Линклар

Пахтани яхши терган... Президентга маслаҳатчи бўлади


Чорва моллари ташиладиган усти ëпиқ юк машинасида пахтазорга олиб кетилаëтган мустақил Ўзбекистоннинг ëш олимлари...

Чорва моллари ташиладиган усти ëпиқ юк машинасида пахтазорга олиб кетилаëтган мустақил Ўзбекистоннинг ëш олимлари...

Бу йил илмий-тадқиқот институтимизнинг ёш ходимлари қатори мен ҳам пахта теримига – Жиззах вилоятига бордим. Теримга ҳозир Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган ёзувчи Хайриддин Султоновнинг “Кўнгил озодадур” деган қиссасини ҳам олволдим.

Шомгача пайкалда пахта териб, амаллаб кунни кеч қиламиз. Домлаларимизнинг кундалик “ош-нон”имиз бўлиб қолган тергашлари, номига овқатланишдан кейин аламни китобдан оламан.

Ёнимда бошқа китоб бўлмагани учунми, ё ёзувчининг услуби маъқул келдими (устозларимиз “Хайриддин Султонов ўз вақтида талантли бўлган” деганича бор экан), ё асардаги дардлар яқин бўлгани учунми, икки-уч қайта ўқиб чиқдим “Кўнгил озодадур”ни.

Қисса 1986 йилда ёзилган экан. Аммо, не ажабки, унда тасвирланган воқеалар шунақа таниш, шунақа ўхшаш. Орадан салкам 30 йил ўтган бўлса-да, пахта сиёсати борасида кўп нарса ўзгаришсиз қолганига ҳайрон қоласиз. Ишонмасангиз, асардан олинган айрим парчаларга диққат қилинг.

Бугун мансабдор, у пайтлар оддий ёзувчи минглаб тошкентликлар пахта далаларига чиқарилганини образли тарзда тасвирлайди:

“Яна куз келди. Чаман-чаман очилган пахталарни қувнаб-қувнаб тергали минг-минглаб шаҳар аҳли сафарбар этилди. Жамики улов шаҳарга жўнатилди. Фақат трамвайни жўнатмоқнинг иложи бўлмади. Рўзномалар саҳифасида андоқ сўзбўронлар бошланиб, кўз очирмай қўйди; саксон яшар момонинг этак тутгани ҳам, тўқсон яшар бобонинг ҳиммат камарини белига боғлагани ҳам, беш яшар гўдакнинг ғўзага бўйи етмаса-да, умумхалқ ҳашарига отлангани ҳам, уч кунлик келинчакнинг оқ саҳарни пайкал оғушида қаршилангани ҳам... ҳеч нарса қолмади. Ҳаммамиз учун ҳурматли зотлар “ойнаи жаҳон”дан боқиб, “миллион эгатларга сочилган” умумқўшинга амр қилар эдиларки, сўнгги мисқолгача! Жон бериб, қон бериб, шараф-шон бериб бўлса-да!”

Таниш манзара, шундай эмасми? Хайриддин Султоновнинг қаҳрамони ҳам бизга ўхшаган илмий ходим. Бояқиш аспирант ҳам ҳашардан қўли бўшаганда, илм қилади. Нақ бизнинг дардимизни топиб ёзган экан ёзувчи:

“Ялпи хуруж бошланган куни мен бир ҳафта муқаддам Назарбекдан – ойлик янтоқ ўримидан қайтиб энди ишга чиққан эдим... Гарчи биз илмий-тадқиқот муассасаси деб аталмиш даргоҳда ишласак-да, чопиққа чиқамиз, ягана қиламиз, пиёз ўтаймиз, пичану янтоқ ўрамиз, патинжондан тортиб пахтагача терамиз ва мисқолини ҳам қолдирмасдан ҳукуматга тўплаб берамиз. Сўнгра ана шу ишлардан озгина фурсат орттиргудек бўлсак, илму урфон билан ҳам машғур бўламиз...”

Қисса қаҳрамони ҳам мактаб ёшидан кузни пахта даласида ўтказган:

“Энди баъзан ўйлаб, ўн икки яшар боланинг қўлидан нимаям келарди, деб шубҳага бораман. Мозийда-ку мисоллар кўп: Бобур ўн икки ёшида Андижон тахтига ўтирган, Моцарт, дейлик, симфония ёзган, лекин энг буюк даҳолар ҳам ўн икки яшарида Кўкорол чўлларида етмиш икки кун пахта теролган эмас – тарихни варақ-варақ ахтариб ҳам бу янглиғ ҳодисани ҳеч қайси солномадан тополмайсиз...”

Хайриддин Султоновни ҳаётда кўрмаганман, аммо китобини ўқиб 100 фоиз амин бўлдимки, у ҳам бизга ўхшаб пахта далаларида беармон “оқ олтин” терган. Агар шундай бўлмаганида, ҳолатни ишонарли кўрсатолмасди-да. Бўлганда ҳам энг пешқадам теримчилардан бўлгандир.

Тўғрисини айтганда, шу нарса институтимизнинг барча ходимлари қатори менга ҳам куч бағишлади: Хайриддин Султоновдек пахта теряпмиз, ажабмас, кун келиб, биз ҳам у каби биринчи раҳбарга маслаҳатчи бўлиб кетсак, деб ўзимизга тасалли бердик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG