Линклар

Петербург ҳокимияти можарога алоқадорликни рад этди


Russia - photo from the handbook of labor migrants published in Saint Petersburg

Russia - photo from the handbook of labor migrants published in Saint Petersburg


Санкт-Петербург ҳокимлиги шаҳар аҳолиси толерантлигини оширишга қаратилган брошюраларда мигрантларнинг шпател, бўёқ чўткаси, супурги ва валик қиёфасида тасвирланишига алоқаси йўқлигини билдирди.


Санкт-Петербург ҳокимияти Россия блогосферасида жиддий норозиликка сабаб бўлаётган меҳнат муҳожирлари учун маълумотноманинг эълон қилинишига мутлақо алоқаси йўқлигини иддао қилиб, расмий баёнот берди.

Шаҳар маъмурияти баёнотида меҳнат муҳожирлари меҳнат қуроллари қиёфасида тасвирланган брошюра "Марказий Осиёга Дания черков ёрдами” лойиҳаси асосида тайёрлангани айтилди.

Шу йилнинг август ойида Петербург ҳокимиятининг Ташқи алоқалар қўмитаси порталидаги “Толерантлик” шаҳар лойиҳаси саҳифасида меҳнат муҳожирларига мўлжалланган “Меҳнат муҳожири маълумотномаси” номли брошюра чоп этилган эди.

Унда шаҳарга келган меҳнат муҳожирлари супурги, валик, шпател ва бўёқ чўткаси қиёфасида, уларга йўл-йўриқ кўрсатаётган шаҳарликлар эса оддий одамлар қиёфасида тасвирланган.


Миллатларо муносабатни яхшилаш лойиҳаси тескари натижа берди

Брошюра муаллифларига кўра, рус, ўзбек, тожик ва қирғиз тилларида чоп этилган “Меҳнат муҳожири маълумотномаси” аслида Петербургда яшаётган мигрантларни “одоб-аҳлоқ қоидаларига ўргатиш учун ишлаб чиқилган”ини айтмоқда.

Миллатлараро муносабатларни яхшилашга мўлжалланган бу лойиҳа тескари натижа берганидан таажубланган маълумотнома муаллифи Глеб Панфилов “Эхо Москви” радиоси эфирида китобча аввалига мигрантларга кўрсатилгани ва улар томонидан тўлиқ маъқулланганини айтди.

- Биз бу меҳнат қуроллари ёрдамида матнимизни тирилтиришга ҳаракат қилдик, лекин уларни меҳнат муҳожирларига тенглаштирганимиз йўқ. Қизиқроқ бўлсин, дедик. Вариантлар кўп эди, турли миллат мигрантларига бу вариантларни кўрсатган эдик. Уларда бу қурилиш асбоблари ҳеч қандай салбий ҳиссиётни туғдирмагани боис шуни танладик, дейди “қизиқарли” брошюра яратувчиси Глеб Панфилов.

Бу брошюранинг бировни таҳқирловчи мақсадга эга эмаслигини гапираётган Панфилов маълумотнома шу йилнинг август ойидан буён тарқатилаётгани ва аллақачон унинг 10 минг нусхаси мигрантлар қўлига етиб борганини айтди.

Брошюра ҳимоячилари Тожикистоннинг Петербургдаги “Таджиквнештруд” ваколатхонаси бу лойиҳани қўллаб-қувватлагани ва ҳатто, ўз ишчилари орасида уни тарқатганини айтмоқда.


Ҳуқуқ фаоллари меҳнат муҳожирлари таҳқирланган, деб ҳисобламоқда

Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячилари китобча пайдо бўлишидан ҳеч қанча ўтмай унга ўз салбий муносабатини билдира бошладилар.

Жумладан, ҳуқуқ ҳимоячиси Лев Пономарёв мигрантларни бу тарзда тасвирлашни таҳқирлаш, Москва Ҳелсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева эса бу расмлар инсонни ранжитувчи, деб баҳоладилар.

“Меҳнат муҳожири маълумотномаси”нинг шимолий пойтахтда тарқатилаётганига маҳаллий миллий диаспора вакиллари ҳам норозилик билдирмоқда.

Санкт Петербургдаги “Умид” Ўзбеклар жамияти президенти Алижон Ҳайдаров бу лойиҳа ташаббускорлари устидан прокуратурага мурожаат қилишларини айтди.

- Нега унда милиция ходимларини ола таёқча шаклида, тиббиёт ходимини шприц шаклида ва ҳоказо тасвирлашмади?! Бунинг ҳаммаси карикатура. Одамларни қурилиш инструменти сифатида, мелиса, ФМС ходими, дўхтирлар – одам шаклида.

Шунинг учун биз жуда ғазабландик. Тожиклар, қирғизлар билан биргаликда учрашамиз бугун эрта ва қаерга мурожаат қилишни муҳокама қиламиз – прокуратурагами ёки бошқа жойгами. Улар брошюрани ҳеч кимга кўрсатмасдан чоп этган. Ҳозир ҳамма бизга қўнғироқ қилиб “Нима учун бизларни бундай тасвирлашди?”, деб хафа бўлишяпти, дейди Озодлик Радиосига “Умид” Ўзбеклар жамияти раиси Алижон Ҳайдаров.


Можароларга сабаб брошюра билан прокуратура ҳам қизиқмоқда

Ҳозирда мигрантларга мўлжалланган бу маълумотноманинг чоп этилишига алоқадор шахслар билан Санкт-Петербург шаҳар прокуратураси ҳам қизиқаётгани хабар қилинди.

Жумладан, Озодлик Радиосининг Петербургдаги мухбири китобчани чоп этган “Келажакка нигоҳ” ташкилоти офисида текширув кетаётганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG