Линклар

logo-print
Сирдарёда прокуратура пахта даласини пайҳон қилганларга иш очди. Сурхондарёда фуқаро уйини вақтида битказмаган қурилиш ширкатидан товон ундирди. Парижда Амир Темур даврига оид экспонатлар кўргазмага қўйилди. Жорий ҳафта матбуотда шу каби воқеалар хусусида хабарлар босилди.

“Пахта чорва туёқлари остида топталмасин!”

Сирдарё вилоят прокуратураси пахта далаларини пайҳон қилган чорва эгаларига жиноий иш очди (“Адолат кўзгуси” 18 октябр). Боёвут туманидаги “И.Қўзибоев” фермер хўжалигининг 0,5 гектар пахта майдони шу ерлик Б.Алимовга тегишли қорамоллар томонидан пайҳон қилинган ва фермерга 480 минг сўмлик зарар етказилган. Айни шу тумандаги “С.Салимов” фермер хўжалигининг 0,6 гектар пахта майдонини фуқаро А.Абдуназаровга қарашли қорамол топтаган, натижада 680 минг сўмлик “оқ олтин” йўқотилган. Қайд этилишича, “пахта далаларини шахсий қорамоллари учун яйловга айлантириб олганлар” бошқа ҳудудларда ҳам учрамоқда ва уларга ўз вақтида жиноий иш очилмоқда. “Пахтани асраб авайлайлик, унинг чорва туёқлари остида нобуд бўлишига нисбатан ҳар биримиз курашайлик” дейди Сирдарё вилоят прокуратураси расмийси Баҳодир Бойзоқов.

“Уйни вақтида қурмагани учун товон”

Сурхондарё вилояти Термиз тумани Намуна маҳалласида яшовчи В.Йўлдошев уйни вақтида қуриб бермаган “Қишлоқ қурилиш инвест” давлат ширкатидан суд орқали 6,6 миллион сўм товон пули ютиб олди. “Инсон ва қонун” газетага кўра, Йўлдошев уй-жой қуришга масъул ширкат билан 2011 йил 23 мартда шартнома имзолаган. Ширкат 2011 йилнинг 31 декабрига қадар Термиз тумани Лимонзор аҳоли пунктида намунали уйни қуриб битказиб бериш мажбуриятини зиммасига олган ва буюрмачи уй пулини тўлаб берган. Вилоят адлия бошқармаси вакили Шуҳрат Назаровга кўра, намунали уй кўзда тутилган муддатдан 10 ой ўтиб кетса-да, ҳозиргача битмаган.

“Миллионларни ўмарган директорга жарима солинди”

Жиноят ишлари бўйича Наманган тумани судида иқтисодий жиноятларда айбланган Наманган юридик коллежи директори Бахтиёр Сатторов ва унинг ўринбосари Илҳом Тўхтаохунов иши очиқ мажлисда кўрилди. “Адолат” газетасига кўра, коллеж директори ва унинг ўринбосари ходимларга қўшимча иш ҳақи, ёрдам ва таътил пули ёзиш орқали 10 миллион сўмдан ошиқ маблағни ўзлаштирган. Коллежни таъмирлаш, китоб фондини шакллантириш учун йиғилган 10 миллион сўмдан ошиқ ҳомийлик пуллари ҳам ўмарилган. Шунингдек, тест синовида қатнашмаган 38 нафар абитуриент талабалар сафига қабул қилган.

Маҳкама якунида директор Сатторов 3 йил муддатга раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 320 баравари миқдорида (20 миллион 134 минг сўм) жаримага тортилган. Ўринбосар Тўхтаохунов эса 2 йил давомида раҳбарлик лавозимидан ишлаш ҳуқуқидан мосуво этилиб, ойлик маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиш мажбурияти юклатилган.

“Тадбиркор текширув ҳақида 30 кун олдин огоҳлантирилиши керак”

Назорат қилувчи орган режали тафтиш ўтказишдан 30 кун олдин тадбиркорни текширув предметини кўрсатган ҳолда хабардор қилиши шарт. Ўзбекистон Олий Мажлисида қонунчиликка ушбу тартибни киритиш бўйича муҳокама бўлиб ўтди (“XXI аср”, 18 октябр). Муҳокама чоғида Ўзбекистон либерал демократик партияси вакили, депутат Фахриддин Зоиров қонун лойиҳасидаги “…давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин” деган банд режасиз текширувларга асос бўлиши мумкин деган фикрни билдирган.

Парижда Темурийлар бойликлари намойиш этилмоқда

Франциянинг Лувр музейи “Ислом санъати” бўлимида Испаниядан Ҳиндистонга қадар – турли давлат ва даврларга мансуб ноёб экспонатлар қаторида Амир Темур ва Темурийлар замонига тегишли тарихий буюмлар ҳам намойиш этила бошлади (“Правда Востока”, 18 октябр). Расмий нашр хабарига кўра, VIII-XIX асрларга мансуб ноёб буюмларнинг аксари биринчи марта кўргазмага қўйилмоқда. Мақолада Луврдан ўрин олган тарихий буюмларнинг айнан нималар экани очиқланмаган. Эслати ўтамиз, 2011 йилда Лувр директори Анри Лойет Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳарларига ташриф буюрган.

“Чиқинди хизмати: нарх ошди, хизмати сифати эса ўзгармади”

Тошкент шаҳрининг турли туманларида чиқинди муаммоси кучайиб бормоқда (“Новый век”, 18 октябр). Масалан, Юнусобод тумани 19-кварталида контейнерлар камлиги, бунинг устига ахлат ўз вақтида олиб кетилмаётгани сабаб чиқинди уюлиб кетмоқда, атрофга қўланса ҳид билан бирга зарарли моддалар тарқалмоқда. Юнусобод туман ҳокими ўринбосари Акрам Солиҳов чиқинди ўз вақтида олиб кетилмаётганига уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбарлари айбдор эканини айтган.

“Жорий йилнинг апрелида тўлов ҳисобрақами ўзгарди, эндиликда аҳоли чиқинди учун тўлайдиган пул тўғридан-тўғри шаҳар “Махсустранс” бошқармасига тушади. Ҳисоб ўзгарди, нархлар ошмоқда, лекин вазият “эски ҳаммом, эски тослигича” қолмоқда... Муаммо ўттиз йил аввал қандай долзарб бўлса, XXI асрда ҳам шундай!” деб ёзади Оксана Ткаченко.

“Ишонч телефони ишончни оқлаяптими?”

Фуқаролар “Даракчи” нашрига айрим давлат идораларининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб боғланиб бўлмаётгани ҳақида хабар берди. “Яқинда Адлия вазирлигининг газета орқали берилган (8371)1-008 рақамларига қўнғироқ қилиб негадир боғлана олмадим” дейди Бухородан Олим Жумаев. Сурхондарёдан Мамлакат Ўроқова эса Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонларига бир ҳафта давомида бир неча марта қўнғироқ қилгани, аммо ҳеч ким жавоб бермаганини маълум қилган.

Адлия вазирлиги расмийси ишонч телефони мунтазам ишлаётганини таъкидлаган. Ички ишлар вазирлиги вакили фуқаролардан қўнғироқлар кўп бўлиши, бир пайтнинг ўзида бир нечта мурожаатга жавоб қайтаришнинг имкони йўқлигини билдирган.

Маълум қилинишича, фуқароларни ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан Молия (8371 200 50 50), Халқ таълими (8371 239 46 48), Меҳнат ва аҳоли ижтимоий муҳофаза қилиш (8371 239 41 12), Олий ва ўрта махсус таълим (8371 246 37 12), Соғлиқни сақлаш (8371 239 47 95), Фавқулодда вазиятлар (8371 239 16 85), Ички ишлар (8371 233 39 39) ва Адлия (8371 23347 68) вазирликларининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG