Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:04

Фожеага 10 йил тўлди, қурбонлар яқинлари кўнгли тўлмади



Москвадаги Дубровка театри томошабинлари гаровга олиниши билан боғлиқ фожеа юз берганига 10 йил тўлди.


Театрни гаровгирлардан озод қилиш мақсадида ўтказилган амалиёт чоғида ҳалок бўлган 130 кишининг яқинлари фожеанинг асл тафсилотларини ҳануз сир тутиб келаётгани учун Россия ҳукуматни айблаб келмоқда.

Гаровга олинган томошабинлар орасида бўлган 14 яшар қизи Нинадан ажраб қолган Дмитрий Миловидовнинг қалб яраси ҳануз битган эмас.

Қизининг бундан 10 йил олдин 57 соат давомида чечен жанггарилари қўлида қолгани ва охир-оқибат ўта уқувсиз ўтказилган қутқарув амалиёти пайтида ҳалок бўлгани худди бир неча дақиқа олдин рўй берган воқеадай, Миловидовнинг кўз олдида.

Унинг қизи Дубровка театри томоша залига юборилган газдан ҳалок бўлган 130 томошабиннинг бири эди.

-Махсус восита аталмиш газ одамнинг нафасини қисиб қўйган. Нафас олмай қанча яшаш мумкин? Болаларимизга шунақа восита қўлланишган, дейди алам билан Миловидов.

Ўша куни – 2002 йилнинг 23 октябрида – 50 нафар атрофидаги қуролли жанггарилар Чеченистондан Россия қўшинларини олиб чиқиш талаби билан Норд Ост мюзикли намойиш қилинаётган Дубровка театрини босиб олиб, актёрлару томошабинлар – ҳаммаси бўлиб 700 дан зиёд кишини гаровга олган жойда Дмитрийнинг ўзи бўлган эмас.

Қизи Нина томошага ўзининг 12 яшар синглиси Лена билан борган эди. Жанггарилар баъзи болаларни озод қилишга розилик берганида Нина синглиси учун жангариларга ёлворган ва унинг ҳаётини сақлаб қолган эди.

-Нина эса, бино ичида қолди. Абадиятга қолди. Воқеа юзасидан қўзғатилган иш материалларига қараганда, уни касалхонага ҳам олиб боришмаган, тиббий ёрдам ҳам кўрсатишмаган. Телекамералар назаридан олиб қочиш учун автобусга тиқиб қўйишган, дейди Дмитрий Миловидов.

Яқинларининг фикрича, қурбонларнинг кўпчилиги тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида ҳалок бўлган. “Ва бунинг учун масъулият Россия ҳукумати зиммасидадир”, дейди улар.

Ҳокимият ўшанда қандай газ қўлланганини ҳануз очиқламаётгани қурбонлар яқинларининг ҳақли ғазабига сабаб бўлмоқда.

Воқеа юз берган пайтда расмийлар биронта ҳам бола ҳалок бўлмагани тўғрисида баёнот берган эди.

Бироқ фожеа тегинган оилаларнинг ҳисоб-китобича, камида 10 бола ўлган, 67 бола эса, ё отасидан, ёки онасидан ажраб қолган.

Расмийлар аввалига амалиётнинг муваффақият билан ўтказилгани, жанггариларнинг ҳаммаси ўлдирилгани, хавфсизлик кучлари орасидан эса, талафот берилмагани тўғрисида мақтангандилар.

Видотасвирларда ҳушсиз томошабинларни кўтариб автобусларга буюмдай юклашаётганлари кўриш мумкин эди.

Воқеа жойида бўлган бир нечагина доктор қандай газ қўлланилганини билмаганлари учун заҳарланган томошабинларни қандай қутқаришни билолмаганлар.

Ҳушини йўқотганларнинг аксарияти қайт қилар экан, ўзларининг қусқилари ёки тиллари бўғизларига тиқилиб ўлди, баъзилари тиқин автобусда ҳаво етишмай ҳалок бўлди.

Татьяна Карпованинг айтишича, унинг ўғли, россиялик тингловчилар назарига тушиб қолган қўшиқлар муаллифи Александр Карпов жасадлар билан тўла автобусда 7 соат ётганидан сўнггина Тез ёрдам машинасига олиб ўтилган ва жон берган.

-Ўғлим тушган аҳволни душманимгаям раво кўрмайман. У жасадлар юкланган автобусда 7 соат ётган. Биров тиббий ёрдам кўрсатмаган. Бундай воқеалар жуда кўп ва буни биз ҳеч қачон кечирмаймиз, дейди Татьяна Карпова.

Қурбон бўлганларнинг яқинлари фожеа учун бутун масъулиятни президент Путинга қўймоқда. Уларнинг фикрича, газ қўллашга айнан президент буйруқ берган.

Уларнинг аризаларини ўтган йилнинг декабрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди кўриб чиқди ва 64 даъвогарга жами бўлиб 1, 3 миллион евро товон пули тўлашни Россия ҳукумати зиммасига юклади.

Суд Кремлнинг томошабинлар ўлимига “газ сабаб бўлмаган” деган иддаосини рад этди. Кремл фикрича, томошабинлар газдан эмас, балки ўзларининг турли касалликларидан, очлик ва чанқоқдан, асаб қақшашидан, ҳаво етишмаслигидан ўлган.

Қурбонларнинг Европа судида ғалабага эришганидан руҳланган яқинлари Дубровкадаги фожеа юзасидан бошқатдан тергов ўтказишни талаб қилмоқчи.
XS
SM
MD
LG