Линклар

Ўзбекистон биогаз ишлаб чиқаришга тараддуд кўрмоқда


Ўзбекистонда 2017 йилгача биогаз ишлаб чиқарувчи қурилмаларнинг 50 таси қурилиши режалаштирилди.

Ўзбекистонда 2017 йилгача биогаз ишлаб чиқарувчи қурилмаларнинг 50 таси қурилиши режалаштирилди.


Ўзбекистон Иқтисод вазири ўринбосари Жўрабек Мирзомаҳмудов маҳаллий матбуотга мамлакатда бир йилда 9 миллиард кубометр биогаз ишлаб чиқариш истиқболлари ҳақида баëнот берди:

“ Бу 6,5 миллиард кубометр табиий газ иссиқлик қувватига эга бўлади. Бу биогаздан бир йилда 18 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин”, деган Иқтисод вазири ўринбосари журналистлар билан учрашувда.

Қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш дастури бўйича Ўзбекистоннинг етти вилоятида 2017 йилгача ҳар бири 20 МВт электр энергияси ишлаб чиқарувчи 50та биогаз қурилмаси қуриш режалаштирилган.

Ўзбекистонда шу пайтгача биогаз ишлаб чиқариш БМТнинг тараққиёт дастури доирасида бир неча учирма лойиҳалар амалга оширилган, холос.

Биогаз асосан органик ахлатлардан олинади. Ўзбекистонда гумус ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона раҳбари Давлат Усмоновнинг Озодликка айтишича, мамлакат қишлоқ хўжалигидан бир йилда чиқадиган ахлат ва чиқиндилар миқдори 10 миллион тоннани ташкил этмоқда, бироқ биогаз ишлаб чиқаришнинг хом ашёси бўлган бу ахлатлар фойдаланилмай ерга солинмоқда. Мутахассис фикрича, бу тажрибани Ўзбекистон шароитида аллақачон жорий қилиш керак эди:

- Мана қаранг ҳар бир хонадондан органик ахлат чиқади. Чирийдиган ҳар бир нарса органик ахлат дейилади. Ахлат иккига бўлинади. Органик ахлат ва органик бўлмаган ахлат. Органик ахлатлар йиғилиб, тўғри биогаз ишлаб чиқарувчи қурилмага ташланади. Ташлангандан кейин уч-тўрт кундан сўнг ундан биогаз олса бўлади. Бу газни аҳолига истеъмол учун берса ҳам бўлади, -дейди Давлат Усмонов.

Ўзбекистонда ҳозирча ягона ҳисобланган, Тошкентдаги биогаз қурилмалари қуришга ихтисослашган “Махсуслаштирилган илмий-ишлаб чиқариш корхонаси” бошлиғи Акром Собировнинг айтишича, биогаз қурилмаси ҳар томондан мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтиради ва аҳолининг газга бўлган эҳтиёжини енгиллаштиради:

- Биз шундай ёмкост ясаймиз, 9 тонналик. Унга уч ҳисса барг ва бир ҳисса гўнг соламиз. Бунга биз баъзи микробларни солиб аралаштирамиз ва ачитамиз. Уч-тўрт кун ичида у газ бера бошлайди. Битта заправка 10-11 ойга етади. Давления 18 атмосфера бўлади. Ичида филтрлари бор, мешалкаси бор. Шу заправка 14 минг кубометр газ беради. Ана шу қувватдаги Хитойдан келтирилаётган қурилмалар 350-400 минг доллар туради. Бизники эса арзон, 9,5 миллион сўм туради, дейди Акром Собиров.

Суҳбатдошнинг айтишича, бундан чиққан чиқиндини ерга солиш ёки унга 40 фоиз ем аралаштириб чорвага бериш мумкин. Бундан ташқари, бу газ яхшилаб филтрланса¸ автомобилларга ҳам қуйиш мумкин:

- Филтр биогазни 97 фоиз метанга тозалайди. Буни фақат ёз пайтида қилса бўлади. Буни автомашиналарга заправка қилса бўлади, дейди Акром Собиров.

Гумус ишлаб чиқаришга ихтисослашган мутахассис Давлат Усмонов фикрича, биогаз олингандан сўнг қолган ахлатни қишлоқ хўжалиги учун ишлатиш мумкин:

- Биогаз қурилмасидан чиққан чиқинди чувалчангга берилади. Чувалчанг эса уни янада кучли қилиб қайта ишлаб чиқариб беради. Бу биогумус бўлади. Агар бу ерга солинадиган бўлса ернинг табиий структурасини узоғи билан беш-олти йилда қайтадан тикласа бўлади. Бу табиий ҳолат, табиатнинг ўзи яратиб беради буни,- дейди Давлат Усмонов.

Мутахассислар фикрича, биогаз ишлаб чиқарувчи қурилмалар қишлоқ ҳудудларига қурилса, улардан фойда олиш имконияти кўпаяди.

Ҳозирда Ўзбекистонда биогаз ишлаб чиқаришга мўлжаллаган қанча қурилма бор ва улар қанча энергия ишлаб чиқараëтгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG