Линклар


Давлат Думаси қўмитаси бўлиб ўтган эшитувларда Москва раҳбариятига Россия сармоядорлари ва бизнесига босим кўрсатаëтган Ўзбекистон ҳукуматига тегишли тарзда кескин жавоб қайтариш тавсия қилинди.


МТС муаммоси - Россия сармояси муаммоси деб баҳоланди

Россия парламентининг Қуйи палатаси депутатлари мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори саналган МТС ширкатининг Ўзбекистондаги муаммоларига эътибор қаратди.

18 октябр куни Давлат Думасининг Мулкчилик маcалалари бўйича қўмитаси йиғилишида депутатлар Россиянинг қатор ширкатлари Ўзбекистонда ҳукумат идоралари томонидан босимга учраётгани ва бунга “кескин жавоб қайтарилиши” лозимлиги юзасидан келишиб олдилар.

Пайшанба кунги йиғилишга Мулкчилик масалалари бўйича қўмита аъзоларидан ташқари Федерация Кенгаши, Дума депутатлари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Федерал миграция хизмати, Росҳамкорлик, Россия президенти қошидаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича ваколатхона, Россия Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистонда муаммоларга дуч келган қатор Россия тадбиркорлари, МТС раҳбарлари ва қатор бошқа расмийлар иштирок этди.



Йиғилишни бошлаб берган Мулкчилик масалалари қўмита раиси Сергей Гаврилов Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлигига ноябр ойида Тошкентда ўтказилажак Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия қўмитаси музокараларида рус сармоялари ва тадбиркорларининг Ўзбекистондаги муаммолари масаласини кўтаришни талаб қилди.

- Биз парламентлараро дипломатия алоқалари доирасида Ўзбекистон билан бўладиган музокаралар давомида бундан-да кескинроқ муносабат билдиришни тавсия қиламиз. Ҳукумат Ўзбекистон билан сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқий-норматив асосларни янада такомиллаштириши зарур. Бу талаб барча вазирлик ва қўмиталарга тегишли. Чунки МТС муаммоси – бу Россия бизнеси муаммосидир, давлатимизнинг бу соҳадаги жиддий камчилигидир! Қандай қилиб Россия сармояларни ҳимоя қилиш бўйича шартномаларни имзолай олмаган? Ахир МТС Ўзбекистонга 2004 йилда кириб борган, 2005 йилларда Ўзбекистондаги барчага маълум бўлган воқеалардан кейин бу мамлакат билан ҳамкорлик тўғрисида қатор шартномаларни имзоладик. Ўзбекистон самарали тарзда инвестицияларимизни ҳимоя қилиш бўйича бизга зарур бўлган келишувларни имзолашга йўл қўймади, дея таажубланди қўмита раиси Сергей Гаврилов.

Қўмита раҳбари ҳукумат расмийларига ҳозирги вазиятда Ўзбекистон билан ҳарбий, иқтисодий, сиёсий соҳада олиб борилаётган музокаралар давомида бизнес манфаатларни биринчи навбатга қўйишни тавсия қилди.

МТС-Тошкент "ўйини" давом этмоқда

Шундан сўнг, Ўзбекистонда жиддий муаммоларга учраган МТС, “АФК-Система”, “Арктур” компаниялари раҳбарлари маърузалари тингланди.

Корпоратив ва ҳуқуқий масалалар бўйича МТС вице-президенти Руслан Ибрагимов Тошкент билан музокаралар давом этаётгани, “ўйин тугамагани” таъкидлай туриб¸ МТСнинг Ўзбекистонга қайтишини эҳтимолдан соқит қилмади:

- Биз ортга қайтиш имкониятлари борлигини сезиб турибмиз. Ҳар ҳолда ҳозирча барча ҳуқуқий имкониятлар ишга солинмади. Шу сабабли ҳикоямиз давом этади ва сўзсиз биз давлат кўмагига муҳтожмиз, деди МТС вице-президенти Руслан Ибрагимов.

МТС ва бошқа йирик Россия ширкатларининг Ўзбекистондаги муаммолари сабабларига тўхталган Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари Департаменти раиси Александр Стерник, Россия-Ўзбекистон ўртасида сармоялар ҳимоясини таъминловчи ҳуқуқий асосларнинг деярли йўқлиги асосий муаммо эканини алоҳида таъкидлади.

- Бундай вазиятлар олдини олиш учун ҳукумат томонидан кафолатланган инвестициялар ҳимояси бўйича шартномалар имзоланиши зарур. Тўғри, МДҲ доирасида айрим бундай шартномалар имзоланган, аммо Россия унда иштирок этмайди, деди ТИВ расмийси Стерник.

Муҳожир картасини ўйинга солиш таклиф этилди

Мулкчилик қўмитаси раиси муовини Валерий Селезнёв йиғилиш иштирокчиларига 2011 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси тўртдан бирини Россия улуши ташкил этганини эслатиб қўйди. У Ўзбекистонда “Газпром”, “Лукойл” каби йирик Россия ширкатлари фаолият юритаётганини қўшимча қилди.

Селезнев МТС ва Ўзбекистон ҳукумати қарори билан тортиб олинган бошқа Россия мулкларини қайтариб олиш учун барча имкониятларни ишга солиш¸ бунинг учун Тошкентга босимни кучайтиришни таклиф қилди.

- Уларни парламентлараро муҳокамаларга чақириш баробарида бошқа томонлардан ҳам аниқ огоҳлантирув бериш зарур. Агарда биз Ўзбекистондан бу ерга келаётган товарларга ва меҳнат муҳожирларига зарба берсак, менимча¸ масала жойидаёқ ҳал этилади. Сизга эса барча мол-мулкингизни қайтариб беришади, дея МТС расмийларига қараб гапирди Валерий Селезнёв.

Ўз сўзида Селезнёв Тошкентда ўтирганларга Ўзбекистондаги тангликни юмшатиб турган муҳожир пулларининг айнан 5 миллиард доллардан кўпроғи йилига Россиядан кетаётганини ҳам эслатиб қўйиш пайти келганини писанда қилди.

"Кремл Россия бизнеси учун таянч нуқтаси бўлсин!"

Россия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Александр Рибаков Ўзбекистон чегарасида ҳам Россия маҳсулотларига жиддий тўсиқлар қўйилаётганини билдириб, “кескинроқ босим ричагларини ишга тушириш” вақти келганини гапирди.

- Сертификатлар ўзбек божхонаси томонидан тан олинмаяпти ва юкларни “тозалаш”¸ яни расмийлаштириш процедураси деярли бир йилни ташкил этмоқда. Вазият жуда мураккаб. Бизнинг корхоналаримиз халқаро қонунчиликка мувофиқ бу мамлакатга кириб бораяпти, аммо Ўзбекистон ва айрим бошқа қўшни республикаларда сиёсий таянчсиз фаолият юритишнинг иложи йўқ. МТС ҳам муайян вазиятда бу таянч нуқтасини йўқотиб қўйган бўлиши мумкин, дея хулоса қилди Савдо-саноат палатаси раҳбари муовини Александр Рибаков.

Йиғилишда иштирок этган Федерал миграция хизматининг Ташқи меҳнат миграцияси бошқармаси раҳбари Дмитрий Безроднийнинг қўмитага берган маълумотларига кўра, 2012 йилнинг 1 январидан 30 сентябрига қадар Ўзбекистон фуқароларига 498,5 минг ишга рухсатнома берилган ва бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 26 фоизга кўпдир. 1322 нафар юқори малакали ўзбек мутахассисига навбатдан ташқари ишлаш рухсатномаси (2011 йилда бу кўрсаткич 444 кишини ташкил этган), шунингдек ўзбекистонликларга 551 минг иш патентлари тақдим этилган.

ФМС расмийси асосан қурилиш, транспорт, хизмат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари Санкт-Петербург Москва вилояти ва Москва шаҳрида жойлашиб олганини таъкидлади.

Давлат Думасининг Мулкчилик маcалалари бўйича қўмита йиғилиши натижалари бўйича қабул қилинган қарорда, Россия парламенти “Ўздунробита” атрофида юзага келган вазиятдан хавотир билдириши қайд этилди.

Айни пайтда¸ ҳукумат идораларига Россия инвесторларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилиши талаби қўйилди.

Шунингдек, қўмита Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўзаро сармояларни ҳимоялаш бўйича давлатлараро келишув имзоланишини тезлаштиришни тавсия қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG