмийларининг собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари орасида мамлакат аҳоли нуфусини кўтариш ҳаракатлари оқибатида¸ 1960 йилда 6 миллиондан аранг ошган аҳоли, 1980 йилда 15 миллион, 2000 йилда 25 миллионга етган.

Расмий маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистон аҳолиси 30 миллиондан ошган. БМТ 2000 йилда чиқарган ҳисоб-китобга кўра, ўсиш суръати шу даражада сақланиб қоладиган бўлса, 2025 йилга келиб Ўзбекистон аҳолиси 50 миллионга етиши мумкин.

Мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий таранглик кучайиб¸ ишсизлик даражаси ортиб бораëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳам туғилиш даражасини кескин назоратга олишга киришди.

Ўзбекистонда туғишни маъмурий буйруқ тартибида чеклашнинг турли усуллари қўлланилмоқда. Оддий ўзбекистонликлар ва врачларнинг билдиришича¸ туман поликлиника ва туғруқхоналарига туғилишларни маълум миқдордан оширмаслик ҳақида оғзаки буйруқ берилган.

Бу буйруқни адо этиш учун аëлларни мажбуран бичишдан тортиб¸ бепул контрацептив воситалар тарқатиш каби кенг кўламли усуллар қўлланилмоқда.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда қанча аëлнинг ИЖК (ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси - бичиш) амалиëтига тортилгани ҳақида аниқ рақам йўқ. Аммо Озодлик бир неча йилдан бери ўтказиб келаëтган суриштирувлар давомида¸ икки ва ундан кўпроқ фарзанди бор минглаб аëлларнинг мажбуран бичилгани¸ ҳатто бачадонлари олиб ташлангани аниқланди.
XS
SM
MD
LG