Линклар


Россиядаги Ставропол ўлкасининг Каратюбе туманидаги беш нафар педагог ўқувчи қизларни ҳижобда дарсга қўйгани учун ҳайфсан оладиган бўлди.

Ҳижобли ўқувчиларнинг мактабга қўйилмагани шу кунларда Россия жамоатчилиги орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Айни пайтда аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган Ўзбекистонда ҳам мактаб, коллеж, лицей ва олийгоҳлар ўқувчи ҳамда талабаларининг ҳижобда ўқишга келиши тақиқланган.

Ўтган йиллар давомида ҳижоб билан дарсга келган қизларнинг ҳижоблари мажбуран ечиб олиниши ёки уларнинг ўқишдан четлатилганига оид ўнлаб воқеалар кузатилди.

Бу болаларнинг ота-оналари ўз фарзандларининг ҳуқуқлари камситилганидан норози бўлиб, кўп бор маҳаллий прокуратураларга мурожаат қилганлар. Бироқ уларнинг арзи инобатсиз қолдирилган.

Ота-оналарга кўра, Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга” дея белгиланган ҳақ-ҳуқуқлар бугунги Ўзбекистонда таъминланмаяпти.

Бироқ, расмийлар Ўзбекистон дунёвий давлат эканини эътироф этар экан, ўқувчи ва талабаларнинг диний ибодат либосларида эмас, махсус ўқув кийимлари ёки бошқаларнинг ғашига келмайдиган либосларда ўқув даргоҳига келиши шарт эканини таъкидлайди.

Хўш, ўзбек қизларининг ўқув даргоҳига ҳижобда келишини тақиқлаш қанчалик қонуний?

Ҳижобда ўқув даргоҳига келишни тақиқлаш инсоннинг эътиқод эркинлигини чеклашми ёки аксинча, бу дунёвий давлатчиликка путур етказишнинг олдини олишга уринишми?

Бугунга баҳсда ана шу саволларга жавоб изланади.

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўқитувчилик қилаётган 35 ёшли Муниса ва Тошкент Ислом университети қошидаги лицей битирувчиси 20 ёшли Абдурашид фикрича, мактабларда ҳижобнинг тақиқиланиши тўғри, чунки мактаб диний эмас, балки дунёвий даргоҳ.

Бироқ бу фикрларга, Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси битирувчиси 27 ёшли Муҳаммад Аюб ва Россияда ишлаётган 29 ёшли меҳнат муҳожири Адҳамбек қўшилмайди. Уларнинг фикрича, ҳижобнинг мактабларда тақиқланиши Конституцияда белгилаб қўйилган эътиқод эркинлигига тамомила зиддир.

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG