Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:31

Обама ташқи сиëсат баҳсида Ромнига бўш келмади


АҚШ Президенти Барак Обама (ў) ва Республикачилар партиясидан президентликка даъвогар Митт Ромни.
АҚШ Президенти Барак Обама (ў) ва Республикачилар партиясидан президентликка даъвогар Митт Ромни.

АҚШ президентлигига номзодлар демократ Барак Обама ва республикачи даъвогар Митт Ромни ўртасида учинчи ва охирги теледебат бўлиб ўтди. Аксар кузатувчилар унда президентнинг ғолиб чиққани¸ айримлар эса¸ тортишувнинг дуранг билан тугаганини қайд этмоқда.

Флорида штатининг Бока Ратон шаҳрида душанба куни бўлиб ўтган 90 дақиқалик баҳс АҚШ ташқи сиёсати вазиятига бағишланди.

Барак Обама ва Мит Ромни Исроилни мудофаа қилиш ҳамда Эроннинг ядровий қурол яратишига йўл қўймасликка ваъда бердилар.

Баҳс давомида Обама Ромнини мамлакат қуролли кучлари бош қўмондон бўлишга тайёр эмас қилиб кўрсатишга уринди.

Ромни эса Обама маъмуриятини Американинг дунё саҳнасидаги мавқеини заифлаштирганликда айблади.

АҚШ президентлигига даъвогарлар Америка аскарлари режада белгиланганидек, 2014 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқилиши кераклигини таъкидлаб, Покистон билан муносабатлар боши берк кўчага кириб қолганини тан олди.

Барак Обама ўз чиқишида ядровий дастуридан воз кечишни рад қилган Эронга қарши жорий қилинган санкциялар кучайтирилгани Эрон иқтисодиётига таъсир этаётганини таъкидлаб, Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини ваъда қилди.

- Эрон масаласига келсак, токи мен Қўшма Штатлар президенти эканман, Эрон ядровий қуролга эга бўлмайди. Мен буни президент бўлган пайтимда аниқ ва равшан айтганман. Ўшандан бери биз энг кучли коалиция туздик ва Эрон тарихида энг кучли санкцияларни қўлладик.

Ҳозир Эрон иқтисодиёти бундан зарар кўрмоқда. Уларнинг пул бирлиги ўз қадрини 80 фоизга йўқотди. Нефт қазиб чиқариш 20 йил олдинги Ироқ уруши давридаги энг паст даражага тушди. Уларнинг иқтисодиёти таназзулга юз тутмоқда, дея баёнот берди Барак Обама.

Покистон ҳақида сўралганида, Мит Ромни муносабатлар мураккаб эканини тан олди. Бироқ Республикачилар номзоди Вашингтон ва Исломобод муносабатлари сақланиб қолиши кераклигини урғулади.

- Покистон минтақа, дунё ва биз учун жуда муҳим давлат. Чунки Покистонда юзта ядровий каллак бор. Улар кўпроқ каллаклар яратишга шошилмоқда. Яқин келажакда улар Буюк Британиядан ҳам кўп каллакларга эга бўлади. Бу мамлакатда Ҳаққоний тармоғи ва Толибон фаолият юритмоқда.

Шу боис Покистоннинг таназзулга юз тутиши Афғонистон ва биз учун ғайриоддий хавф бўлади. Шу боис биз Покистоннинг барқарор ҳукумат яратиш йўлидаги ҳаракатига ёрдам беришни давом эттирмоқчимиз, деди Мит Ромни.

Барак Обама ва Мит Ромни ўртасидаги теледебат давоми Америкага асосий таҳдид нима экани борасида икки номзод айрича фикр билдирди.

Обама Америкага асосий таҳдид терроризм эканини, Ромни эса Эрон ядровий дастури эканини таъкидлади.

Вашингтондаги Халқаро тадқиқотлар стратегик марказининг Халқаро хавфсизлик дастури директор ўринбосари Стефани Санок Озодлик билан суҳбатда Обама ва Ромни вақтнинг асосий қисмини ички эмас балки, халқаро масалаларга сарфлаганини айтди.

- Мени ҳайратга солган нарса, бу баҳс икки номзод учун АҚШ раҳбариятининг кенгроқ қарашлари ҳақида гапиришга зўр имконият эди. Баҳс давомида мен буни кўрмадим. Баҳс дуранг бўлди. Мен номзодлардан ҳеч бири аниқ ғалаба билан чиқиб кетди деб ўйламайман, деди америкалик таҳлилчи Стефани Санок.

АҚШда президентлик сайлови 6 ноябр куни ўтказилади.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш гуруҳлари ўтказаëтган сўнгги сўров натижаларига кўра, ҳозирда икки номзоднинг ҳар бирини сайловчиларнинг тахминан 47 фоизи қўллаб-қувватламоқда.
XS
SM
MD
LG