Линклар

logo-print

Ўзбек тилининг бугунги аҳволи давлат тили мақомига монандми?


Тошкент кўчаларидаги бугунги манзара.

Тошкент кўчаларидаги бугунги манзара.


Душанба¸ 22 октябр куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли¸ интерактив мулоқотимизда ана шу саволга жавоб изладик.

Бундан роппа-роса 23 йил олдин - 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳақидаги қонун қабул қилди.

Миллий уйғонишнинг илк ифодаси ўлароқ ўзбек ижодий зиëлилари ва уларга эргашган ëшлар ҳали қуламаган улкан империядан миллионлаб ўзбекнинг она тилига унга лойиқ мақом берилишини талаб қилдилар.

Бу қонун қабул қилиниши арафасида Горбачëв ҳуррияти берган эркинликдан жасоратланган¸ Болтиқбўйи республикалари ўрнагидан илҳомланган минглаб ўзбеклар ўз тилининг расмий мақомини талаб қилиб майдонларни тўлдиришар эди.



Ўзбек шоир-ëзувчиларининг тил ҳимояси учун узатган қўллари истиқболига минглаб қўллар чўзилаëтган эди.

Бундан 23 йил муқаддам Тошкентнинг бугунги Мустақиллик (ўшандаги Ленин) майдонидан тортиб Талабалар шаҳарчасидаги ëтоқхоналар олдидаги майдончаларда¸ Навоий музейи қаршисидаги боғу Ëзувчилар уюшмаси мажлислар залида ўзбек тилининг “эгилган қаддини тиклаш”¸ унга катта халқ тилига арзигулик мақом – Ўзбекистон ҳудудида давлат тили мақоми бериш масаласида эҳтирослар қайнаб-тошаëтган эди.

1989 йилнинг 21 октябр куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонуни миллат тилига миллий мақом бериш жараëнининг ҳуқуқий пойдеворини қўйди.

Ўзбекистон мустақил бўлгач¸ бу қонунга бир қатор ўзгартиш ва тузатишлар киритилди ва уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ўзбек тили мақомини янада кучайтириши иддао қилинди.

Орадан ўтган 23 йил давомида Ўзбекистондаги ўзбеклар мамлакатнинг бутун ҳудудида исталган идора¸ исталган тизимга ўз тилларида бемалол мурожаат қилиш ҳаққига молик бўлдиларми?

Давлат тили мақоми ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланиши учун асос бўлдими ëки бу қонун ҳам токчага тахланган бошқа қонунлар сирасидан жой олдими?

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва иш юритиш тили вазиятини қандай баҳолайсиз?

Сиëсий-ижтимоий ва иқтисодий эркинликлар бўлмаган¸ ҳур фикрлилик ва эркин баҳс имкони бўлмаган жамиятда “тирик организм” деб қараладиган тил ривожланиши¸ бойиб бориши мумкинми?

Барча соҳада энг малакали мутахассисларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетгани ва бу жараëннинг тўхтамаëтгани ўзбек тили келажагига қандай раҳна солади?

Ками 5 миллион ўзбекнинг иш излаб бошқа мамлакатларга кетиб¸ бу юртларда ўзи ва оиласи билан муқим яшаб қолаëтгани ўзбек тиллилар сонининг келажакда сезиларли камайишига олиб келмайдими?

Бугун Сиз ва болаларингиз учун¸ қаерда яшашингиздан қатъий назар¸ фикрлаш тили қайси тил?

Хориждаги ўзбекларнинг келажак авлодлари учун ўзбек тилини йўқотмаслик йўллари борми¸ бўлса¸ бунинг учун нималар қилиш керак?



OzodlikOnline жонли¸ интерактив мулоқотимизнинг 22 октябр¸ душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган навбатдаги сонида ана шу саволлар атрофида фикрлашамиз.






Ozodlik Online” дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг “Facebook” саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг “Facebook” ва “Twitter” даги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG