Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:06

Қирғизистонда ойликнинг 65 фоизи овқатга сарфланади


Ўртаҳол қирғизистонлик бир ойлик даромадининг 65 фоизини, қашшоқ оилалар эса 80 фоизини озиқ-овқат сотиб олишга ҳаржлашга мажбур бўлмоқда.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Қирғизистонда аҳолининг асосий қисми ўз даромадини озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга сарфлашга мажбур эканини маълум қилди. Мамлакатда озиқ-овқат нархининг қимматлиги туфайли, қирғизистонликларнинг кўпчилиги тўйиб овқатлана олмас экан.

Қирғизистонликларнинг асосий емишларидан бири бўлган нон нархи эса янада қимматлаши кутилмоқда. Расмий маълумотларда айтилиишча, жорий йилда буғдой ҳосили ўтган йилдагига нисбатан 250 минг тоннага оз бўлган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қирғизистонлик мутахасисслар мамлакат озиқ-овқат инқирози ёқасида турибди, деган фикрларни билдирмоқдалар. Бишкеклик академик Жамин Акималиевнинг айтишича, Қирғизистон озиқ-овқат хавфсизлиги ҳукумат томонидан олиб борилаётган нотўғри иқтисодий сиёсат туфайли таҳдид остида қолган.

- Биз озиқ-овқат масаласида инқироз ёқасида турибмиз. Аҳолининг 80 фоизини озиқ-овқат билан мустақил тарзда таъминлаган тақдиримиздагина, озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлаган бўламиз. Лекин бугунги кунда дон маҳсулотларининг 46 фоизини, гўштнинг 42 фоизини ,шакарнинг 90 фоизини, ёғнинг 75 фоизини, мева-чева ва сабзавотларнинг 28 фоизини чет элдан сотиб оламиз, -деди академик Жамин Акималиев.

Қирғизистонлик мутахассисларнинг билдиришларича, бугунги кунда ўрта ҳол оила даромадларининг 65 фоизи озиқ-овқатга сарфланмоқда. Ўтган йили эса бу кўрсаткич 45 фоизни ташкил қилган эди. Қашшоқ оилалар даромадининг 80 фоизи ҳам фақат озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга сарфланаяпти.

Маълумотларга кўра,шўролар даврида Қирғизистон йилига 2 миллион тонна буғдой етиштирган. 2009 йилда бу кўрсаткич 1 миллион 300 минг тоннани ташкил қилган. 2012 йилда эса таҳминан 600 минг тонна буғдой ҳосили олингани айтилаяпти. Бу эса қирғизистонликлар эҳтиёжининг 47 фоизини ташкил қилади холос.

Бироқ Бишкек расмийлари мамлакатда озиқ-овқат инқирози вазиятига йўл қўйилмаслигини билдирмоқдалар. Расмийларга кўра, ҳукумат бозорларда ун ва нон нарҳларининг туширилиши учун чораларни кўрмоқда.

- Мана шу шанба кунидан телерадио каналлари орқали аҳолини хабардор қиламиз. Бу хабарда шаҳар ва вилоят марказларидаги бозорларда ун давлат томонидан бозор баҳосидан арзон нарҳда сотилиши ҳақида гап боради. Ҳозир аниқ рақамларни айтишга ҳаққим йўқ, аммо бизда бир ой мобайнида арзон нарҳда сотиладиган ун заҳираси мавжуд, –деди Давлат заҳиралари агентлиги раҳбари ўринбосари Канибек Солтанов.

Қирғиз расмийларининг билдиришларича, айни пайтда Россиядан 100 минг тонна, Қозоғистондан эса 200 минг тонна буғдой сотиб олинади. Бироқ сотиб олинадиган бир тонна буғдой баҳоси жаҳон нарҳи даражасида, яъни камида 320 доллар атрофида бўлади.
XS
SM
MD
LG