Линклар


Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси Туркияга борадиган ўзбекистонликлар учун янги тартиб жорий қилингани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.


Тошкентдаги Туркия элчихонаси матбуот хизмати раҳбари Исмоил Кўзан Ўзбекистон фуқароларининг Туркияга боришида ортга қайтиш билети ва 2 минг АҚШ доллари миқдорида пули бўлиши шартлиги ҳақида берилган хабарларни инкор қилар экан, бу тизимда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини айтди.

- Олдин қандай борилаётган бўлса, ҳозир ҳам шундай борилади. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Сайёҳлик мақсадда борадиган Ўзбекистон фуқаролари 30 кунгача Туркияга визасиз кириши мумкин. Борадиган пайтда ҳаражатларини қоплайдиган даражада пулга эга бўлиши керак. Бундан бошқа талаб йўқ, деди Туркия элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи Исмоил Кўзан.

Унга кўра, Туркияга кираётган ўзбекистонликлар конкрет миқдорда пулга эга бўлсин, деган талаб йўқ.

Шу йилнинг сентябр ойи охирида оммавий ахборот воситалари, жумладан, Озодлик ҳам Туркия чегарасини кесиб ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари учун янги тартиб жорий этилгани ҳақида хабар берган эди.

Тартибга мувофиқ, ўзбекистонликлар Туркияга кирар экан ортга қайтиш ёки бошқа давлатга учиш билетини, Туркияда вақтинча яшаш манзилига оид маълумотларни ва шунингдек, камида 2 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пул борлигини кўрсатиши керак экани хабар қилинган эди.

Хусусан, Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни Истанбулнинг “Отатурк” халқаро аэропорти паспорт назорати хизматининг вакили Эсра Гунел тасдиқлаган эди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати бу хабарлар тарқалганидан сўнг Туркия Ташқи ва Ички ишлар вазирликларига мурожаат қилгани, вазирликлар масъуллари эса бу маълумотларни рад этганини қўшимча қилди.

Бироқ, Туркияга тез-тез боришини айтган тошкентлик савдогар Дилбар опа Туркияга биринчи марта бораётган ўзбекистонликлар чегарани кесиб ўтаётган пайтда улардан пул ва меҳмонхона брони сўралишини айтди.

- Пулингиз қанчалигига қарашади. Тижоратга кетаётганингиз билинадику. Масалан, биз беш минг доллар билан борамиз. Кам пул билан биринчи марта борганларни текширишади. Пулсиз борадиганлар ишлаш учун келяпти, деб ўйлашади. Қонунни бузиб депортга тушганлар жуда кўп. Шунинг учун биринчи борганларни текширишса керак, дейди Дилбар опа.

Туркияга боришни режалаётган ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов Озодлик билан суҳбатда яқинда Туркияга борган ҳамкасблари чегарани кесиб ўтаётган пайтда улардан меҳмонхона бронини кўрсатиш сўралганини, аммо икки минг АҚШ доллари миқдорида нақд пул кўрсатиш талаб қилинмаганини айтди.

Ташанов Туркия аэропортида ўзбекистонликлардан пул, қайтиш чиптаси, брон қоғози талаб қилиши ортида сиёсий мақсад йўқ, деб ҳисоблашини айтди.

- Менимча, Туркия ҳукуматининг Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳуқуқларини чеклаш мақсади йўқ. Менимча, Туркия ҳукумати туркий халқларни мамлакатга жалб қилиш, ўзлари билан бирикиш, туркий тилли давлатларнинг бирлиги учун курашаётган камдан-кам туркий ҳукуматлардан бири, деб ўйлайман.

Чунки Марказий Осиё халқларини, туркий халқларни Туркияга киришида визаларнинг йўқ қилиниши ҳам олдинга ташланган катта қадамлардан бири бўлди, дейди ўзбекистонлик журналист.

Туркия расмийлари инкор қилаётганига қарамай Абдураҳмон Ташанов Туркияга кетаётган пайтда ҳар эҳтимолга қарши пул ва меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжатни ўзи билан олиб кетишини айтди.
XS
SM
MD
LG