Линклар

Қирғизистон Бош прокуратураси Ҳаж зиёратига бормоқчи бўлганлар мамлакат ҳудудида ноқонуний эмлангани юзасидан жиноят иши очди. Аввалроқ ўшлик Пирдавсхоновлар оиласи эмлаш туфайли онаси вафот этганини иддао қилган эди.

Қирғиз расмийларига кўра, ҳаж зиёритга кетаётган ҳар бир одам Саудия Арабистони талаби билан тумов ва менингитга қарши эмланиши шарт. Саудия Арабистони чегарасидан ўтаётган зиёратчилар қўлида эмланганлари ҳақида расмий ҳужжат бўлиши лозим. Бош прокуратурага кўра, жорий йилда мамлакатдан ҳаж зиёратига отланганларни тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган тадбиркорга қарашли ширкат эмлашдан ўтказган.

-Хусусий тадбиркор тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмай туриб фойда топиш мақсадида 3 мингдан ортиқ одамни шифохоналардан ташқарида эмлаган. Ўзининг ноқонуний ҳаракатини яшириш учун у Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги айрим ходимлар билан тил бириктирган. У зиёратчиларнинг маблағи эвазига босмохонада 5 мингдан ортиқ эмланганлик тўғрисидаги гувоҳномани чоп эттирган. Бу гувоҳномалар республика иммунпрофилактика маркази томонидан муҳрланган, - деди Бош прокуратураси расмийси Жиргал Курманбеков.

Мазкур ҳолат юзасидан “товламачилик йўли билан мулкка зиён келтириш”, “ноқонуний тадбиркорлик” ва “хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” айблови билан жиноят ишлари очилган.

Қорасув туманининг Жийдалик қишлоғида яшовчи Абдулазиз Пирдавсхонов Озодлик радиосининг аввалги эшиттиришларидан бирида ота-онаси мана шу ноқонуний эмловдан сўнг оғир аҳволга тушиб қолганини айтган эди. Унинг ота -онасини Ўшдаги имом Бухорий масжидида навбатчилик қилаётган тиббиёт ходимлари эмлаган. Абдулазиз ота-онаси ўзини ёмон ҳис қила бошлаши биланоқ имом Бухорий масжидидаги шифокорларга мурожаат қилиб, вазият ҳақида гапириб берган. Аммо тиббиёт ходимлари унинг шикоятига бепарво бўлганлар:

- Шифокорлар: “Эмлангандан сўнг бир-икки кун истима чиқади, эътибор берманглар”, деб жавоб беришди. Аммо ота-онамнинг аҳволи соат сайин ёмонлашиб борди. Бизнинг чақирувимиз билан белган тез ёрдам докторлари “Нимага қарши вакцина берган? Қандай вакцина берилгани тўғрисида қоғоз борми?” деб сўрашди. Биз яна масжидга бориб, қоғоз сўрадик. Улар бизга вакцина нимага қарши қилингани ҳақида қоғоз беришмади. Шундай қилиб, онам қазо қилди, -деди Абдулазиз Пирдавсхонов.

Унинг айтишича, онаси 66 ёшли Ҳабибахон ая 27 сентябр куни, яъни эмланганидан 4 кун ўтиб вафот этган. Отаси Султонхон Пирдавсхонов эса 28 сентябрда оғир аҳволда Ўш вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетилган.

Бироқ Қирғизистон Бош прокуратураси ноқонуний эмлаш оқибатида одамлар вафот этгани тўғрисидаги маълумотларга эга эмаслигини маълум қилди. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари ҳам Абдулазизнинг иддаоларини рад этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эпидемиологик назорат бўлимии бошлиғи Зуриддин Нурматовнинг айтишича, эмлаш оқибатида Қирғизистон ҳудудида бирорта ҳам зиёратчи зарар кўрмаган.

- Аммо эмлашни амалга оширган ташкилотнинг тиббий хизмат кўрсатиш лицензияси йўқ экан. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан лицензия олиши лозим эди. Бу иш билан мен прокуратурага бораман. Балки у ерда менга қалбаки деб айтилаётган ҳужжатларни кўрсатишар, -деди Зуриддин Нурматов.

Жорий йилда Саудия Арабистонига Қирғизистондан 4.5 минг зиёратчи ҳаж қилиш учун жўнаб кетди. Улар 26 октябр куни нишонланадиган Қурбон Ҳайит байрамидан сўнг Қирғизистонга қайтадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG