Линклар

logo-print

Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистоннинг аксар вилоятларидаги мол бозорларида қўй нархи 30 фоизгача кўтарилди.

Қурбон Ҳайити арафасида қўй нархининг энг кўп қимматлаган ҳолати Самарқандда кузатилмоқда.

Самарқандда бугунги кунда қўйлар нархи бир ой аввалгига нисбатан 30 фоизгача қимматлаган.

- Ҳозир қўйлар 600 минг сўмга яқин. 550 минг сўм атрофида ҳам олса бўлади. Энди бу долларга тахминан 200 доллар бўлади. Булар қурбонликка сўйиладиган семиз қўйлар. Байрам олди қимматлаяпти. Авваллари 350-400 минг сўм атрофида эди, дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Анвар ака.

Водийда вилоятлар, жумладан, Андижонда ҳам қурбонлик қилишга ярайдиган семиз қўйлар нархида сезиларли кўтарилиш кузатилди.

Избоскан туманида яшовчи Абдувосит аканинг айтишича, кичик қўйларнинг нархида ўзгариш сезилмаган.

- Семизи сал қимматроқ. Лекин кичиги, озғинлари аввалгидай. Улар ошмади. Семиз қўчқорлар бироз кўтарилган. Улар 40-50 минг сўмга кўтарилди. Ҳозир қурбонликка сўйиладиган қўйларни 500-600 минг сўмга олса бўлади. Энди катта-катта бойларимиз сўядиган қўйлар бор. Улар қимматроқ. 900 минг сўм, 1 миллион сўмнинг тепасида бундай қўйлар, дейди Абдувосит ака.

Кузатувларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон бўйича энг қиммат қўйлар Тошкент шаҳрида.

Тошкентлик Абдуқаҳҳор аканинг айтишича, қўйлар нархи озгина кўтарилган, холос.

- Қурбонликка сўйиладиган қўйлар олти ойдан кичик бўлмаслиги керак. Шу олти ойлик қўйлар 800-900 минг сўм. Энди нархларда 30-50 минг сўм кўтарилиш бўлди. Энди жуда семиз қўй олмоқчи бўлсангиз, 2 миллион сўмлик қўйлар бор. 2,5 миллион сўмлик қўйлар ҳам олишаяпти, дейди Абдуқаҳҳор ака.

Қашқадарёнинг Қамаши тумани Ногоҳан қишлоғида яшовчи Носир ака кеча бозорга тушган. Унинг айтишича, қўйларнинг нархи ҳозирча барқарор сақланмоқда.

- Қўзиларни 230-250 минг сўмга олиш мумкин. Бизнинг қишлоғимизда ҳар қурбон ҳайитида тахминан 50 та қўй сўйилади. Лекин менинг имконим етмайди қурбонлик қилишга. Кеча бозорга тушгандим. Ўзимча қизиқиб сўрадим қўйлар нархини, дейди Носир ака.

Ўзбекистон бўйича энг арзон қўйлар Хоразм вилоятига тўғри келади.

Хоразмнинг Xонқа тумани Сарапаён қишлоғида яшовчи Ражаббой Қурбоновга кўра, вилоятда Ҳайит арафасида ҳам қўйларнинг нархи умуман ўзгармаган.

- Бизларда қўйларнинг нархи ўзгармади. Қурбонликка сўйиладиган қўйларни 150 мингдан 300 минг сўмгача олиш мумкин. Энди Хоразмда қўй гўшти кўп ейилмайди. Шунинг учун ҳам бизда бошқа вилоятларга нисбатан арзон бўлади. Бизда Қурбон ҳайитида сигир ёки ҳўкиз сўйиб, унинг гўштини 5 ёки 7 га бўлиш ҳам кўп, дейди Ражаббой оға.

Озодлик мухбирининг ўрганишича, мамлакат аксар ҳудудларида қўйлар нархи кўтарилаётган бир пайтда Жиззахда қўйлар арзонлашда давом этаяпти.

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида яшовчи Набижон аканинг айтишича, вилоятда қўйларнинг сифатсиз вакцина билан эмланиши натижасида ўлиш ҳолатлари кузатилганидан буён қўйлар арзонлашда давом этмоқда.

- Кеча қурбонликка қўй олиш учун бозорга тушдим. Бозорда қўй олдингига нисбатан 30 фоиз арзон. 222 минг сўмга қўй олдим. Илгари шу қўй 290-300 минг сўмга борарди. Ҳозир одамлар қўй олгани чўчиб қолаяпти. Оладиганлар ҳам ўзларининг таниш-билишларидан олаяпти. "Укол қилинган қўйни олиб қолмаймизми" деб хавфсирашаяпти. Олдин Ғаллаоролдаги тўртта мол бозорига мамлакатнинг барча вилоятларидан қўй олгани келишарди. Буёғи Чимкентдан тортиб, Фарғонаю, Қашқадарё-Сурхондарёгача барчаси Ғаллаоролдан қўй оларди. Вакцина қилгач, қўйлар ўлганидан буён бозорларимиз сийраклашиб қолган. Ҳайит арафасида ҳам бозорда сийраккина қўй бор экан, дейди Набижон ака.

Ўзбекистонда бу йилги Қурбон ҳайити 26 октябрга тўғри келаяпти. Президент Ислом Каримовнинг "Қурбон ҳайитини нишонлаш" тўғрисидаги қарорига кўра, 26 октябр дам олиш куни деб эълон қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG