Линклар

Ўзбекистонда, расмий маълумотларга кўра, 3,35 миллион тонна пахта териб олингани айтилмоқда. Ҳосилнинг 90 фоизи олий навли пахтадир.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг бу ҳақдаги баёноти ҳамда унинг пахтакорларга йўллаган табриги 20 октябр куни расмий матбуотда эълон қилинди.

“Пахтачилик соҳасида жорий йилда 3 миллион 350 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этиб, катта меҳнат ғалабасига эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ҳаммамизга чуқур мамнуният етказади. Бу ғалабанинг осонлик билан эмас, ўта оғир шароитда, машаққатли меҳнат ва фидойилик ҳисобидан қўлга киритилгани унинг моҳияти ва аҳамиятини, қадр-қимматини янада оширади ва барчамизни руҳлантиради”, - деб билдирди Каримов ўз табригида.

Каримов пахтакорларни эришган зафарлари билан қутлар экан, бу йил пахта ҳосилдорлиги ўртача 26,5 центнерни ташкил этиб, 5 йиллик ўртача кўрсаткичга нисбатан 1,6 центнерга ошгани, етиштирилган ҳосилнинг ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, ғоят қисқа муддатда – 35 иш кунида йиғиб-териб олингани, унинг 90 фоизи юксак сифат билан юқори сортларга топширилганини таъкидлади.

Ўтган йили Ўзбекистонда пахта ҳосили 3,5 миллион тоннанини ташкил этган эди.

Жаҳон бозорида пахта нархи ошгани туфайли Ўзбекистоннинг бу йил пахта экспортидан кўпроқ даромад кўриши кутилаяпти.

Дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчиларидан ҳисобланган Ўзбекистонда ҳар йили 3 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили олинади, 1 миллион тоннадан ортиқ тола ишлаб чиқарилади.

Пахтадан келган даромад 1 миллиард 365 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг асосий ҳаридорлари Хитой, Бангладеш, Эрон, Покистон ва Россиядир. Ғарбнинг етакчи тўқимачилик корхоналари Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилиши боис бу мамлакат пахтасига бойкот эълон қилган.

Бу йил Ўзбекистонда ҳар йилдагидан фарқли ўрта мактаблар ёпилмади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳоллари учун қаттиқ жазоло берилишини маълум қилганди.

Шу боис бу йил болалар ўрнига кўпроқ ишчи-хизматчилар пахта теришга ёппасига мажбурланди. Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари ҳукумат тақиқларига қарамай, айрим вилоятларда болалар ўқишдан кейин пахтага чиқарилгани холлари ҳам кузатилганини айтишган.

Лондондаги "Слейвери Интернейшнл" ташкилоти "Ўзбекистон пахта далаларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганишнинг ягона йўли, бу - халқаро кузатувчиларнинг мониторинг олиб боришига рухсат беришдир", деб билдирган.

Ҳозир Ўзбекистонда қишлоқ-хўжалиги соҳасида совет давридан анъана бўлиб қолган маъмурий-буйруқбозлик усули, "пахта планини бажариш" усули мерос бўлиб қолган.

"Гарчи Ўзбекистонда Совет даврида қўшиб ёзишлар Москванинг босими остида рўй бергани айтиб келинса-да, мустақил Ўзбекистоннинг раҳбарлари 1991 йилдан кейин ҳам мамлакатдаги пахта сиёсатини моҳиятан ўзгартирмаганлар", дейди кузатувчилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG