Линклар

Душанба куни Россия мухолифати Мувофиқлаштирувчи Кенгашига уюштирилган танлов натижалари эълон қилинди. Мухолифат сайлов комиссияси сайтига қилинган хакерлик ҳужумига қарамасдан, юрист Алексей Навалний энг кўп овоз олди.


22 октябр куни Москва вақти билан кечки соат 20:00 да Россия мухолифати бошқарув органига сайлов тўхтатилди. Бир соатдан кейин Мувофиқлаштирувчи Кенгашга қўйилган 209 номзоддан онлайн сайланган 45 киши исми шарифи эълон қилинди.

Ташкилотчилар сайловнинг яна бир кунга узайтирилишига сайлов сайтига қилинган DDoS-ҳужум сабаб бўлганини маълум қилди. Натижада, сайловда иштирок этган 81 мингдан ортиқроқ сайловчидан 43 минги (ёки 53%) ўз овозини блоггер Алексей Навалнийга берди.

Иккинчи ўринни эгаллаган журналист ва ёзувчи Дмитрий Биковга 38 минг, учинчи ўринни олган шахматчи ва сиёсатчи Гарри Каспаровга – қарийб 34 минг овоз берилди.

45 кишилик Мувофиқлаштирувчи Кенгаш аъзолигига тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланган 30 мухолифатчи қаторида бошловчи Ксения Собчак, сиёсатчи Иля Яшин, эколог Евгения Чирикова, актёр Михаил Шац, депутат Дмитрий Гудков, сиёсатчи Борис Немцов, мухолифатчи Сергей Удалцов ва бошқалар бор.

Шунингдек, бештадан ўрин Кенгашда сўллар, либераллар ва миллатчилар ҳаракатларига топширилди. Мувофиқлаштирувчи Кенгашга сўллардан Болотная майдонидаги тартибсизликларни грузиялик спонсорлар пулига уюштирганликда айбланиб ҳозирда тергов изоляторида қолаётган Леонид Развозжаев ўтди.

Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг асосий вазифалари тўғрисида Озодликка гапирган ëзувчи ва журналист Дмитрий Биков¸ ишни таълим тизимини ислоҳ қилишдан бошлаш лозимлигини айтади:

- Менимча, асосий мақсадимиз ва асосий истиқболимиз – “Қаршилик анатомияси - 3” филмининг қаҳрамонларига айланиш. Шахсан менда иккита асосий ғоя олдиндан мавжуд эди – бу суд мустақиллиги ва маърифий тараққиёт. Бу соҳада принципиал ва новаторлик сакрашни амалга ошириш зарур, чунки эски таълим тизимини сақлаб қолишнинг зарурати йўқ. Қолаверса, мен сайловчилар фаоллигидан мамнунман, чунки битта қалдирғоч баҳорни белгиламайди, 82 минг қалдирғоч эса унга жиддий ишора қилади, дейди мухолифат етакчиси Дмитрий Биков.

Журналист Сергей Пархоменко эса мухолифат Кенгашининг асосий вазифаси Россия тақдирига бефарқ бўлмаган фуқароларни бирлаштиришдан иборат деб билишини гапиради.

- Биринчи навбатда гап Россияда ўзгаришларни талаб қилаётган, кўп ҳолларда ўзгаришлар масаласи юзасидан қарама-қарши фикрга эга одамларни сафарбар қилишда, деб биламан. Мувофиқлаштирувчи Кенгаш шундай ўзгаришлар учун таянч нуқтасига айланиши керак. Ушбу сайлов Россияда ислоҳотларни истаётган ва бу ислоҳотларни амалга ошириш учун меҳнат қилишга тайёр шахсларни юзага чиқара оладиган муҳим жараённинг бошланиши бўлиши шарт. Гап одамларнинг фуқаролик ва сиёсий фаоллигини оширувчи имкониятларнинг кенгайтирилиши тўғрисида бораяпти, дейди Озодлик Радиосига янги сайланган Кенгаш аъзоси Сергей Пархоменко.

Айни пайтда, парламент фракциялари ва “Единая Россия” партияси намояндалари мухолифатчилар ҳаракатининг марказлашувига салбий муносабат билдирмоқда.

ЛДПРнинг доимий етакчиси Владимир Жириновский мухолифатга бўлиб ўтган сайловни “бадиий ҳаваскорлик” деб атаб, унинг иштирокчиларини қамоққа ташлаш кераклигини иддао қилди.

- Уларнинг Кенгаши ҳеч қанақасига қонуний орган ҳисобланмайди, чунки ҳеч кимнинг манфаатларини ифодаламайди, дея баёнот берди Владимир Жириновский.

Кремл расмийси Дмитрий Песков “Коммерсант” газетасига берган интервюсида ҳукуматнинг мухолифат Кенгаши билан ҳамкорлик қилиши тўғрисида гапиришга эрта эканлигини айтди. “Аввалига бу сайловлар қандай ўтгани, унда кимлар иштирок этгани, ким ғалаба қозонганини англаб олиш керак”, деди Россия президенти Владимир Путин матбуот котиби.

Мухолифат бошқарув идораси бир йил давомида амал қилади. Мухолифат Кенгаши билан Россия парламентидаги партиялардан биргина Компартия ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG