Линклар

logo-print

Тошкент Ирригация ва мелиорация институти талабалари терган пахтанинг 27 фоизи овқатга¸ 20 фоизи “скидка” учун ушлаб қолинмоқда. Ноинсоний шароитга ташланган ҳашарчи талабалар¸ ўз чўнтагидан ҳақ тўлаб¸ маҳаллий аҳоли уйида ижарага яшамоқда.

Тошкент Ирригация ва мелиорация институти талабалари 5 сентябрдан буён Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида пахта термоқда. Ҳашарчи талабаларнинг Озодликка айтишича, терилаётган пахтанинг 20 фоизи асоссиз равишда “скидка” учун ушлаб қолинмоқда:

- Пахта ҳам кам қолди. Бу ерда пахта яхши бўлган. Келганимиздан буён биринчи терим терамиз. Норма илгари 80 кило эди. Мен 80 ни обедгача териб қўярдим. Кейин 100 кило норма қилишди. Буни ҳам тераяпмиз. Лекин бунинг учун ҳаркат қилиш керак, белларни оғритиш керакда. Масалан¸ 100 кило терсак шуни 27 килоси овқатга ушлаб қолинади, 20 кило скидка қилинади, бизга 53 килога ҳақ беришади. Бу энди жуда через-чур, бундан болалар жуда норози бўлсяпти, дейди исми сир қолишини сўраган талаба йигит.

Ҳашарчи талабага кўра, улар бир неча бор ўқитувчиларга бу ҳақда норозилик билдирган, бироқ бу арзга ҳеч ким қулоқ солмаган. "Биз тераётган пахта «подбор» эмас, балки тоза қуруқ оппоқ пахтадир", дейди талаба:

- Енгил пахта, иссиқда тоза очилган. Чаноқлари ҳам қуриб кетган. Бунда намлик деган нарсанинг ўзи бўлмаса керак. 27 кило ушлаб қолганига овқатлари ҳам арзимайди, ичида гўшт кўринмайди ҳам. Эрталаб соат 6 да чой ичамиз, битта бўлка нонни учга бўлиб беради, қозонда ширин чой қайнатилади, озгина сариёғ беради. Шу билан соат 2-2,5яримда обед келади, ошқозон ҳам шунга ўрганиб қоларкан, дейди 20 яшар талаба йигит.

Ўз курсдошлари номидан гапирган бу талабага кўра, ҳашарчи ëшлар ётадиган жойлар гарчи мактабда бўлса ҳам, шароитлар жуда ёмон ва шунинг учун ҳам аксарият талабалар қишлоқ аҳолиси уйида ўз ëнидан пул тўлаб¸ ижарада туради:

- Энди у эски мактаб, рости гап у ерда ётиб ҳам бўлмайди. Шунинг учун квартирадамиз, кунига 1500 сўмдан бериб ижарада турамиз, дейди талаба.

Озодлик талабаларнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг пахта штаби бошлиғи Тоҳир Cултонов билан боғланди. Штаб раҳбарига кўра¸ талабалардан нормага кўра скидка ушлаб қолинаяпти:

- Пахтадаги намлик ва ифлослик бугунги кунда 8-9 фоизга чиқаяпти. Лекин пахта подбор бўлса¸ бундан юқори ҳам бўлиши мумкин. Биз 20 фоиз скидка қилиниши ҳолатини сезганимиз йўқ, дейди штаб бошлиғи Тоҳир Султонов.

Ўзбекистон шароитида пахта намлиги ва ифлослангани иддаоси билан чегириладиган нисбат нормаси белгиланганми¸ белгиланган бўлса¸ у қанча?

- Юз килодан 20 кило скидка чиқарилмайди, унчалик бўлмайди скидка. Пахтани намлик даражаси 7-8 фоиз, ифлослик ҳам 2-3 фоиз, умуман 10 фоизга яқин бўлиши мумкин, бундан ҳеч қачон ортмайди. Бу ерда фақат бундан манфаатдор одамлар бўлиши мумкин. Манфаатдор эса фермер. У эса ўқитувчилар розилигисиз бу ишни қила олмайди. Назаримда, талабалар меҳнатини кимдир туя қилаётганга ўхшайди, дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG