Линклар

Октябр ойи бошидан буён ҳибсда қолаётган “Ата Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиев очликни бас қилиб, овқат ея бошлади.

Бу ҳақда Ташиевнинг адвокати Икрамиддин Айтқулов маълум қилди.

- У ўз тарафдорлари, оқсоқоллар ва турли жамоатчилик ташкилотлари илтимосига кўра очликни тўхтатди. Одам ўлиб қолмаслиги учун барибир шифокорлар уни мажбуран озиқлантиришга уринишаётган эди. Бир неча кун сувсиз очлик қилгани учун у ҳозир овқатни оз-оздан еб турибди, - деди адвокат Айтқулов.

Қамчибек Ташиев ва унга партиядош бўлган парламент депутатлари Садир Жапаров ва Талант Мамитов 3 октябр куни Қумтор олтин конини давлат тасарруфига ўтказиш талаби билан Бишкекда ўтказилган намойиш чоғида оммани зўравонликка ундаганлик айби билан ҳибсга олинган эди. Қирғизистон Бош прокуратурасига кўра, мазкур айблов ортидан ҳибс қилинган депутатлар 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Дастлаб 48 соатга ҳибс қилинган мухолифатчиларнинг эҳтиёт чораси 5 октябр куни Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди томонидан икки ойга узайтирилган. Бишкек шаҳар суди 17 октябрда Биринчи май туман судининг депутатларни икки ойга ҳибс қилиш тўғрисидаги қарорини бекор этмагани муносабати билан Қамчибек Ташиев сувсиз очлик эълон қилганди. Шундан сўнг соғлиғи ёмонлашган мухолифатчи 19 октябрдан сув ича бошлаган. Ҳозирги пайтда у Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг госпиталида даволанмоқда.

“Ата Журт” лидерининг адвокати ўз мижозига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ва уни ҳибсдан озод қилиш илтимоси билан Бош прокуратурага мурожаат қилган. Аввалроқ адвокат Айтқулов мижозининг очликни тўхтатиш нияти йўқлигини таъкидлаганди.

- Ташиев бугун бошланиб, эртага тўхтатиладиган очлик эълон қилгани йўқ. У: "Охиригача тураман, ўлсам ҳам очликни тўхтатмайман", деб баёнот берди, - деганди Икрамиддин Айтқулов ўтган пайшанба куни.

Айни пайтда Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовни айбсиз деб ҳисобловчи бир гуруҳ одамлар Қирғизистоннинг турли жойларида норозилик намойишлари ўтказиб турибдилар. Улар Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевдан ата-журтчи депутатларни авф қилишни сўраганлар.

Қирғизистон парламенти депутатлари эса ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олишда айбланиб ҳибс қилинган уч депутатни авф этиш ваколати президентга ҳам берилмаганини, бу иш суд орқали қонун йўли билан ҳал этилиши лозимлигини билдирмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG