Линклар


Президент Каримовнинг “3 миллион 350 минг тоннадан зиёд юксак хирмон” бунёд этилгани муносабати билан “Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига” йўллаган табриги эълон қилинганига эса 4 кун бўлди.

Табрик матнида “режа” сўзи ишлатилмаган бўлса-да, давлат раҳбарининг бундай чиқиши бутун мамлакат аҳолисининг ҳар йили тинчини оладиган йиғим-терим кампанияси якунига етганини билдирди.

Бироқ жойлардан олинган маълумотларга қараганда, пахта терими ҳануз авжида.

Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманидаги вазият тўғрисида шу туманда истиқомат қилувчи 53 яшар Фахриддин ака айтиб берди. Ҳашарчилар, деди у:

- Қайтгани йўқ. Ўқитувчилар ҳам ëтоқда. Қолгани далада. Тераяпти, баттар кучайяпти. Ниҳоятда кучайяпти кундан-кунга. Ўзбекистон тумани бу. План тўлди вилоятники ҳам, туманники ҳам, республиканики ҳам. Лекин қайтараëтгани йўқ. Кундан кунга кучайяпти талаб. Билмаймиз нимага бунақа бўлаяпти.

Озодлик: Далада пахта борми ўзи?

- Бор энди. Олтинчи теримми, бешинчи теримми, шунақада.

Озодлик: Ҳашарчиларнинг қачон қайтиши ҳақида гапи йўғ-а?

- Ҳали умуман гап йўқ. Айтаяпманку сезон ниҳоятда кучайяпти. Тушуниб бўлмаяпти. Ўқитувчи колхозчидан баттар бўлиб кетди ҳозир. Шунақа ҳолат. Фермердан ҳам баттар. Нуқул ўқитувчини урушаяпти, директорни, бошқани. Одам топасан, терасан деяпти, дейди Фахриддин ака.

Ўзбекистон туманида яшовчи 53 яшар Фахриддин аканинг гапларига вилоят марказида яшовчи Маъруфжон Абдураҳмоновнинг мана бу гапини илова қилмоқчимиз.

- План бажарилгани билан пахтадан қайтишгани йўқ. Битта қўшним бор. У мактабда ўқитувчилик қилади. Бошланғич синфларга дарс беради. Кеча пахтага бориб келган экан. Бугун навбати билан бошқа одам борди, мен бугун бормайман, деб ўзининг ишлари билан мактабга кетаëтган экан.

Озодлик: Бу бугунги гап-а?

- Ҳа. Эрталаб тахминан 15та кам 7да бўлаëтган гап, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Маъруфжон Абдураҳмоновга кўра, ўқув юртлари талабаларининг ҳам пахтадан қайтгани билинмаяпти.

Бироқ Навоий вилоятидаги ўқув юртлари талабалари пахтадан қайта бошлади. Ҳар ҳолда карманалик Дилбар исмли журналист шундай деди.

- Бугун коллеж ўқувчилари қайтди. Бугун ўқишга чиқди. Навоий шаҳрида ҳам қайтди.

Озодлик: Навоий шаҳрида барча коллежлар қайтдими?

- Ҳа.

Озодлик: Корхона, ташкилотлардан чиқаëтганларчи?

- Менимча, ҳаммаси тугадими дейман. Тўлдию пахта.

Озодлик: Коллеж ўқувчилари қайтгани аниқ-а?

- Аниқ. Бугундан ўқиш бошланди, дейди карманалик Дилбар исмли журналист.

Тошкент шаҳридаги коллежлар ўқувчилари ҳам пахтадан қайта бошлагани тўғрисида Озодлик радиоси 19 октябр куни хабар қилган эди.

Пойтахт ва Навоий вилоятидаги коллежлар ўқувчилари ўқишга қайтган бир пайтда Қашқадарёнинг Нишонида терим авжида.

Бу ҳақда нишонлик Абдукарим айтди.

- Тугагани йўқ. Қашқадарëнинг Нишон тумани бу.

Озодлик: Терим давом этаяптими?

- Терим бўлаяпти. Зўр бўлаяпти. Пахта кўп.

Озодлик: Ҳашарчилар, коллеж ўқувчилари қайтарилдими?

- Ҳашарчилар қайтгани йўқ.

Озодлик: Ҳашарчилар деганда кимларни назарда тутаяпсиз?

- Бу ëқда коллеж ўқувчилари йўқ. Китобдан келган маҳалланинг одамлари теришаяпти.

Озодлик: Қачон қайтаркан ҳашарчилар?

- Аниқмас энди, дейди Абдукарим ака.

Пахта терими Қашқадарёдагидай Жиззахда ҳам якунига етгани йўқ.

Боз устига, бу вилоят ҳокимлигида 22-октябр куни эрталаб ўтказилган йиғилишда терим 1-ноябргача давом эттирилажаги эълон қилинди.

Бу ҳақда жиззахлик Маъмуржон Азимов хабар қилди.

- Бугун эрталаб соат 5да вилоят ҳокими йиғилиш ўтказиб, барча ташкилот раҳбарларини йиғиб, 1-ноябргача пахта куни деб эълон қилди. Коллеж талабалари ҳам, институт талабалари ҳам ҳали қайтгани йўқ пахтадан. Пахта териш давом этаяпти, дейди Маъмуржон ака.

Вазиятнинг нақадар нозиклигини вилоят ҳокимлигидаги йиғилишнинг тонг саҳар 5 да ўтказилганидан ҳам билиш мумкин.

Ўзбекистон Президентининг 19 октябр куни эълон қилинган табрикномасида теримнинг оғир юкини ўз зиммасига олган ҳашарчилар бирон марта ҳам тилга олинмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG